Дунёнинг бор бойлик ва хазинаси билан ҳам ўқитувчиларнинг олижаноб меҳнатлари ҳақини адо этиб бўлмайди

30.09.2020, 15:30

Дунёнинг бор бойлик ва хазинаси билан ҳам ўқитувчиларнинг олижаноб меҳнатлари ҳақини адо этиб бўлмайди

Ҳар йили 1-октябрь “Ўқитувчи ва мураббийлар” куни мамлакатимизда кенг нишонланаётан паллада кўз олдимда илк навбатда қадрдон мактаб, ҳарф танитган, эзгуликдан сабоқ берган меҳрибон муаллимларим сиймоси кўз олдимда намоён бўлади. Биз учун улар ҳамиша ибрат намунаси, юксак инсоний фазилатлар тимсолидир. Улар учун аслида энг гўзал сўзлар, эзгу тилакларни ҳар қанча изҳор этсак оз. Қалбимизда ҳеч қачон узиб бўлмайдиган қарздорлик ҳисси билан устозларга бир умр таъзимдамиз. 

Сўз мулкининг султони Алишер Навоий айтганларидек, дунёнинг бор бойлик ва хазинаси билан ҳам ўқитувчиларнинг олижаноб меҳнатлари ҳақини адо этиб бўлмайди. Дарҳақиқат, мурғак болани ўз фарзандидек ардоқлаб, ёш авлод тарбияси учун кўз нури, қалб қўри, бутун борлиғини бахш этадиган ўқитувчи ва мураббийлар том маънода фидоий касб эгаларидир. 

Мамлакатимиз айни вақтда Ўзбекистон Республикасини 2017-2021 йилларда ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси асосида барча соҳаларда кенг кўламли ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Ана шу ислоҳотларнинг муваффақияти, мамлакатимизнинг дунёдаги ривожланган, замонавий давлатлар қаторидан муносиб ўрин эгаллаши, аввало, илм-фан ва таълим-тарбия соҳасининг ривожи билан, бу борада бизнинг дунё миқёсида рақобатдош бўла олишимиз билан узвий боғлиқ.

Ўтган йиллар давомида таълим тизимини такомиллаштириш, устозлар меҳнатини муносиб қадрлаш, уларга имкониятлар яратиш борасида қатор меъёрий ҳужжатлар қабул қилинди. Албатта, соҳа ривожига юксак эътибор натижаси бўлган бу ҳужжатларни ҳаётга самарали жорий қилиш, уларга бамисоли жон бахш этишда, биринчи навбатда азиз ўқитувчи ва мураббийларга, уларнинг билим ва тажрибаси, истеъдод ва маҳоратига суянилади.

Бугун мамлактимизда замон талаби ва халқимизнинг хоҳиш-иродасидан келиб чиққан ҳолда, таълим тизимида улкан ислоҳотларни амалга оширишга киришилди. Жумладан, умумий ўрта таълим соҳасида 11 йиллик тизимга ўтиш, академик лицей ва касб-ҳунар коллежларини оптималлаштириш, 5 та янги олий таълим муассасаси ва филиаллар ташкил этиш, 16 та университет ва институтда 12 та йўналиш бўйича кечки ва сиртқи бўлимлар очиш, мактабгача таълим муассасалари тармоғини кенгайтириш, нодавлат таълим хизматини кўрсатиш, педагог кадрлар ва халқ таълими ходимларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш бўйича қатор ислоҳотлар амалга оширилди. Ушбу ислоҳотларнинг моҳияти ва аҳамиятини эса албатта устоз ва мураббийлар барчамиздан теранроқ англайдилар.

Ҳурматли ўқитувчиларимизни, педагог ходимларни, мураббийларнинг меҳнатлари, фидойи хизматлари ҳамиша осмон қадар. Уларнинг машаққатли касбларида сабот, куч-қувват, баркамоллик, омад ёр бўлсин.

Хуршидахон ХАЛИЛОВА,

O’zLiDeP Андижон вилоят Кенгаши раиси.

Теглар
Муносабат
  • Кўрилди
    478
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+