Заҳматкашларим, устозларим, байрамингиз муборак бўлсин!

30.09.2020, 15:38

Заҳматкашларим, устозларим, байрамингиз муборак бўлсин!

Кейинги йилларда мамлакатимизда олий таълим тизимини ривожлантиришга устувор аҳамият берилаётгани бор гап. Масалан, янги олий ўқув юртлари билан бирга чет элдаги нуфузли университетларнинг филиаллари очилмоқда, олий таълим муассасаларига қабул квоталари оширилмоқда, кўпгина йўналишлар бўйича сиртқи бўлимлар фаолият кўрсатмоқда.

Буларнинг барчаси таълим-тарбия жараёнларининг сифати ва даражасини замон талаблари асосида тубдан яхшилаш, заҳматкаш устозлар, мазкур соҳада фаолият кўрсатаётган барча фидойи инсонлар учун муносиб меҳнат шароитларини яратиш, уларнинг қадр-қимматини юксалтиришга қаратилгани билан айниқса аҳамиятлидир.

Келинг, рақамларга мурожаат қилсак. Ўтган 2019 йил Инвестиция дастури доирасида 356 та таълим муассасасида 684 миллиард 700 миллион сўмлик, “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари бўйича эса 371 та умумтаълим мактабида 424 миллиард сўмдан зиёд қурилиш-реконструкция ва таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Давлат бюджетидаги ялпи харажатларнинг маълум фоизи айнан таълим-тарбия соҳасига йўналтирилган. Булар, албатта, ушбу тизимдаги ислоҳотларнинг кўлами ва миқёсида янада яққол аён бўлмоқда.

Амалга оширилаётган ана шундай улкан ишларнинг амалий таъсири ва натижадорлигини таъминлашда ўқитувчи ва мураббийларнинг ўрни ва роли беқиёс эканини таъкидлаш керак.

Айниқса, бутун дунёда мураккаб ва таҳликали вазият ҳукм сураётган ҳозирги вақтда ёшлар ҳаётига таҳдид солаётган хавф-хатарларнинг олдини олиш, жаҳолатга қарши маърифат билан курашишда ўқитувчиларнинг ибратли фаолияти улкан аҳамиятга эга. Албатта, бунинг учун муаллимлардан ўз устида тинимсиз ишлаш, фарзандларни янгича тафаккур, юксак инсоний туйғулар билан ошно этиш, уларда мустақил ва ижодий фикрлаш қобилиятини узлуксиз ривожлантириб бориш талаб этилмоқда.

Шу ўринда муҳим жиҳатни қайд этишни истардим. Сиёсатнинг қайноқ оламига кириб келиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати вазифасига етиб келгунимга қадар муҳтарам устозларимнинг машаққатли ва беқиёс меҳнатлари мужассам. Уларнинг талабчанлиги, берган таълим-тарбия, билим ва кўникмалари туфайли бугун олий мақом масъулиятини дилдан ҳис қилиб фаолият олиб боряпман.

Шу муносабат билан “1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар” куни билан Наманган вилоятининг Уйчи туманидаги барча таълим берган устозларимни ва юртимиздаги барча муаллимларни қутлайман. Зиё тўла қалблари ҳамиша нурафшон бўлсин. Фидойи меҳнатлари доимо эъзоз топаверсин.

Барнохон МИРЗАМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

O'zLiDeP фракцияси аъзоси.

  • Кўрилди
    678
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+