Таълимдаги улкан вазифаларнинг рўёбга чиқиши тизим жонкуярларига эътибор билан чамбарчас боғлиқ

30.09.2020, 15:42

Таълимдаги улкан вазифаларнинг рўёбга чиқиши тизим жонкуярларига эътибор билан чамбарчас боғлиқ

Мамлакатимизда сўнги йилларда барча соҳалар қатори инновацион ва креатив фикрлайдиган замонавий кадрлар тайёрлаш, ёшларни ватанпарварлик руҳида,  комил инсон қилиб тарбиялаш, шу мақсадда таълим тизимини такомиллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. 

Ривожланган давлатлар тарихига назар ташласак, уларда ҳам жамият ҳаётини ўзгартиришга қаратилган ислоҳотлар аввало таълим тизимидан бошланганини гувоҳи бўламиз. Чунки мактаб таълимни ўзгартирмасдан туриб, инсонни, жамиятни ўзгартириб бўлмайди. Таълим ва тарбиянинг асоси, пойдевори бу – мактаб. Мактабни хақиқий маънода билим даргоҳи, иқтидорли ёшлар маскани қиладиган мехридарё устозлар, фидоий ўқитувчилардир.

Сўнгги йилларда республикамизда ўқитувчиларнинг мавқейини ошириш бўйича улкан ва тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Ўқитувчининг шарафли ҳамда машаққатли меҳнати юқори даражада моддий ва маънавий қўллаб-қувватланмоқда. Бу эътибор тизимда сифатли таълим бериш самарадорлигини  сезиларли даражада оширади албатта.  Ҳеч биримизга сир эмас, бир пайтлар ўқитувчи жамиятда ўзи иши  қолиб, таълим-тарбияга вақт топмасдан бошқа ишлар билан шуғулланди, керак бўлса мажбурланди. 

Яқинда Президентимиз томонидан имзоланган Ўзбекистон Республикасининг «Таълим тўғрисида»ги Қонун ҳам устоз, мураббийлар учун муносиб меҳнат шароитини яратиш  йўлидаги эзгу ишларни янги босқичга кўтарадиган муҳим ҳужжат десак тўғри бўлади. Айниқса унда педагог ходимларнинг мақоми ва улар фаолиятининг кафолатлари аниқ белгиланганлиги эътиборга молик. 

Қонуннинг 45-моддасига биноан эндиликда педагог ходимларнинг ҳуқуқлари, шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўси давлат ҳимояси остида бўлади. Уларнинг касбий фаолиятига аралашишга, таълим олувчиларнинг билимларини тўғри ва холис баҳолашга таъсир кўрсатишга, шунингдек, ушбу педагог ходимларнинг хизмат мажбуриятларини бажаришига тўсқинлик қилишга йўл қўйилмайди.  

Қонуннинг ушбу моддасида шунингдек, ўқитувчиларнинг ҳуқуқлари ҳам алоҳида белгилаб қўйилди. Унга кўра педагог ходимлар касбий фаолиятини амалга ошириш учун зарур шарт-шароитларини талаб қилиши мумкин. Шунингдек, давлат соғлиқни сақлаш муассасаларида бепул тиббий кўрикдан ўтиш ҳуқуқига эга бўлди. Қолаверса, давлат таълим стандартлари ва талабларини, малака талабларини, ўқув режалари ва дастурларини ишлаб чиқишда ҳеч қандай монеликсиз иштирок этадилар. Умуман олганда чуқур таҳлил ва кенг муҳокамалар асосида қабул қилинган қонунда белгиланган нормалар ўқитувчиларнинг жамиятдаги ўрни ва нуфузини оширишга, мамлакатимиз таълим тизимидаги ислоҳотларни янги бсқичга олиб чиқишга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир. 

Бир сўз билан айтганда, мазкур қонун жамиятимизда ўқитувчиларни шаъни ва ҳурматини бошимизга кўтарадиган, уларни том маънода келажак бунёдкорлари, деб улуғлайдиган муҳитни яратишга хизмат қилади. Қонуннинг ижросини таъминлаш эса нафақат депутатлар ёки ижро органларининг балки барчамизнинг вазифамиздир. Зеро Президентимиз таъбири билан айтганда  “Мактаб бу ҳаёт-мамот масаласи, келажак масаласи. Уни давлат, ҳукумат ва ҳокимларнинг ўзи ҳал қилолмайди. Бу бутун жамиятнинг иши, бурчига айланиши керак”. Ҳақиқатан ҳам янгиланаётган Ўзбекистоннинг эртанги тақдири, барча соҳаларда белгиланган улкан вазифаларнинг рўёбга чиқиши, юртимизнинг жаҳон миқёсидаги нуфузи янада ошиши таълим соҳасида қилинаётган амалий ислоҳотлар билан чамбарчас боғлиқ. 

Фурсатдан фойдаланиб, қалби дарё устозларимизни, шарафли ва машаққатли касбни улуғлаб келаётган юртимиздаги барча инсонларни умумхалқ байрами – Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан чин қалбимдан табриклайман. 

Шахноза Холмахаматова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

O'zLiDeP фракцияси аъзоси

  • Кўрилди
    693
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+