Спикер ўринбосари амударёлик ёшлар билан мулоқот қилди

07.10.2020, 16:33

Спикер ўринбосари амударёлик ёшлар билан  мулоқот қилди

Ёшлар масаласи мамлакатимизда олиб борилаётган давлат сиёсатининг энг муҳим устувор йўналиши саналади. Бугунги кунда фақат юксак билимли, замонавий фикрлайдиган ёшларгина мамлакатнинг буюк келажагини таъминлаши мумкин.

Ватанимиз келажаги, халқимизнинг эртанги куни, мамлакатимизнинг жаҳон ҳамжамиятида муносиб обрў-эътиборга эга бўлиши эса ёшларнинг бугун қандай таълим-тарбия олиши, қандай инсон бўлиб ҳаётга кириб келишига боғлиқ. Зеро, буюк юнон олими Аристотел айтганидек, “Ватан тақдирини ёшлар тарбияси ҳал қилади”.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, O‘zLiDeP фракцияси раҳбари Актам Хаитов Қорақалпоғистон Республикасидаги ташрифини амударёлик ёшлар билан мулоқот қилишдан бошлади.

Учрашувда партия Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши вакиллари, туман ҳокими, халқ депутатлари туман кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзолари ҳамда “Ёшлар қаноти” фаоллари иштирок этди. 

Ўзаро мулоқотлар чоғида давлатимиз раҳбарининг БМТ Бош Ассамблеясининг етмиш бешинчи сессиясидаги нутқи чиндан ҳам тарихий воқеа бўлгани айтиб ўтилди. 

–Президентимиз БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида сўзлаган нутқида бошқа кўпгина муҳим масалалар қатори Ёшлар ҳуқуқлари бўйича халқаро конвенцияни қабул қилишга оид Ўзбекистон ташаббусига яна бир бор жаҳон ҳамжамиятининг эътиборини қаратди, – дейди Спикер ўринбосари А.Хаитов. – Негаки, униб-ўсиб келаётган ёш авлоднинг баркамол бўлиб вояга етиши, сифатли ва мукаммал таълим олишини таъминлаш ҳамиша устувор вазифа ҳисобланиб келган.

Суҳбат ва мулоқотлар давомида ёшларнинг фикр ва таклифлари тингланди. Хусусан, халқ ноиби Т.Юсупова “Темир дафтар”га киритилган аёлларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида туман аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази билан ҳамкорликда бепул ўқув курслар ташкил этиб, хотин-қизларга тикувчиликни сир-асрорларини ўргатиш таклифини билдирди.  

Спикер ўринбосари йиғилишда кўтарилган барча таклифларни қўллаб-қувватлаб, мутасаддиларга уларни ўз вақтида амалга ошириш бўйича зарур кўрсатмалар берди.

O‘zLiDeP Қорақалпоғистон Республикаси

Кенгаши матбуот хизмати

  • Кўрилди
    935
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+