Нишонда 21 та депутатлик сўрови нега жавобсиз қолди?

09.10.2020, 16:46

Нишонда 21 та депутатлик сўрови нега жавобсиз қолди?

O’zLiDeP Нишон туман Кенгаши йиғилишида партиянинг 9 ой давомида амалга оширган ишлари сарҳисоб қилинар экан, Халқ депутатлари туман Кенгаши депутатлари томонидан ижро органи мансабдор шахсларига юборилган 21 та депутатлик сўровига бирорта ҳам жавоб олинмаганлиги кескин танқид остига олинди.

Ваҳоланки, ана шу 21 та депутатлик сўрови замирида халқ дарди, ўй-ташвишлари, муаммо ва изтироблари турибди. Депутат бу масалаларни ҳал этишга бел боғладими, унинг охирига етказиши лозим. Ижро органи мансабдор шахслари депутатлик сўровида белгиланган 10 кун муддатда жавоб бермадими, такрорий депутатлик сўрови ва ундаям жавоб бўлмаса масала судга мурожаат орқали ҳал этилиши керак. Аммо депутат мансабдор шахслар устидан судга шикоят қила оладими? Айтмоқчимизки, мурожаат қилишга ўзида куч топа оладими? Бинобарин, бу ишни қилишга унинг ваколати йўл беради. Аммо депутатларнинг ўз ваколати доирасида фаолият олиб боришга журъати етмаслиги туфайли муаммолар жойида қолиб кетаяпти.

Нишонлик маҳаллий Кенгаш депутатлари томонидан 21 та депутатлик сўровининг жавобсиз қолиши халқ ноибларининг сайловчилар олдидаги обру эътиборини пасайтириб юбориши тайин. Буни депутатларнинг ўзлари ҳам яхши англашади. Бу ҳақда O’zLiDeP Нишон тумани Кенгаши аппарат раҳбари Собир Боймуродов фикр билдирар экан, 27-Қирққулоч сайлов округидан Я. Муҳаммадиев, 25-Чўлқувар сайлов округидан О. Ражабов ва 14-Соҳибкор сайлов округидан М. Шералиев каби депутатлар фаолияти бугунги кун талабига жавоб бермаслигини, агар улар иш услубида ўзгариш ясашмаса, бу масала туман Кенгашида кўриб чиқилиши ҳақида айтиб ўтди.

Шунингдек, йиғилишда партиянинг туман Кенгаши аъзолари ва депутатлари йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш ва келгусида амалга ошириши мўлжалланган вазифалари белгилаб олинди. Кўриб чиқилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.   

O’zLiDeP Қашқадарё вилоят Кенгаши

матбуот хизмати

  • Кўрилди
    1379
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+