Спикер ўринбосари Хоразмдаги учрашувларида аёллар ва ёшлар бандлигини таъминлаш масаласига эътибор қаратди

09.10.2020, 19:51

Спикер ўринбосари Хоразмдаги учрашувларида аёллар ва ёшлар бандлигини таъминлаш масаласига эътибор қаратди

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, O‘zLiDeP фракцияси раҳбари Актам Хаитовнинг Хоразм вилоятига ташрифи доирасида Урганч шаҳридаги “Феруз-Хоразм” МЧЖ фаолияти билан яқиндан танишилди. Асосан махсус ишчи кийимлари, халқ истеъмоли моллари, трикотаж кийимлари ва давлат буюртмаси асосида маҳсулотлар тайёрлашга ихтисослашган корхонада 100 нафар хотин-қизларнинг бандлиги таъминланган. Уларнинг 50 фоизини ёшлар ташкил қилади. Улар томонидан тайёрланаётган маҳсулотлар ички бозорда харидорларига эга.

Спикер ўринбосари корхона ишчилари билан суҳбатлашаркан, давлатимиз раҳбари раислигида бўлиб ўтган  жамиятда аёллар ва ёшларнинг ролини ошириш ҳамда бандлигини таъминлаш чора-тадбирлари муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилишида ўртага ташланган ҳар икки йўналишни ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларга алоҳида тўхталди.

- Давлатимиз раҳбари 4 та сектор раҳбарларига аёлллар ва ёшлар бандлигини таъминлаш, уйма-уй юриш, уларнинг муаммоларини ҳал қилиш бўйича алоҳида вазифаларни белгилаб берди, - деди Актам Хаитов. - Бу борада парламент ҳам ўзининг жамоатчилик назорати орқали белгиланган вазифаларни тўлиқ бажаришга ўзининг ҳиссасини қўшиши лозим. Қонунчилик палатаси депутатлари ҳам жойларда юрган ҳолда муаммоларни ҳал қилишга, корхоналар фаолиятини қўллаб-қувватлашга, уларга ажратилаётган маблағларни ўз вақтида берилишига кўмаклашади.

Тўғри, жойларда депутатларимиз маҳаллама-маҳалла юриб, у ерда ёшлар ва аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, белгиланган кредитларни ажратиш, фаолиятларини бошлашга кўмаклашиш, касбга ўргатиш масалаларини имкон қадар ўрганмоқдалар. Бу, ўрганишлар, албатта, қоғозда қолиб кетмаслиги керак. Мана шундай тадбиркорлик субъектлари билан яқин ҳамкорликда ишлаш зарур. Бугун гувоҳи бўлиб турибмиз, мактабни тугатган ёш қизларимиз уста-шогирд анъанаси асосида тажрибали тикувчиларга бириктирилиб, улар орқали малакали мутахассисга айланишлари учун шароитлар яратилган.

Спикер ўринбосари фикрларини корхонанинг иш юритувчиси Дилбар Бабажонова давом эттирди:

- Жорий йилнинг охиригача корхонамизда 5 миллиард сўмлик халқ исътемол молларини ишлаб чиқаришни режалаштирганмиз. Ишчиларимизнинг карантин қоидаларига риоя қилган ҳолда йил бошидан доимий иш билан таъминлаб келмоқдамиз. Шунингдек, келгусида янги 50 та ишчи ўрни очиб, Президентимиз таъкидлаганидек, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” га киритилган хотин-қизларимизни иш билан таъминлаш ниятидамиз.

Пандемия даврида  “Феруз-Хоразм” МЧЖ қошидаги бошланғич партия ташкилоти жамоаси корхона раҳбари Клара Джумамуратова бошчилигида карантин даврида Урганч Давлат университети жамоаси вакилларига, Шошилинч тез тиббий ёрдам Урганч шаҳар касалхонасига, шунингдек, вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази, вилоят эндокринология диспансерига бепул тиббий ниқоблар етказилиб берилишида фаоллик кўрсатганликларини мамнуният билан қайд этиш лозим.

- 12 йилдан буён шу корхонада фаолият олиб бораман. Кўп йиллик тажрибаларимни ёш қизларимизга уста-шогирд анъаналари асосида тикувчилик сирларини ўргатиб келмоқдаман. Белгиланган режани вақтида бажариш учун сидқидилдан меҳнат қиламиз, шу меҳнатим орқали юртимиз ривожланишига озгина бўлса ҳам ҳисса қўшаётганимдан фахрланаман, - дейди корхона тикувчиси Рохатой Рўзибаева.

Қувонарлиси корхона қошида 100 ўринга мўлжалланган мактабгача таълим муассасасини қуриш бўйича ҳам ишлар бошлаб юборилган. Ушбу таълим маскани 2021 йилда корхона ишчиларининг фарзандларини ўз бағрига олади.         

 O'zLiDeP Хоразм вилоят Кенгаши

матбуот хизмати

  • Кўрилди
    923
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+