Амалий-семинардан сўнг “Ихлос текстил саноат”, “Мустанг текстил”. “Келажак сифат текстил” корхоналари ва “Короскон дурдонаси” фермер хўжалиги инновацион ғоя эгалари билан келишувга эришди

19.01.2018, 16:16

Амалий-семинардан сўнг “Ихлос текстил саноат”, “Мустанг текстил”. “Келажак сифат текстил” корхоналари ва “Короскон дурдонаси” фермер хўжалиги инновацион ғоя эгалари билан келишувга эришди

O‘zLiDeP Наманган вилоят Кенгаши ташаббуси билан бизнес тузилмалар ва фермерлар билан ишлаш бўлими томонидан Наманган муҳандислик-технология институти ва Наманган вилоят ҳудудий инновация фаолияти ва технологиялар трансфер маркази ҳамкорлигида инновацион ғоялар, технология ва лойиҳаларни вилоятдаги ишлаб чиқариш корхоналари, фермер хўжаликлари ҳамда бошқа соҳаларда амалиётга кенг тадбиқ этишга кўмаклашиш мақсадида “Ишлаб чиқариш самарадорлигини оширишда инновацион технологияларнинг ўрни” мавзусида амалий-семинар ташкил этилди.

Юртбошимизнинг “Инновация – бу келажак дегани. Биз буюк келажагимизни барпо этишни бугундан бошлайдиган бўлсак, уни айнан инновацион ғоялар, инновацион ёндашув асосида бошлашимиз керак”, деган фикрлари барча соҳада инновацион ёндашувни талаб этмоқда. Инчунун тадбиркорлик фаолиятини инновацион ғоялар, яъни замонавий ёндашувлар ва илғор технологияларсиз тасаввур этиш, ривожлантириш қийин. Тадбиркор инновацион  ғоялар, илғор технологияларни ўз фаолиятида қўллаш орқали рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқаради, энг муҳими, янги иш ўринлари яратиб, нафақат ўзини ва оиласини боқади, балки бутун жамиятга наф келтиради.

– Амалий-семинарда илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграцияси доирасида фаолият юритаётган тадқиқотчиларнинг изланишларини амалиётга тадбиқ этишни мақсад қилиб олдик, – дейди Наманган вилоят ҳудудий инновация фаолияти ва технологиялар трансфер маркази директори, профессор Рустам Мурадов.  – Инновацион технологияларни кенг жалб этиш тадбиркорлик фаолиятини янада ривожлантиришга хизмат қилади ва шу билан бирга ўз иннавацион лойиҳаларига эга олимларни янгидан-янги лойиҳаларни яратишга ундайди.  

Семинарда инновацион технологиялар лойиҳаси тақдимоти ҳам бўлиб ўтди. Тикув-трикотаж маҳсулотлари дизайни, иссиқхона ва инкубаторларни автоматик бошқариш, муқобил энергиядан фойдаланиш ва толали чиқиндиларни қайта ишлаш борасидаги инновацион лойиҳалар тадбиркорлар томонидан қўллаб-қувватланди.

– Мазкур амалий-семинарда тикувчилик корхоналарида маҳсулотларни моделлаштириш ва бичиш жараёнларини компьютер технологиялардан фойдаланган ҳолда амалга ошириш орқали ҳомашё сарфини камайтириш ва маҳсулот сифатини оширишга қаратилган лойиҳа менда катта қизиқиш уйғотди, – дейди “Ихлос текстил саноат” МЧЖ директори Хорунхон Аҳмаджанов. – Бизнинг корхонамизда асосан эркаклар устки кийимлари ишлаб чиқарилади. Айнан мана шу лойиҳани корхонамизда амалиётга жорий этиш орқали биринчи навбатда хомашё сарфи камаяди, замонавий моделдаги маҳсулотлар тури кўпайиб, рақобатбардош ва экспортбоп маҳсулот ишлаб чиқариш имкониятларимиз янада ошади.  

Тадбир якунида “Ихлос текстил саноат”, “Мустанг текстил” ва “Келажак сифат текстил” корхоналари томонидан маҳсулотлар дизайини бўйича, “Короскон дурдонаси” фермер хўжалиги эса ақлли иссиқхоналарни ташкил этиш йўналишида лойиҳа муаллифлари билан ҳамкорликда иш олиб бориш ва лойиҳаларни амалиётга тадбиқ этиш юзасидан келишувга эришилди.

Яна бир эътиборли жиҳати шундаки, амалий семинарга тайёргарлик жараёнида НамМТИ олимлари томонидан яратилган тадбиркорлик фаолияти ривожи учун долзарб бўлган 35 та инновацион лойиҳа ва ишланмаларнинг каталоги ишлаб чиқилди. Мазкур каталогга киритилган лойиҳаларни ижтимоий тармоқлар орқали кенг тарғиб қилган ҳолда, уларни амалиётга жорий этиш юзасидан ҳам зарур чора-тадбирлар белгилаб олинди.   

Иброҳим САТТАРОВ,

O‘zLiDeP Наманган вилоят

Кенгаши бўлим мудири

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!

  • Кўрилди
    1475
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+