Тараққиётга эришиш учун рақамли билим ва замонавий ахборот технологияларини эгаллаш керак

12.10.2020, 17:04

Тараққиётга эришиш учун рақамли билим ва замонавий ахборот технологияларини эгаллаш керак

“Рақамли иқтисодиётга ўтмасак, орқада қолиб кетяпмиз. Иқтисодиётнинг барча соҳаларини рақамли технологиялар асосида янгилашни назарда тутадиган Рақамли иқтисодиёт миллий концепциясини ишлаб чиқишимиз керак. Шу асосда «Рақамли Ўзбекистон – 2030» дастурини ҳаётга татбиқ этишимиз зарур”, дея таъкидлаган эди Президентимиз Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида.

Ҳақиқатдан ҳам, тараққиётга эришиш учун рақамли билимлар ва замонавий ахборот технологияларини эгаллаш ҳар қачонгидан муҳим. Зеро, бугун дунёда барча соҳаларга ахборот технологиялари чуқур кириб бормоқда. Тўғри, рақамли иқтисодиётни шакллантириш кўп маблағ ва меҳнат ресурсларини талаб этади, лекин бу ишга бугун киришмасак, эртага кеч бўлиши мумкин.  

Инчунун, рақамли технологиялар нафақат маҳсулот ва хизматлар сифатини оширади, шу билан бирга, ортиқча харажатларни ҳам камайтиради. Демак, давлат ва жамият бошқаруви, ижтимоий соҳада ҳам рақамли технологияларни кенг жорий этиш орқали натижадорликни ошириш ва одамлар турмушини кескин яхшилаш лозим.

Партиямиз сайловолди дастурида «Рақамли Ўзбекистон 2030» дастурини жорий этиш, «катта маълумотлар» (“Big data”), «блокчейн», «ақлли», «хавфсиз» шаҳар, «интернет буюмлар» технологияларини кенг жорий қилиш, телекоммуникация инфратузилмасини янада ривожлантириш устувор вазифа сифатида белгиланган. Бизнинг асосий мақсадимиз мамлакат ЯИМнинг 30 фоизга ўсиши ҳамда юртимизнинг «рақамли иқтисодиётга тайёрлик» ва «АКТ ривожланиши» халқаро индекслари бўйича илғор давлатлар қаторига киришини таъминлашдан иборат.   

Бинобарин, рақамли иқтисодиётга ўтиш энг устувор мақсадимиз бўлиши баробарида бевосита илм-маърифатни ривожлантириш билан чамбарчас боғлиқдир. Шу сабабли бугунги тезкор замонда рақамли иқтисодиёт илғор давлатлар иқтисодиётининг барча тармоқларида кенг жорий этилмоқда.

Президентимиз томонидан имзоланган “Ахборот технологиялари соҳасида таълим тизимини янада такомиллаштириш, илмий тадқиқотларни ривожлантириш ва уларни IT-индустрия билан интеграция қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор ахборот технологияларининг ўқитилишини сифат жиҳатдан янги босқичга кўтаради, десак муболаға бўлмайди.

Унга мувофиқ, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта таълим вазирлигининг республика туман ва (шаҳар)ларида мавжуд умумтаълим мактаблари негизида информатика ва ахборот технологияларини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган  мактаблар босқичма-босқич ташкил этилади.

Тегишли вазирликлар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда 2020-2022 ўқув йилидан бошлаб ихтисослаштирилган ва бошқа умумтаълим мактабларида «Информатика ва ахборот технологиялари» фанининг «Бир миллион дастурчи» лойиҳасига оид ўқув дастурлари билан босқичма-босқич интеграция қилинишини таъминлайди.  

2021/2022 ўқув йилидан ушбу йўналишларда кадрлар тайёрлаётган барча ОТМ мактабларнинг битирувчи синф ўқувчилари ўртасида «Информатика ва ахборот технологиялари» фани бўйича кўп босқичли (туман (шаҳар) – вилоят – олий таълим муассасаси) ўз олимпиадасини ўтказади. Танловда 1-3-ўринларни эгаллаган ўқувчилар биринчи ўқув йили учун тўлов ОТМнинг маблағлари ҳисобидан амалга оширилган ҳолда имтиҳонсиз ўқишга қабул қилинади.

Давлатимиз раҳбарининг ушбу қарорига асосан 2021 йил 1 январга қадар “Ўзбекистоннинг IT-истеъдодлари” портали ишга туширилади ва унда дастурлаш соҳасида ўтказиладиган олимпиадалар, танловлар ва акциялар тўғрисида маълумотлар жойлаштириб борилади.

Хулоса шуки, юртимизда бу йўналишда кўрилаётган чора-тадбирлар давлат органлари ва тармоқ ташкилотларини малакали IT-мутахассислар билан таъминлаш, меҳнат бозорининг шундай мутахассисларга бўлган талабини қондиришга қаратилган. Президентимиз барчамизни айнан шу соҳадаги билимларни мустаҳкамлаш ва жамиятимиз ҳаётига татбиқ этишга ундаётган экан, фаолиятимиз давомида инновацион ишланмаларни чуқур ўрганишимиз зарур, деб ҳисоблайман. 

Актам  ҲАИТОВ,

Олий  Мажлис  Қонунчилик палатаси

Спикери ўринбосари,

O'zLiDeP фракцияси раҳбари 

  • Кўрилди
    608
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+