Тадбиркорликка ўқитишнинг ягона тизими ишга туширилади

14.10.2020, 18:09

Тадбиркорликка ўқитишнинг ягона тизими ишга туширилади

Кейинги йиллар мамлакатимиз ҳаётида тадбиркорлик соҳасида туб бурилишлар даври бўлди. Хусусан, аҳолининг кенг қатламини тадбиркорликка жалб қилиш ва уларнинг даромад манбаларини кенгайтиришга қаратилган “Ҳар бир оила – тадбиркор”, “Ёшлар келажагимиз” ва бошқа ижтимоий дастурлар доирасида жами 13 триллион сўмдан зиёд имтиёзли кредитлар ажратилиб, 600 мингдан зиёд оилаларни қамраб олишга эришилди. Йўналишдаги ишларнинг қонуний асослари яратилаётгани эса тараққиётга хизмат қилмоқда.

Президентимиз томонидан жорий йилнинг 14 октябрь куни қабул қилинган “Аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш тизимини такомиллаштириш ва тадбиркорликни ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш тизимини такомиллаштириш, камбағалликни қисқартириш ва тадбиркорликни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотларни изчил давом эттиришни ўзида ифода этди.

Фаолиятимиз доирасидаги учрашувларда ҳам айни йўналишдаги масалаларга эътибор қаратяпмиз. Чунки сайловолди дастурларимизда ҳам партиямиз мақсад ва вазифаларидан келиб чиққан ҳолда сайловчиларимизнинг тадбиркорлик йўналишида муайян натижаларга эришишлари, қўшимча даромад топишлари, мамлакат иқтисодиётига муносиб ҳисса қўшишлари учун кўмаклашишни белгилаган эдик. Шунинг учун ҳам ҳудудларда аҳолининг тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши, унинг турмуш тарзини яхшилаш ва иш билан бандлигини оширишга имкон қадар ҳаракат қиляпмиз. Албатта, бу борада орттирилган тажриба ҳамда халқаро амалиёт комплекс ва ўзаро бир-бирини тўлдирувчи кредит олиш имкониятидан иборат бўлган яхлит тизимни шакллантириш лозимлигини вақтнинг ўзи тақозо этмоқда. Бунинг учун биринчи галда биз аҳолининг тадбиркорлик билан шуғулланишга қизиқиши ва манфаатдорлигини ошириш, бу соҳада зарурий кўникмаларни шакллантиришга қаратилган ўқитиш тизимини жорий этиш, мазкур жараёнга халқаро ташкилотлар, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва нодавлат таълим ташкилотларини кенг жалб қилиш хусусида изчил режа ишлаб чиқишимиз зарурлигини кўряпмиз.

Демак, эндиликда олдимизда турган долзарб вазифалардан яна бири ёшлар ва аёлларнинг тадбиркорлик йўналишидаги қизиқишларини қўллаб-қувватлашга хизмат қилувчи нодавлат ташкилотлар, нодавлат таълим муассасалари сафиини кенгайтиришга кўмаклашишдан иборатдир. Уларда аҳолига ўзининг турмушини яхшилаш, касб-ҳунар ва бизнес билан шуғулланиш орқали даромад топиш ҳамда уларга бундай фаолиятни йўлга қўйишнинг амалий жиҳатларини ўргатишга қаратилган мотивацион тренинг машғулотлари ўтказиш йўлга қўйилиши мақсадга мувофиқдир.

Қарорда белгиланганидек, 2022 йил 1 январдан хорижий экспертларни жалб қилган ҳолда халқаро стандартлар, шу жумладан, Халқаро меҳнат ташкилоти ва бошқа халқаро ташкилотларнинг тадбиркорликка ўқитиш дастурлари ва тизими асосида Тадбиркорликка ўқитишнинг ягона тизими ишга туширилади.

Мавлуда ИБРАГИМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатаси депутати,

O'zLiDeP фракцияси аъзоси.

  • Кўрилди
    806
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+