Қонун лойиҳасида қандай муҳим ўзгартишлар киритилмоқда?

15.10.2020, 17:12

Қонун лойиҳасида қандай муҳим ўзгартишлар киритилмоқда?

Кейинги йилларда депутатлар фаолиятига алоҳида эътибор берилаётганини кундалик ҳаётимизда кўриб турибмиз. Айниқса, уларнинг ваколатлари юзасидан қонуний асосларнинг яратилаётгани зиммаларидаги масъулиятни янада кучайтиришга хизмат қилмоқда. Хусусан, “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ҳам айни мақсадларни ўзида ифода этганини таъкидлаш керак. Мазкур меъёрий ҳужжат Олий Мажлис палаталари томонидан Сенатнинг назорат фаолиятини такомиллаштириш ва маҳаллий Кенгаш депутатларининг дахлсизлик кафолатларини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилди. Ушбу Қонун лойиҳаси билан 5 та қонун ва 1 та кодексга ўзгартишлар киритиш назарда тутилган. Улар  “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги, “Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши депутатининг мақоми тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Регламенти тўғрисида”ги, “Парламент назорати тўғрисида”ги қонунлар ва Бюджет кодексидир.

 Хўш, мазкур ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқишга зарурат нима учун туғилди? Аввало,  қонунчиликда маҳаллий Кенгашларнинг Конституция ва қонунларга, Президент ҳужжатларига зид қарорларини Олий Мажлис томонидан бекор қилиниши белгилангану, бироқ, бу жараённинг аниқ механизмлари назарда тутилмаган эди. Шунингдек, хорижий давлатларда Ўзбекистон Республикасининг 35 та элчихонаси, 3 та доимий ваколатхонаси, 16 та бош консуллиги, 1 та консуллиги мавжуд бўлиб, уларнинг зиммасига қатор вазифалар, шу жумладан хорижий инвестицияларни жалб этиш вазифаси юклатилгану, аммо ушбу дипломатик ва бошқа вакилларнинг бу борада амалга оширган ишлари бўйича ҳисоботларини эшитиш амалиёти йўлга қўйилмаганди. Шу кунгача Ўзбекистон Республикаси Конституциясига кўра Давлат бюджетининг ижросини назорат этиш Олий Мажлис палаталарининг биргаликдаги ваколати бўлса-да, қонунларда фақат Қонунчилик палатасининг бу борадаги ваколатлари белгиланиб, Сенат томонидан парламент назоратини амалга ошириш механизмлари назарда тутилмаганди. Айни сабаблар янги юқоридаги қонун лойиҳасини ишлаб чиқишни тақозо этди.

Мазкур лойиҳанинг тасдиқланиши билан келгусида юқорида қайд этилган муаммолар бартараф этилибгина қолмай, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари ҳамда давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг маълумотлари асосида Сенат томонидан маҳаллий Кенгашларнинг Конституция ва қонунларга, Президент ҳужжатларига зид келадиган қарорларини бекор қилиш механизмлари яратилади. Ҳудудий манфаатлардан келиб чиқиб, Сенат томонидан Давлат бюджетининг ижроси устидан парламент назоратини амалга ошириш тартиби ўрнатилади.

Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши маҳаллий Кенгашлар томонидан қабул қилинадиган қарорларнинг қонунийлигини таъминлашга, Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхоналари фаолияти самарадорлигини оширишга, давлат бюджети маблағларининг самарали ва мақсадли сарфланиши устидан таъсирчан ва тўлиқ парламент назоратини амалга ошириш учун шароитлар яратилишига хизмат қилади.

Жавлонбек ЭРГАШЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

  • Кўрилди
    534
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+