Иқтисодий тараққиётни тадбиркорларнинг фаолиятисиз тасаввур этиш қийин — Б.Тўразода

15.10.2020, 17:13

Иқтисодий тараққиётни тадбиркорларнинг фаолиятисиз тасаввур этиш қийин — Б.Тўразода

Роберт Кийосакининг шундай гапи бор: «агар сизда бизнесингизни бошлашга иштиёқ бўлсаю, лекин етарли сармоянгиз бўлмаса, ишни бугуноқ бошлаш керак. Лекин бу ҳозирги юмушингизни ташлаб, мен бугундан тадбиркорман дегани эмас...».

Мақола аввалида Роберт Кийосакининг бизнесни бошлаш ҳақидаги бу фикрларига тўхталганимиз бежиз эмас. Сабаби ҳаётнинг кўплаб жабҳаларида омадга аниқ мақсад сари интилиш ва ҳар қандай тўсиққа қарамай, олға қадам ташлаш орқали эришилади. Бизнесда ҳам худди шундай. Фақат тадбиркор ушбу хислатларига қўшимча равишда ўта эҳтиёткорликни ҳам касб қилиши лозим. Айниқса, бу бизнесни бошловчиларга тааллуқли.

Хўш, нега бу айнан эндигина бизнесни бошлаётган ёшларга тегишли. Чунки уларда янги ғоя, истак ва режа бору, етарли тажриба ва зарур сармоя етишмайди. Бундай пайтда сиз бизнесни бошлашда ҳеч ҳам иккиланмаслигингиз керак. Баъзан таваккал қилиб иш юритиш ҳам фойда беради. Боиси бугун мамлакатимизда тадбиркор бўламан, деган ёшлар ва хотин-қизлар учун барча эшиклар очиқ.

Охирги йилларда ушбу икки йўналиш бўйлаб Ўзбекистонда давлат сиёсатини маҳалла даражасигача юритадиган вертикал тизим яратилди. Ёшлар масалалари бўйича ҳар бир туманда алоҳида ҳоким ўринбосари, унинг 3 нафаргача мутахассиси, Ёшлар ишлари агентлиги бўлимининг 3 нафар ходими, вилоятда ҳам ҳоким ўринбосари, унинг 4 нафар мутахассиси, Ёшлар ишлари агентлиги бошқармасининг 11 нафар ходими ажратилди.

Хотин-қизлар масалалари бўйича ҳар бир маҳаллада алоҳида раис ўринбосари, туманда – маҳалла ва оила бўлими бошлиғи ўринбосари ва 2 нафар мутахассиси, вилоятда эса 8 нафаргача штат бирлиги берилди. Умуман, ишсиз ёшлар ва хотин-қизларни касб-ҳунарга ўргатиш, тадбиркорлик фаолиятини бошлашларига кўмаклашиш борасида салмоқли ишлар қилинди.

Давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган «Аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш тизимини такомиллаштириш ва тадбиркорликни ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарор ҳам худди шу мақсадга қаратилгани билан диққатга сазовордир.

Қарорнинг аҳамиятли томони шундаки, унга кўра 2020 йил 15 ноябрдан ёшлар ва хотин-қизларни касб-ҳунар ва тадбиркорлик кўникмаларига ўқитишни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг тартиблари жорий этилмоқда.

Эндиликда Тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги ва Бизнес ва тадбиркорлик олий мактаби томонидан ташкил этилган ўқув курсларини муваффақиятли тамомлаб, сертификат олган шахсларга ўз бизнесини ташкил этиш учун микрокредит ажратилади. Шу билан бирга, «Микрокредитбанк» АТБ томонидан махсус сертификат олган ёшлар ва хотин-қизларга ўз бизнесини ташкил этиш учун 33 миллион сўмгача бўлган миқдордаги микрокредитлар таъминотсиз ажратилади.

Бу ҳали ҳаммаси эмас. Ушбу ҳужжат билан Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси томонидан ёшлар ва хотин-қизларни касб-ҳунар ҳамда тадбиркорлик кўникмаларига ўқитиш орқали тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш мақсадларига 100 миллион АҚШ доллари эквивалентида маблағ ажратилмоқда. Яратилаётган шароитлар, катта-катта имкониятлар эса ҳозирги оғир вазиятда ҳар бир ўзбек аёли, ёшлари учун қувончли экани аниқ.

Қарорнинг яна бир муҳим жиҳати – Тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги аҳолини тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш, уларни ўқитиш, микрокредит ажратиш бўйича ишларни мувофиқлаштирувчи ваколатли давлат органи этиб белгиланди. Бундан буён Агентлик Бизнес ва тадбиркорлик олий мактаби ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан биргаликда аҳоли ва тадбиркорларни тадбиркорликка ўқитиш бўйича ишларни ташкил этади.

Мухтасар айтганда, ушбу қарор билан аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш тизимини такомиллаштириш, камбағалликни қисқартириш ва тадбиркорликни ривожлантириш бўйича қатор имтиёзлар берилмоқда. Бу ўз навбатида, тадбиркорлик кўникмаси ва тажрибасига эга бўлган аҳолини фаолиятини кенгайтириш ва ривожлантиришга хизмат қилади. Зеро, бугунги кунда иқтисодий тараққиётни тадбиркорларнинг фаолиятисиз тасаввур этиб бўлмайди.

Ботирбек ТЎРАЗОДА,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатаси депутати,

O'zLiDeP фракцияси аъзоси

  • Кўрилди
    665
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+