O‘zLiDeP “Аёллар қаноти” хотин-қизлар бандлигини таъминлаш ва касбга ўқитишга эътибор қаратмоқда

16.10.2020, 17:09

O‘zLiDeP “Аёллар қаноти” хотин-қизлар бандлигини таъминлаш ва касбга ўқитишга эътибор қаратмоқда

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси “Аёллар қаноти” ва Тошкент вилояти Кенгаши томонидан Ангрен шаҳар ҳокимлиги кичик мажлислар залида “Аёллар ўртасида камбағалликни қисқартириш, улар ўртасида тадбиркорликни ривожлантиришда “Аёллар қаноти” нинг  олдида турган устувор вазифалар” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Унда Олий  Мажлис  Қонунчилик палатасининг  Меҳнат ва ижтимоий масалалар  қўмитаси раиси Мавлудахон Ходжаева, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O‘zLiDeP фракцияси аъзоси Дилбар Усмонова, O‘zLiDeP Тошкент вилоят Кенгаши ва Ангрен шаҳар Кенгаши “Аёллар қаноти” фаоллари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

Янгиланаётган ва ёшараётган Ўзбекистоннинг муҳим таянчи  бу – ёшларимиз ва хотин-қизларимиз ҳисобланади. Биз уйғониш даври остонасига қадам қўяётган, Янги Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамиятидаги нуфузини юксалтиришга интилаётган эканмиз, бу саъй-ҳаракатларимизни ижтимоий фаол, ўз кучига ишонган, ҳар томонлама баркамол ёшлар ва аёлларсиз тасаввур қила олмаймиз. Аммо тан олишимиз керак, ишсиз, ҳунарсиз, ҳатто яккаланиб қолган, халқ тили билан айтганда уюшмаган ёшлар, аёллар қатлами ҳам мавжудки, уларни четга суриб қўйиб, олдимизга қўйилган олижаноб мақсадларимизга эриша олмаймиз.

Хўш, уларни қайси жиҳатлари билан бошқаларидан фарқлай оламиз?

Қандай қилсак, бундай фуқароларимизни ижтимоий фаол, ўз пазицияси ҳамда мақсадлари сари дадил қадам ташлаётганлар сафига қўша оламиз?

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида 8 октябрь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида айнан шу муаммолар таҳлил қилинди ва бу борада мутлақо янги тизим яратилиши хусусида фикр юритилди.

Эндиликда “темир дафтар”дан фарқли ўлароқ, “ёшлар дафтари” ва “аёллар дафтари” шакллантирилади. Бундай дафтарлардан кўзланган мақсад ёшлар ва аёлларни фақат билимли, ҳунарли касбли ва ишли қилишдангина иборат эмас, балки уларга мотивация уйғотиш, яъни эртанги кунга ишонч, яшашга иштиёқ ва юртга муҳаббатни шакллантиришдан иборатдир. Бунинг замирида ватанпарварликдек улуғ туйғу мужассам.

Видеоселекторда мутасаддиларга  ушбу тизимнинг намунавий шаклини ишлаб чиқиш ва мамлакатимиздаги 28 та ҳудудда синовдан ўтказиш вазифаси юклатилди. Бинобарин, бу масала парламентни, Олий Мажлис қонунчилик палатаси депутатлари ва партия вакилларини фаолликка ундамоқда. Қолаверса, партиямиз дастурида ҳам ёшлар ва хотин-қизлар масаласига катта эътибор қаратилган. Айниқса, касаначиликни ривожлантириш, уй меҳнати билан машғул бўлган аёлларга шарт-шароитлар яратиш, якка тартибдаги тадбиркор ва кичик бизнесни ривожлантириш асосий мақсадларимиздан қилиб белгиланган.

Шундан келиб чиққан ҳолда партия “Аёллар қаноти” энг чекка ҳудудларгача бориб, хотин-қизларни тадбиркорликнинг турли йўналишларига жалб қилиш, касбга ўргатиш ва шу орқали уларнинг бандлигини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратиб келмоқда. Бу борада жойларда турли партиявий лойиҳалар, семинарлар, очиқ мулоқотлар орқали улар билан дилдан суҳбатлашилмоқда, муаммоларига ечим топилмоқда.

Давра суҳбатида давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган устувор вазифаларни ижросини сидқидилдан бажариш, бу эса ҳар бир депутатлар ва партия вакиллари олдида катта масъулият юклаши айтиб ўтилди.

Тадбирлар доирасида “Ишбилармон аёл” кўрик-танловининг Ангрен шаҳар босқичи ҳам ўтказилди.

Тадбиркор аёл уюшмасида ташкил этилган кўрик-танловда, дастлаб тадбиркор ва фермер хотин-қизлар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар кўргазмаси намойиш этилди. Иштирокчилар ўзаро тажриба алмашди. 

Ҳамкор ташкилотлар ва халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзоларидан иборат ҳакамлар ҳайъати иштирокчиларнинг ишлари билан яқиндан танишиб, уларни адолатли баҳолаб боришди.

Танловда “HAPPY SMART KIDS” хусусий боғча раҳбари, БПТ раиси, Шахноза Усканованинг фаолияти эътироф этилиб, 1-ўринга муносиб топилди. 

–Тўғриси, камтарона меҳнатимни юксак баҳолаб, 1-ўринга лойиқ топишганидан жуда хурсанд бўлдим, – дейди Шахноза Усканова. – Энди танловнинг вилоят босқичида қатнашиб, фахрли ўринларни олишга ҳаракат қиламан. Зотан, тадбиркор аёлларни рағбатлантиришга қаратилган мазкур танлов нафақат мени балки барча иштирокчиларни тўлқинлантириб юборди.

Шунингдек, танловда “Замонавий тадбиркор аёл”, “Йилнинг мурувватли ишбилармон аёли”, “Битирувчи қизларга энг кўп иш ўрни яратган ишбилармон аёл”, “Ташаббускор аёл” каби номинациялар бўйича ҳам ғолиблар аниқланди. Танлов ғолиблари партиянинг ташаккурномаси ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Бундан ташқари, тадбир иштирокчилари шаҳардаги “Шахлия” ўқув марказига ташриф буюришди ва бу ерда таҳсил олаётган хотин-қизларни “Уй ҳамшираси” касб-ҳунарга ўқитиш жараёни билан танишилди.

Шунингдек, “Шахлия” МЧЖ раҳбари ва Тадбиркорлик маракази хамкорлигида тикувчилик йўналишини тамомлаган хотин-қизлар билан “Rainbow Tekstil“ масъулияти чекланган жамиятида учрашув ташкил этилди.

O‘zLiDeP Тошкент вилоят

Кенгаши матбуот котиби

  • Кўрилди
    305
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+