Депутат кўмаги билан фарғоналик аёл ўз уйига тўлиқ эгалик ҳуқуқини олди

20.10.2020, 10:38

Депутат кўмаги билан фарғоналик аёл ўз уйига тўлиқ эгалик ҳуқуқини олди

Манзурахон Эргашева Фарғона вилояти Бувайда туманидаги Янгиқўрғон маҳалласида истиқомат қилади. Аёл ўзи яшаётган хонадонни 1995 йилда Манзурахон Насриддинова исм-шарифли фуқародан қонуний йўл билан сотиб олган. Орадан ўтган йиллар давомида фуқаро М.Эргашева мазкур уйда хотиржам яшаб келган. Аммо хонадон собиқ эгасининг турмуш ўртоғининг тўсатдан пайдо бўлиши унинг хотиржамлигини бузди.

Муаммо шундаки, бугун пайдо бўлган “турмуш ўртоқ” рафиқасининг уй олди-сотдиси билан боғлиқ савдо ишидан хабари йўқлигини айтиб иддао қилмоқда.  Ушбу хонадонда ўзининг ҳам улуши борлигини даъво қилаётган эркак, ваҳоланки, уйнинг собиқ соҳибаси М.Насриддинова билан 1988 йилда қонуний ажрашган. Бунинг устига М. Насриддинова бундан икки йил аввал вафот этган. Демак, собиқ аёлининг вафотини билгани учун ҳам собиқ “хўжайин” тап тортмай даъво билан чиққан.

Боши берк кўчада қолган уйнинг ҳозирги соҳибаси М. Эргашева сўнгги нажотни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Мавлудахон Ибрагимовадан сўради. Фуқаро туман МИБдан келиб безовта қилишларидан зада бўлган, олди-сотди ҳужжатларидан камчилик қидириб чарчамаётган масъулларнинг ишларидан аллақачон тушкун ахволда. Ўзи сотиб олган уйнинг муаммоси орадан 20 йил вақт ўтиб энди келиб чиқаётганлигидан хайратда.

-Фуқаронинг ҳолати яқиндагина ижтимоий тармоқларни ларзага келтирган наманганлик аёлнинг муаммосига ўхшайди, - дейди депутат Мавлудахон Ибрагимова. – Ҳар қандай вазиятнинг ёмонини ўйланмаса, яхшиликка эришиш қийин. Масалани ҳар тарафлама ўрганиб, ижобий ечим топишга ҳаракат қилдик. Мутасадди раҳбарлар, масъул тизим ва маҳаллий ҳокимлик вакилларининг кўмаги билан хонадон эгаси ўз уйига тўлиқ эгалик ҳуқуқини олди.  

Депутат бир инсон ҳаётини, таъбир жоиз бўлса, фидойилик билан ҳам маънан, ҳам амалий сақлаб қола билди. Югурди-елди, ижобий натижага эришди. Бир инсон, бир сайловчи депутат ёрдамидан мамнун бўлди.

  • Кўрилди
    670
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+