O'zLiDeP фракциясининг қайси таклифлари инобатга олинди?

19.10.2020, 15:57

O'zLiDeP фракциясининг қайси  таклифлари инобатга олинди?

Қонунни бузганга жазо муқаррар. Ҳудди шундай чиқиндиларни белгиланмаган жойларга ташлаш ёки чиқариб қўйиш учун қонунчилигимизда жазолар белгиланган. Хусусан, “Маъмурий жавобгарлик тўғрисида”ги кодекснинг 91-моддасида кўрсатилганидек фуқаро ноқонуний жойга чиқиндини ташлайдиган бўлса, ҳозирги кунда 669 минг сўм жарима тўлайди.

Лекин шунга қарамай айримлар томонидан қонунни қасддан бузиш ҳолатлари давом этмоқда. Энг ёмони, кўплаб фуқаролар ўз хонадонларида ҳосил бўлаётган маиший чиқиндиларни автотранспорт воситалари ёрдамида белгиланмаган жойларга чиқариб ташламоқда.

Масалан, маиший чиқиндиларни белгиланмаган жойларга ташлаш бўйича 2017 йилда 3 144, 2018 йилда 5 543 ва 2019 йилда 13 948 та ҳолат бўйича маъмурий ҳуқуқбузарликлар қайд этилиб, жами 4,4 млрд. сўм миқдорда жарима ундирилган. Бу борада олиб борилаётган чора-тадбирларга қарамасдан, айрим юртдошларимиз чиқиндини белгиланмаган, дуч келган жойга ташлаш мумкин эмаслигини тушуниб етмаяпти.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O'zLiDeP фракциясининг аввалги йиғилишида депутатларнинг қизғин муҳокамасига сабаб бўлган ҳужжатлардан бири “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги Қонун лойиҳаси бўлган эди.

Йиғилишда депутатлар “Маъмурий жавобгарлик тўғрисида”ги кодекснинг 911-моддасида (Белгиланмаган жойларга қаттиқ маиший чиқиндиларни ва қурилиш чиқиндиларини ташлаш, шунингдек, суюқ маиший чиқиндиларни тўкиш) санкциясидаги жарима миқдорларини ошириш, шу билан бирга модданинг иккинчи қисмига ҳуқуқбузарликни содир этиш қуроллари ва ашёларини мусодара қилиш қанчалик тўғри бўлади,  деган саволларни  ўртага ташланган эди.

Шунингдек, аҳолининг маданий-маиший эҳтиёжларини ва ҳордиқ чиқаришини қондириш учун мўлжалланган объектларда, автотураргоҳлар ва автотранспорт воситаларини вақтинча сақлаш майдончаларига кириш (чиқиш) йўлида махсус чиқинди қутилари қўйилмагани айтилиб, бир қатор саволлар кўтарилган эди.

Узоқ давом этган баҳс-мунозаралар, тортишувлардан сўнг, барча саволлар очиқ қолгани, уларга батафсил ва аниқ жавоблар берилмагани сабабли мазкур қонун лойиҳаси кун тартибидан чиқарилган эди.

Бугун, 19 октябрь куни бўлиб ўтган парламент қуйи палатасидаги O'zLiDeP фракциясининг навбатдаги йиғилишида депутатлар ўтган йиғилишда кўтарилган масалалар инобатга олингани, шунингдек, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши орқали фуқароларнинг экология ва атроф-муҳитни асраш борасидаги масъулиятини янада оширилишига эришилишини айтиб, қонун лойиҳасини маъқулладилар.

Йиғилишда шунингдек, “Геном бўйича давлат рўйхатига олиш тўғрисида”ги ва “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги янги таҳрирдаги қонун лойиҳалари кўриб чиқилди.

Йиғилиш якунида фракция ваколатига кирувчи бошқа масалалар ҳам муҳокама этилиб, тегишли қарор қабул қилинди

  • Кўрилди
    394
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+