Белгиланган вазифалар тезроқ самара бериши учун бир мушт бўлиб соғлом турмуш тарзига амал қилайлик

21.10.2020, 08:48

Белгиланган вазифалар тезроқ самара бериши учун бир мушт бўлиб соғлом турмуш тарзига амал қилайлик

Давлатимиз раҳбари раислигида 2021 йилга мўлжалланган давлат бюджети параметрлари муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилишида барча соҳалар қатори соғлиқни сақлаш соҳасига ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, аниқ вазифалар белгилаб берилди. Айтиш керакки, бу ишлар хали ҳануз бутун дунё мамлакатлари шу жумладан юртимиз учун ҳам кутилмаган синовларни олиб келган коронавирус пандемияси давридаги мураккаб вазиятни юмшатиш, одамлар саломатлигини кўз қорачиғидек асраб-авайлашга қаратилган десак тўғри бўлади.

Сўзимизнинг исботи сифатида ушбу рақамларни келтириб ўтишнинг ўзи кифоя. Хусусан, соғлиқни сақлаш соҳасига қарийб 20 триллион сўм, шундан коронавирусга қарши курашиш тадбирлари учун 3 триллион сўм ҳамда дори-дармон харидига 1,8 триллион сўм белгиланиши кўзда тутилган.

Масаланинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, илк бора онкогематологияга қарийб 90 миллиард сўм ажратилмоқда. Шунингдек, тамаки савдосидан олинган акциз солиғининг 7 фоизи Онкогематологик ва даволаш қийин бўлган касалликларга чалинган беморларни соғломлаштиришга кўмаклашиш жамғармасига ўтказиб берилади. Шу билан бирга, келгуси йилда биринчи марта гемодиализга муҳтож касалларга тиббий хизматлар кўрсатиш қамровини 100 фоизга етказиш учун 130 миллиард сўм маблағ ажратилади. Тиббиётнинг ушбу йўналишларига катта маблағ ажратилаётганлиги бир неча йиллик тиббиёт соҳасида ишлаган мутахассис сифатида мени янада хурсанд қилди.

Кўриниб турганидек, инсон шахси олий қадрият, унинг саломатлиги ҳамма нарсадан устун қўйилган мамлакатимизда эпидемиологик вазиятни жиловлаш, аҳолини бу офат чангалидан эсон-омон олиб чиқиш учун зарур чоралар кўриляпти. Иқтисодиёт тармоқлари, тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш, аҳоли ижтимоий ҳимоясини кучайтиришга Давлат бюджетидан катта маблағлар йўналтириляпти.

Бу ишларнинг ижроси тўлиқ таъминланиши учун барчамиз бирдек масъулмиз. Агар биз шу синовли дамларда бир мушт бўлиб ҳаракат қилсак, эпидемиологик ҳолатнинг яхши томонга ўзгариши фақат ўзимизга, тиббий маданиятимизга боғлиқ эканлигини бир сония бўлсада, унутмаган ҳолда соғлом турмуш тарзига ҳамда белгиланган карантин талабларига қатъий амал қилсак, Президентимиз бошчилигида олиб борилаётган амалий ишлар тезроқ ўз самара беради, ушбу офатни енгиб, ундан беталафот ўтамиз.

Дилбар Усмонова,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатаси депутати,

O'zLiDeP фракцияси аъзоси

  • Кўрилди
    327
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+