Давлат тили – бирлигимиз, борлигимиз рамзидир

21.10.2020, 10:51

Давлат тили – бирлигимиз, борлигимиз рамзидир

Туркий тилларнинг катта оиласига мансуб бўлган ўзбек тилининг тарихи халқимизнинг кўп асрлик орзу-интилишлари, дарду армонлари, зафарлари билан узвий боғлиқ. Ўзбек тилининг жозибаси момоларимиз алласи, мақомларимиз, эртак ва афсоналаримиз, роману достонларимизнинг сеҳрли сатрларида, жилоли оҳангларида акс этган. Тарихга назар солсак, буюк аждодларимиз, ота-боболаримиз айнан она тилимиз орқали жаҳонга ўз сўзини айтган ҳамда нодир маънавий мерос, қадриятларимизга асос солганлигига гувоҳ бўламиз.

Жасур ва матонатли халқимиз ҳар қандай зулм ва зўравонликларга қарамасдан, ўз она тилини — миллий ғурурини сақлаб қолди. Қанчалик оғир бўлмасин уни ривожлантириб, бугунги авлодларга безавол етказиб берди.

Ушбу қутлуғ айём, 1989 йил 21 октябрь санаси— “Давлат тили ҳақида”ги қонун қабул қилинган кун маънавий жасорат, эзгу мақсадлар руёби бўлган кунлиги билан аҳамиятлидир. Илм-фан, техника ақлбовар қилмас даражада ривож топганига қарамасдан, дунё ҳамжамияти сайёрамизда нечта тил борлиги ҳақида аниқ маълумотга эга эмас. Баъзи маълумотларга кўра, дунё тилларининг сони 7 мингдан ошади. Мазкур тиллардан 14 тасида инсониятнинг учдан икки қисми гаплашади. Ушбу тилларнинг ҳар бирида сўзлашадиганлар сони эса 50 миллиондан зиёд. Дунёдаги 70 тилда гаплашадиганлар 5 миллиондан кўп бўлса, қолган тилларда мулоқот қиладиганлар 1 миллиондан кам.

Уларнинг фақат 200 га яқини давлат тили ёки расмий тил мақомига эга. Шу нуқтаи назардан қараганда ўзбек тилига давлат тили мақомини ҳуқуқий жиҳатдан муҳрлаб берган мазкур қонуннинг халқимиз ҳаётидаги ўрни беқиёсдир. Бундай нуфузга эга бўлган ўзбек тили асрлар синовидан ўтган, қиёмига етган ва бошқаларга ибрат бўла оладиган тил саналади. Бугун Ўзбекистон ҳукумати томонидан олиб борилаётган сиёсат буни амалда кўрсатмоқда.

Мамлакатимизнинг Асосий қонуни — Конституциямизнинг ўзбек тилида яратилиши унинг нуфузини янада юксалтирди. Юртимиз бўйлаб ва халқаро майдонларда она тилимизда янграётган Давлат мадҳияси ҳам қалбларимизда Ватан туйғусини жўш урдиради. Улуғ маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлоний таъкидлаганидек, ҳар бир миллатнинг дунёда борлигини кўрсатадиган ойинаи ҳаёти — бу унинг миллий тили ва адабиётидир.

Ўзбек тили давлат тили сифатида сиёсий-ҳуқуқий, иқтисодий-ижтимоий, маънавий-маърифий ҳаётимизда фаол қўлланмоқда, халқаро минбарларда баралла янграмоқда. Ўзбек тилининг чинакам жонкуярлари хотирасига бағишланган ёдгорликлар мажмуаси Адиблар ҳиёбони фарзандларимизнинг гўзал тарбияларида, маънавий, ахлоқий аҳамиятга эгадир. Дунёга назар солсак, ўзбек тили ривожланган бир неча давлатларининг 60 га яқин университетларида ва 100 дан зиёд мактабларида ўрганилиб келинаётгани қувонарли холдир. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги Фармонига биноан “Давлат тили ҳақида” ги қонун қабул қилинган куннинг улкан тарихий ўрни ва аҳамиятидан келиб чиққан ҳолда, 21 октябрь санаси юртимизда “Ўзбек тили байрами куни” деб белгиланиши халқимизнинг миллий руҳи ва ғурурини юксалтириш билан бирга, давлат тилини ҳаётимизда тўлақонли жорий этишга хизмат қилади.

Шу ўринда ХХ аср бошида олти тилли-ўзбек, араб, форс, ҳинд, турк, ва рус тилларида луғат тузган Исоқҳон Ибратнинг “Бизнинг ёшлар албатта бошқа тилни билиш учун саъй-ҳаракат қилсинлар, лекин аввал ўз она тилини кўзларига тўтиё қилиб, эҳтиром кўрсатсинлар. Зеро, ўз тилига садоқат-бу ватаний ишдир” деган пурмаъно сўзларига ортиқча изоҳнинг хожати йўқ. Ўзбек тили дунёдаги энг бой ва чуқур тарихий илдизларга эга бўлган буюк тиллардан.

Бу жиҳатдан Алишер Навоий ижоди ва фаолияти барча авлодларга юксак намуна. Буюк мутафаккир “Муҳокамат ул-луғатайн” асарида бу муҳим муаммо хусусида шундай ёзади: “халқ орасидан чиққан истеъдод аҳли салоҳият ва қобилиятларини ўз тиллари турганда ўзга тил билан зоҳир қилмасалар ва ишга солмасалар эди. Агар иккала тилда ижод этиш қобилиятлари бўлса, ўз тилларида кўпроқ ёзсалар эди”. Навоий ҳақиқий миллатпарвар шоир сифатида ўзбек тили ва адабиётимизнинг нечоғлик бой, ранг-баранглиги ва чексиз имкониятларини бутун ижоди ва серқирра фаолияти билан исботлаб, унинг нуфузини жаҳон миқёсига олиб чиқди.Ҳазрат Навоий она тилининг тақдири учун ана шу тарзда куюнди, унинг мавқеини кўтармоқ, миллатнинг шаънини юксалтирмоқ учун бор салоҳиятини сафарбар этди. Бу миллатдан етишиб чиққан табъ аҳлини – ижодкорларни ўзга лисонда эмас, она тилида бебаҳо бадиий асарлар битмоққа чорлади.

Тил – миллатнинг кўзгуси бўлиб, унда тарих - ўтмиш ва келажак жонланади. Маълумки, энг катта хиёнат эътиқодга бўлган хиёнатдир. Бизнинг эътиқодимизнинг узвий бир жиҳати ҳам тилимизга бўлган эътиборимиз биландир. Она тилимиз юртимиздаги қадим ва муқаддас, мўъжизавий булоқлардек тоза ва мусаффо, истеъмолга доим яроқли бўлиши шарт. Унинг ички имкониятлари чексиз ва мислсиздир. Она тилимизнинг табиийлиги учун курашиш, оғзаки ва ёзма нутқда тил меъёрларига риоя қилиш, унинг тароватини сақлаб қолиш барчамизнинг энг муқаддас ва шарафли бурчимиздир.

Шаҳноза ХОЛМАХАМАТОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

  • Кўрилди
    602
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+