“Миллий тил – миллат кўзгуси”

21.10.2020, 19:49

“Миллий тил – миллат кўзгуси”

Андижон шаҳридаги вилоят қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармасида “Она тилимиз миллий маънавиятимизнинг битмас-туганмас булоғидир” шиори остида бўлиб ўтган байрам тадбири айни мавзуда ташкил этилди. O’zLiDeP Андижон вилоят Кенгаши ташаббуси билан партия Андижон шаҳар Кенгаши ҳамкорлигида 21-октябрь – ўзбек тилига Давлат тили мақоми берилганлигининг 31 йиллиги муносабати билан ўтказилган мазкур тадбирда халқ депутатлари маҳаллий кенгашлар депутатлари, олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувилари, Ёшлар қаноти фаоллари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар. Тадбирни кириш сўзи билан очган партия вилоят Кенгаши раиси Хуршидахон Халилова мамлакатимизда она тилига берилаётган эътибор, унинг тобора юксалаётган нуфузи ва бу борада яратилаётган қонуний асослар хусусида атрофлича гапириб, йиғилганларни байрам билан самимий қутлади.

Ундан сўнг сўз олган соҳа мутахассисларининг бир-биридан қизиқарли, долзарб маърузалари мавзу доирасидаги ноанъанавий савол-жавобларга, мунозараларга уланиб кетди.

-Бугунги тадбир сиёсий майдонда ҳам ўзбек тилининг нақадар аҳамияти юксак эканлигини яна бир бор намоён этди, - дейди Андижон давлат университети ўзбек тилшунослиги кафедраси доценти, филология фанлари номзоди Гулбаҳор Қобилжонова. – Ўтган давр давомида она тилимизнинг сайқали қонун ва қонуности ҳужжатлар билан янада шаклланганини таъкидлаш жоиз. Бугун депутатларимиз, ёшларимиз томонидан ўзбек тили тўғрисида билдирилган фикрлардан тўлқинландик. Демак, она тилимизнинг ривожи учун сиёсий элита вакиллари билан ҳамнафаслигимиз ютуғимиздир.

Тадбир давомида партия сафига янги қабул қилинган бир гуруҳ ёшларга аъзолик гувоҳномалари ҳамда эсдалик совғалари тантанали равишда топширилгани байрамга ўзгача шукуҳ бағишлади.

Хожимуҳаммад ҲАСАНХОНОВ,

O’zLiDeP Андижон вилоят Кенгаши

аппарат раҳбари.

  • Кўрилди
    803
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+