Замонавий таълим-тарбия – жамият тараққиётининг муҳим асоси

26.10.2020, 18:08

Замонавий таълим-тарбия – жамият  тараққиётининг муҳим асоси

Мамлакатимизда таълим соҳасида инновацион ва креатив фикрлайдиган замонавий кадрлар тайёрлаш, ёшларни ватанпарварлик руҳида, юксак маънавият эгалари этиб тарбиялаш мақсадида таълим тизимини такомиллаштиришга катта эътибор қаратиляпти. Давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган бир қатор фармон ва қарорлар бу соҳадаги ислоҳотларнинг ҳуқуқий-меъёрий асосларини мустаҳкамлаб берди.

Лекин шунга қарамай бугунги давр миллий таълим-тарбия тизимининг амалдаги ҳолати уни замон талаблари асосида модернизация қилиш, таълим муассасаларининг раҳбар ва педагог ходимлари нуфузини ошириш, уларнинг самарали фаолият юритиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш бўйича изчил чора-тадбирларни амалга оширишни талаб этмоқда.

Фракция йиғилишида – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Мамлакатимиз таълим-тарбия тизимини янада такомиллаштириш, илм-фан соҳаси ривожини жадал-лаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони лойиҳасининг муҳокамаси ҳам қизғин бахсларга сабаб бўлди. Мазкур фармон лойиҳаси муҳокамасида ЎзЛиДеП Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси вакиллари ва партия фаоллари ҳам фаол иштирок этиб, ўз таклиф ва фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтишди.

Таъкидланидек, шу кунларда Президентимизнинг “Мамлакатимиз таълим-тарбия тизимини янада такомиллаштириш, илм-фан соҳаси ривожини жадаллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” фармони лойиҳаси жамоатчилик томонидан кенг муҳокама қилиниб, турли фикр-мулоҳазалар билдирилмоқда.

Фармон лойиҳасида Халқ таълими вазирлиги, Молия вазирлиги ҳамда Давлат активларини бошқариш агентлигининг умумтаълим муассасасини сақлаш учун Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар миқдорини камайтирмаган ҳолда Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги навбатлилик коэффициенти паст бўлган умумтаълим муассасаларини тажриба-синов тариқасида хусусий сектор вакилларига 5 йилга ишончли бошқарувга бериш таклиф этилмоқда.

–Жамият тараққиёти, миллий фаровонлик ҳамиша ёш авлоднинг таълим-тарбияси, замонавий билимларни чуқур эгаллаган янги кадрлар, уларнинг юксак малакаси билан боғлиқ бўлиб келган, – деди А.Ҳаитов. – Негаки, чуқур билим ва ҳаётий кўникмаларга эга бўлган, интеллектуал ривожланган ўғил-қизларни тарбиялаш, пировардида, Ўзбекистоннинг қисқа муддатларда ривожланган давлатлар қаторидан жой олишини таъминлашда мактабларда берилаётган таълим-тарбия ниҳоятда муҳим ўрин тутади. Шу жиҳатдан бу таклиф амалга ошиши учун ишончли бошқарувчига янаям кенгроқ имконият бериш лозим. Яъни, беш йил қисқароқ муддат, камида 10 йилга бериш керак. Кейин фақат шу таълим муассасаси эмас, ҳудуддаги бошқа бўш биноларни ҳам ишончли бошқарувга берилса, хусусий секторнинг қизиқиши ортади.

Халқ ноиблари мазкур фармоннинг қабул қилиниши мамлакатда таълим-тарбия тизимининг сифати ва самарадорлигини ошириш, боғча тарбияланувчилари, ўқувчи ва талаба ёшларда замонавий билим ва кўникмаларни шакллантиришга муҳим омил бўлишини қайд этиб, лойиҳа бўйича ўз фикрларини, таклифларини билдирди.

Йиғилишда фракция ваколатига тааллуқли бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.

  • Кўрилди
    922
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+