Таълим тизимидаги янги ислоҳотларга йўл очувчи муҳим ҳужжат

27.10.2020, 18:13

Таълим тизимидаги янги ислоҳотларга йўл очувчи муҳим ҳужжат

Буюк юнон олими Аристотелнинг “Ватан тақдирини ёшлар тарбияси ҳал қилади”, деган сўзлари бор. Бу бевосита ва билвосита устоз ва мураббийларга улкан масъулият юклайдиган фикр эканлигини ҳар доим кўриб гувоҳи бўламиз.

Хусусан, сўнгги йилларда мамлакатимизда таълим-тарбия тизимининг сифати ва самарадорлигини ошириш, боғча тарбияланувчилари, ўқувчи ва талаба ёшларда замонавий билим ва кўникмаларни шакллантириш, таълим тизимлари ҳамда илм-фан соҳаси ўртасида яқин ҳамкорлик ва интеграцияни, таълимнинг узвийлиги ва узлуксизлигини таъминлаш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Бу борадаги кенг кўламли ишларнинг қонуний асослар билан мустаҳкамланиб борилаётганлиги ушбу йўналишда юқори марраларни забт этишга хизмат қилаётир. Масалан, “Таълим тўғрисида”ги қонунни олайлик. Қонунга мувофиқ, таълим олишнинг масофавий, инклюзив шакллари жорий қилинди, таълим ташкилотларига хорижий муассасалар билан қўшма факультет ва ўқув марказлари ташкил қилишга рухсат этилди. Шунингдек, ўқитувчиларга муаллифлик дастури ва ўқитиш услубларини жорий этиш, замонавий педагогик шакллар, ўқитиш ва тарбия усулларини эркин танлаш ҳуқуқи берилди.

Президентимизнинг “Мамлакатимиз таълим-тарбия тизимини янада такомиллаштириш, илм-фан соҳаси ривожини жадаллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони лойиҳаси эса мазкур қонуннинг мантиқий давомини ўзида ифода этмоқда, десак муболаға бўлмайди.

Маълумки, давлатимиз раҳбари 1-октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан азиз устозларга йўллаган байрам табригида таълим тизимидаги ислоҳотларни янада юқори босқичга кўтариш борасида илғор фикрларни илгари сурган эдилар. Уларнинг “Биз мактабгача таълим ва мактаб таълими, олий ва ўрта махсус таълим тизими ҳамда илмий-маданий муассасаларни бўлғуси Ренессанснинг тўрт узвий ҳалқаси, деб биламиз. Боғча тарбиячиси, мактаб муаллими, профессор-ўқитувчилар ва илмий-ижодий зиёлиларимизни эса янги Уйғониш даврининг тўрт таянч устуни, деб ҳисоблаймиз”, деган пурмаъно фикрларидан келиб чиқиб, ушбу фармонда белгиланган ҳар бир бандни муҳим топшириқ, долзарб вазифа сифатида тез ва жадаллик билан амалиётга татбиқ этишга кўмаклашишимиз зарур.

Фармонга мувофиқ, таълим жараёнига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини қўллаган холда таълимни бошқаришни автоматлаштириш ва ҳар томонлама таҳлил қилиб бориш тизимини яратиш, электрон ресурслар
ва масофавий таълим технологияларини янада ривожлантириш, таълим олувчилар ўртасида IT-соҳасидаги касбларни оммалаштириш сингари даврнинг долзарб масалаларига ечим топилади.

Мазкур фармон лойиҳасини Халқ депутатлари Учқўрғон туман кенгаши сессиясида депутатлар, таълим соҳаси вакиллари иштирокида муҳокама қилиб, соҳа мутахассисларидан аниқ таклифлар, фикр-мулоҳазалар олинди.  

Мухтасар айтганда, таълим тизимидаги янги ислоҳотларга йўл очувчи мазкур меъёрий ҳужжат келгусида тизимдаги улкан марраларга асос бўлади.

Барно МИРЗАМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатаси депутати

  • Кўрилди
    846
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+