“Рақамли Ўзбекистон – 2030” дастурини амалга оширишда ёшларнинг ўрни

27.10.2020, 18:39

“Рақамли Ўзбекистон – 2030” дастурини амалга оширишда ёшларнинг ўрни

O’zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси “Ёшлар қаноти” томонидан «Рақамли Ўзбекистон – 2030» дастурини амалга оширишда ёшларнинг ўрни» мавзусида Республика ёшлар конференцияси ўтказилди.

Мазкур Конференция Республиканинг барча ҳудудларидан соҳага қизиққан ёшлар ҳамда партия “Ёшлар қаноти” фаоллари иштирокида тегишли вазирликлар, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламенти, Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги, Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ахборот технологиялари мактаби ва қатор нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамкорлигида ташкил этилди.

Тадбирда Президентимизнинг жорий йил 5 октябрдаги “Рақамли Ўзбекистон – 2030” стратегиясини тасдиқлаш ва уни самарали амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида белгилаб берилган устувор вазифалар ижросини таъминлаш ҳамда унда белгиланган чора-тадбирларни самарали амалга оширишда ёшларнинг иштироки каби масалаларга эътибор қаратилди.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг сайловолди дастурида “Янги Ўзбекистон: “рақамли” ва ахборот жамиятига эга мамлакат”, деган ғоя илгари сурилган. Партия ҳозирги ахборот жамияти шаклланиши шароитида ахборот ва билимлар тараққиётнинг стратегик омилига айланган бир даврда мамлакат ривожланиши ва унинг рақобатбардошлигини таъминлаш замонавий ахборот-коммуникация ва “рақамли” технологияларни жамият ва давлат ҳаётининг барча жабҳаларига қанчалик жорий этилиши билан боғлиқлигини эътироф этиб, ушбу йўналишда комплекс чора-тадбирларни амалга оширишни таклиф этган эди.

Хусусан, партия “Рақамли Ўзбекистон – 2030” дастурини жорий этиш, “ақлли”, “хавфсиз” шаҳар, “Интернет буюмлар” технологияларини кенг жорий қилиш, телекоммуникация инфратузилмасини янада ривожлантириш, ушбу асосда мамлакат ЯИМнинг 30 фоизга ўсиши ҳамда “рақамли иқтисодиётга тайёрлик” ва “АКТ ривожланиши” халқаро индекслари бўйича илғор давлатлар қаторига киришни таъминлашни устувор вазифа деб билади. 

Давлатимиз раҳбарининг мазкур Фармонида белгиланган устувор вазифалар ҳам партия ғояларига ҳамоҳанглиги билан ғоят аҳамиятлидир.

“Рақамли Ўзбекистон – 2030” стратегиясини амалга ошириш борасида йўл харитаси ишлаб чиқилган бўлиб, барча соҳалар учун аниқ амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар кўрсатиб ўтилган.

  Унга кўра барча соҳалар қатори аборот технологиялари соҳасида таълим бериш ва малака ошириш, энг муҳими аҳолининг барча қатламларида рақамли кўникмаларни ошириш мақсадида қуйидаги тадбирлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, ёшлар орасида ахборот технологияларини оммалаштириш, шунингдек, аҳолининг барча қатламлари орасида рақамли технологиялардан фойдаланиш кўникмаларини ривожлантириш; кекса ва ўрта ёшдаги аҳолига Интернет жаҳон ахборот тармоғида ишлаш, компьютер саводхонлиги курсларини ташкил этиш; aхборот технологиялари соҳасида масофавий, онлайн ва виртуал ўқитиш технологияларини жорий этиш ва ривожлантириш, онлайн курслар учун платформалар ишлаб чиқиш; аҳоли ўртасида рақамли кўникмаларни ривожлантириш соҳасида йирик IT-корхоналарни жалб қилган ҳолда давлат хусусий шериклик механизмларини ташкил қилиш назарда тутилган.

Бундан ташқари вилоят ва шаҳарларда рақамли кўникмалар даражасидаги бўшлиқни бартараф этиш мақсадида республиканинг барча ҳудудларида ихтисослаштирилган ўқув марказларини ташкил этиб вертикал бошқарув ўқув модели тизимини туман ва шаҳарлар даражаларида (IT-парк филиали-ўқув маркази-мактаб) жорий этиш; аҳоли ўртасида юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш учун “Бир миллион дастурчи” лойиҳасини амалга ошириш кўзда тутилмоқда.

Шунингдек, мактабгача, ўрта ва олий таълим тизими учун электрон таълим ресурсларини янада такомиллаштириш, шунингдек, ички ва жаҳон таълим ресурсларидан фойдаланишни таъминлаш масалалари ҳам энг устувор вазифалардан бири сифатида белгилаб олинмоқда.

Ёшлар Конференциясида “Ахборот технологиялари соҳасидаги қонун ҳужжатлари янада такомиллаштириш жараёнларида ёшлар иштироки”, “Ёш дастурларни тайёрлаш ва мамлакатимиз иқтисодиётида ахборот технологиялари соҳаси улушини ошириш истиқболлари”, “IТ-Парклар фаолиятини такомиллаштириш ва самарадорлигини оширишда ёшлар иштироки” каби мавзуларда маърузалар тингланди ва иштирокчилар томонидан таклиф ва фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Иштирокчилар гуруҳларга бўлинган ҳолда фрилансерлик орқали ёшлар бандлигини таъминлаш, «IT-PARK»лар фаолиятини такомиллаштириш ва унинг самарадорлигини ошириш, ахборот технологиялари соҳасидаги қонунчиликни янада такомиллаштириш, рақамли таълим истиқболлари каби йўналишларда муҳокамалар олиб боришди. Билдирилган таклифлар асосида аниқ чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди.

  • Кўрилди
    1176
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+