Давлат дастури ижроси белгиланган муддатда сифатли бажарилиши керак

28.10.2020, 21:36

Давлат дастури ижроси белгиланган муддатда сифатли бажарилиши керак

Маълумки, давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 2 мартдаги тегишли фармони билан Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури тасдиқланган эди.

Давлат дастури 284 та банддан иборат бўлиб, унинг ижроси доирасида умумий қиймати 18,2 трлн сўм ва 10,3 млрд АҚШ долларига тенг лойиҳаларни амалга ошириш назарда тутилган. Негаки, унинг ҳар бир бандида халқимизнинг турмуш шароитини яхшилаш, ишсизлик даражасини қисқартириш ва тадбиркорлар сонини кўпайтиришдек муҳим мақсадлар турибди.

Хўш, Давлат дастурида белгилаб қўйилган устувор вазифалар белгиланган муддатларда ва сифатли бажариляптими? Нега ҳозирги кунга қадар аксарият бандларнинг ижроси охирига етказилмаган? Бунинг асосий сабаблари нимада?

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида Давлат дастурининг 2020 йил учинчи чорагида бажарилиши юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботи эшитилди. Ҳисоботни Бош вазир ўринбосари А.Абдуҳакимов тақдим этди.

Таъкидлаш жоизки, ҳисоботда барча муҳим масалалар кенг қамровда акс эттирилган. Хусусан, Вазирлар Маҳкамасига, унинг таркибига кирувчи вазирлик ва идораларга юборилган парламент ҳамда депутатлик сўровларига берилган жавоблар ҳам чуқур таҳлил қилинган. Ҳисоботнинг аввалгиларидан фарқли жиҳати шундаки, бажарилган ишлар баробарида Ҳукумат йил якунида адо этилиши белгиланган режаларини аниқ объектлар, рақамлар орқали маълум қилган.

Мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг асосий кўрсаткичлари, макроиқтисодий барқарорлик ҳамда иқтисодиёт ва ижтимоий соҳанинг изчил ривожлантиришни таъминлаш борасида амалга оширилган ишлар батафсил баён қилинган. Айниқса, коронавирус пандемияси даврида тадбиркорлик субъектлари ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларининг узлуксиз ишлашини таъминлаш, мамлакат аҳолиси даромадлари кескин пасайиб кетишининг олдини олиш борасидаги ишлар таҳлил этилган.

Биргина пандемиянинг салбий таъсирини юмшатиш мақсадида Президентимизнинг тегишли фармонларига асосан солиқ органлари томонидан тадбиркорлик субъектларига нисбатан 5,4 трлн.сўмлик имтиёз ва енгилликлар қўлланилган. Жумладан, ташқи савдо операциялари билан шуғулланган 4 715 та субъектларнинг муддати ўтган 256 млн долларлик дебитор қарздорликларига нисбатан 2,6 трлн сўмлик жарималар қўлланилмаган. Тадбиркорлик субъектларининг узлуксиз ишлашига шароит яратиш мақсадида 55 мингдан ортиқ тадбиркорлик субъектларининг 700 млрд сўмлик солиқ қарзини ундириш тўхтатилган.

Фаолиятини вақтинча тўхтатишга мажбур бўлган 100 мингга яқин якка тартибдаги тадбиркорларга 259 млрд сўмлик жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи қатъий суммаси ва 250 мингга яқин якка тартибдаги тадбиркорларга 155 млрд сўмлик ижтимоий солиқ суммалари ҳисобланиши тўхтатилган.

Ҳисоботда шунингдек, республикада 2020 йил 1 сентябрь ҳолатига жами рўйхатда ўтган субъектлар сони 409 мингтани ташкил қилгани, тадбиркорлик субъектлари сони ўтган йилга нисбатан 75 мингтага ортгани қайд этилди. Бу яхши ўзгариш, чунки бугун яккаю ягона йўлимиз – тадбиркорлар сонини кўпайтириш, одамларни ишбилармон қилиш ва энг муҳими, янги-янги иш ўринлари яратишдир. Зотан, ЎзЛиДеП мамлакатда ишсизлик, айниқса, ёшлар ўртасидаги ишсизликнинг меъёрда бўлиши керак деб ҳисоблайди.

Бинобарин, фуқаролар бандлигини тўлиқ таъминлаш ва меҳнатга муносиб ҳақ тўлаш, янги иш ўринларини яратиш, ишсизлик даражасини қисқартириш – мамлакат ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг энг муҳим шарти. Шу жиҳатдан битта тадбиркор ўз фаолиятини тўхтатса ҳам, бунга фавқулодда ҳолат сифатида қаралиши лозим.

Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги иқтисодиётнинг етакчи тармоғи саналади. Кейинги пайтда юртимизда қишлоқ хўжалиги соҳасида туб ислоҳотлар амалга оширилди. Хусусан, мамлакатнинг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, кластер тизимини ва барча йўналишларда қишлоқ хўжалик маҳсулотларини чуқур қайта ишлашни янада ривожлантиришга катта эътибор қаратилди.

Депутатлар Давлат дастурининг ҳисобот давридаги ижросини муҳокама қилар экан, иқтисодий ўсишни таъминлаш бўйича ўтган даврда фермерлик ҳаракатини қўллаб-қувватлаш билан бирга, пахта, ғалла, мева-сабзавот, узум етиштиришни, пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантиришни кластер шаклига босқичма-босқич ўтказиш йўналишидаги ишларни ижобий баҳолади.

Шу билан бирга, таълим, маданият, соғлиқни сақлаш, спорт ва туризмни янада ривожлантириш, ёшларга оид давлат сиёсатини такомиллаштириш борасида белгиланган чора-тадбирларнинг ижро этилиши ҳолатига алоҳида эътибор қаратишди. Ҳисоботда келтирилган ҳар бир рақамлар чуқур таҳлил қилиниб, Дастурда белгиланган муҳим ижтимоий-иқтисодий, социал вазифалар, чора-тадбирларнинг ижроси қизғин муҳокама қилинди.

Мажлисда Ҳукуматга йил якунига қадар Дастур ижросини тўлиқ бажариш чораларини кўриш бўйича зарур таклиф ва тавсиялари билдирилди. Хусусан;

– “Ҳар бир оила – тадбиркор” деган олижаноб ғояни изчиллик билан ҳаётга татбиқ этиш, жамиятда фаол тадбиркорлик маданиятини шакллантириш, мактабдан бошлаб олий таълим муасассаларида ҳам тадбиркорлик дарсларини ўтиш, тўгараклар ташкил этиш, жумладан, Тадбиркорлар академиясини, соҳага қизиқаётган ёшлар учун эса консалтинг марказларини ташкиллаштириш борасидаги ишларни жадаллаштириш;

– хорижий ва ички инвестицияларни кенг жалб қилиш учун жозибадор инвестициявий муҳитни яратиш;

– турар-жой бўлмаган, фойдаланилмаётган бинолардан оқилона ва самарали фойдаланиш ва уларни ташкилотларнинг хўжалик фаолиятига кенг жалб қилиш;

– коронавирус пандемиясининг хусусий тадбиркорлик, кичик бизнес ва фермерликка салбий оқибатларини сезиларли даражада камайтиришга алоҳида эътибор қаратиш;

– ёшлар ва аёллар бандлиги муаммоларини ҳал этишга қаратилган самарали чоралари кўриш;

– Инқирозга қарши жамғарма ҳисобидан сарфланган маблағларнинг мақсадли ва самарали фойдаланиши устидан маҳаллий кенгаш депутатлари орқали жамоатчилик назоратини кучайтириш;

Шунингдек, фуқаролар соғлиғини сақлашдан муҳимроқ нарса йўқ эканини тўла англаган ҳолда, Ҳукуматнинг барча саъй-ҳаракатлари шунга йўналтирилиши, жойларда короновирус пандемияси таъсирини камайтириш учун жойлардаги тиббиёт муассасаларида диагностика жиҳозлари, томограф аппаратларини кўпайтириш тавсия этилди.

Инфратузилма объектларини, йўллар, электр ва газ таъминоти талаб даражасида бўлишини таъминлаш, қиш мавсумига тайёргарликни кучайтириш, озиқ-овқат деҳқон бозорларида маҳсулотлар нархларини асоссиз ошиб кетишининг олдини олиш бўйича таклифлар берилди.

Бир сўз билан айтганда, ҳисоботда келтирилган ҳар бир масала чуқур таҳлил қилиниб, сайловчилар томонидан кўтарилаётган, бевосита Давлат дастурига дахлдор бир қатор масалаларга жавоблар олинди. Агар унда белгиланган вазифалар ўз вақтида амалга оширилса, мамлакатимиз ва жамиятимиз ҳаёти бундан-да яхшиланади. Шундай экан, Давлат дастури ижроси белгиланган муддатда сифатли бажарилиши керак.

  Актам ҲАИТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Спикери ўринбосари,

     O'zLiDeP фракцияси раҳбари

  • Кўрилди
    241
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+