Келгусида умумтаълим муассасалари директорларини лавозимга тайинлаш тегишли халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашлари билан келишилган ҳолда амалга оширилади

29.10.2020, 10:32

Келгусида умумтаълим муассасалари директорларини лавозимга тайинлаш тегишли халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашлари билан келишилган ҳолда амалга оширилади

Бугун даврнинг талаби дунё миқёсидаги айни кундаги кескин рақобатга бардош бера оладиган миллий таълим тизимини яратиш, дарслик ва ўқув қўлланмаларини замон талаблари асосида такомиллаштириш, уларнинг янги авлодини яратиш, ўқув дастурлари ва стандартларини оптималлаштиришни тақозо этмоқда. Таълим-тарбия муассасаларининг раҳбар ходимлари, педагог
ва мураббийлари, профессор-ўқитувчилари ва илм-фан соҳалари вакилларининг жамиятимиздаги ўрни ва мақомини ошириш, уларнинг машаққатли меҳнатини муносиб қадрлаш ва фаолият самарадорлигига қараб моддий рағбатлантириш юзасидан янада чуқурроқ ислоҳотлар зарурлигини замон кўрсатмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг “Мамлакатимиз таълим-тарбия тизимини янада такомиллаштириш, илм-фан соҳаси ривожини жадаллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони лойиҳаси айни мақсадларни ўзида ифода этгани билан эътиборлидир. Унга кўра, мамлакат тараққиёти учун янги ташаббус ва ғоялар билан майдонга чиқиб, уларни амалга оширишга қодир бўлган, интеллектуал ва маънавий салоҳияти юксак янги авлод кадрларини тайёрлаш, таълим ташкилотлари битирувчилари замонавий касб эгалари бўлишлари учун уларда зарур кўникма ва билимларни шакллантиришда аввалгидан жиддийроқ масъулият талаб этилади.

Барчага бирдек аёнки, тараққиётнинг тамал тоши ҳам, мамлакатни қудратли, миллатни буюк қиладиган куч ҳам бу – илм-фан, таълим ва тарбиядир. Эртанги кунимиз, Ватанимизнинг ёруғ истиқболи, биринчи навбатда, таълим тизими ва фарзандларимизга берилаётган тарбия билан чамбарчас боғлиқ. Шунинг учун ҳам фармон лойиҳасида белгиланишича, Ўзбекистон Республикасида таълим ва тарбия тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган комплекс чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилиб, унинг ижроси Вазирлик, идоралар, маҳаллий ижроия ҳокимияти органларининг биринчи раҳбарлари зиммасига ўз вақтида ва сифатли амалга оширилиши бўйича шахсий жавобгарлик сифатида юкланди.

Лойиҳада тизимда қатор имтиёзлар белгиланиши билан бирга, 2021 йил 1 январдан бошлаб умумтаълим муассасалари директорларини лавозимга тайинлаш, уларга нисбатан интизомий жазо қўллаш ҳамда иш берувчининг ташаббусига кўра лавозимидан озод этишнинг Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, вилоятлар бошқармалари ва Тошкент шаҳар бош бошқармаси (кейинги ўринларда – ҳудудий халқ таълими бошқармалари) томонидан тегишли халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашлари билан келишилган ҳолда амалга ошириш тартиби жорий қилиниши қатъйи белгилаб қўйилди. Бу бир томондан депутатлар ваколатларининг кенгайтирилишини ўзида ифода этса, иккинчи томондан таълим тизимида депутат ва педагог раҳбар ҳамкорлигини йўлга қўйилишига хизмат қилади.

Хуршидахон ХАЛИЛОВА,

O’zLiDeP Андижон вилоят Кенгаши раиси,

халқ депутатлари вилоят кенгаши депутати.

Теглар
Муносабат
  • Кўрилди
    590
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+