O'zLiDeP фракцияси аъзолари фармон лойиҳасига ўз таклифларини берди

29.10.2020, 14:43

O'zLiDeP фракцияси аъзолари фармон  лойиҳасига ўз таклифларини берди

Айни пайтда Президентимизнинг “Мамлакатимиз таълим-тарбия тизимини янада такомиллаштириш, илм-фан соҳаси ривожини жадаллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони лойиҳаси кенг жамоатчилик томонидан қизғин муҳокама қилинмоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O'zLiDeP фракцияси ва  партия Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ҳамкорлигида ташкил этилган йиғилиш ҳам айни ушбу фармон лойиҳаси муҳокамасига бағишланди.

Парламент қуйи палатаси Спикери ўринбосари Актам Ҳаитов кун тартибидаги масала юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирар экан, шу кунларда жамоатчилик томонидан кенг муҳокама қилинаётган фармон лойиҳасини янада такомиллаштириш, таълим хизматларини кўрсатиш бўйича хусусий секторнинг салмоғини кенгайтириш лозимлигини таъкидлади.  

–Лойиҳада Халқ таълими вазирлиги, Молия вазирлиги ҳамда Давлат активларини бошқариш агентлигининг умумтаълим муассасасини сақлаш учун Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар миқдорини камайтирмаган ҳолда Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги навбатлилик коэффициенти паст бўлган умумтаълим муассасаларини тажриба-синов тариқасида хусусий сектор вакилларига 5 йилга ишончли бошқарувга бериш таклиф этилмоқда, – деди А.Ҳаитов. –Бунда ишончли бошқарувчига умумтаълим муассасасида таълим олаётган ҳамда унга бириктирилган микроҳудуд ўқувчиларини ўқитиш, уларни рақобатбардошлигини таъминлаш, таълим сифатини ошириш ва умумтаълим муассасасининг биноларини таъмирлаш, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш бўйича инвестиция мажбуриятлари юклатилади. Қолаверса, ишончли бошқарувчига нодавлат таълим ташкилоти фаолиятини ташкил этиш учун умумтаълим муассасасининг бўш турган бинолари ва ер майдонлари ажратилади. Бу таклиф амалга ошиши учун ишончли бошқарувчига янаям кенгроқ имконият бериш биз учун яккаю ягона ва энг тўғри йўлдир.

Йиғилишда сўз олган депутатлар жамият тараққиёти, миллий фаровонлик ҳамиша ёш авлоднинг таълим-тарбияси, замонавий билимларни чуқур эгаллаган янги кадрлар, уларнинг юксак малакаси билан боғлиқ бўлиб келганини айтиб, таълим тизимида хусусий сектор иштирокини кенгайтириш ҳар қачонгидан ҳам муҳимроқ эканини таъкидладилар.

Шунингдек, мазкур фармоннинг қабул қилиниши мамлакатда таълим-тарбия тизимининг сифати ва самарадорлигини оширишга хизмат қилишини қайд этиб, лойиҳа юзасидан ўз фикрларини билдирди.

Фармон лойиҳаси  6-банди учинчи  хатбошисини қуйидаги иккинчи абзац билан тўлдириш таклиф этилмоқда: “Битирувчи курс талабалари таълим олиш давомида педагогик курсларга қўшимча равишда турдош йўналиш бўйича қайта тайёрлаш курсларида ҳам қатнашлари учун имконият яратилсин”.

Бу қўшимча битирувчиларга ўқишни тугаллаганидан сўнг турдош йўналиш бўйича ҳам мактабларда дарс бериш имконини беради. Натижада ҳозирги пайтда мактабларда маълум бир фан бўйича дарс соатлари вакант турган бир пайтда ишга келаётган битирувчи қайта тайёрлашдан ўтмагунича бундай дарс беришга қўйилмаслиги ҳолатларининг бартараф этилишга эришилади. Энг муҳими, олис ва чекка ҳудудлардаги мактаб ва мактабгача таълим муассасаларида мутахассис педагог кадрлар етишмовчилиги муаммосининг маълум даражада ечилишига қўшимча асос яратилади.

Йиғилиш якунида кўриб чиқилган барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

  • Кўрилди
    565
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+