Аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш ва бандликни таъминлашда янгича механизмлар жорий этилади

30.10.2020, 12:32

Аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш ва бандликни таъминлашда янгича механизмлар жорий этилади

Глобал пандемия туфайли сайёрамизда ишсизлик даражаси ошиб бормоқда. Халқаро меҳнат ташкилоти маълумотига кўра, пандемия туфайли тўрт юз миллиондан кўпроқ инсон ўз иш жойини йўқотган. Мамлакатимизда ҳам иқтисодий фаол аҳолига нисбатан ишсизлик даражаси 13,2 фоизни ташкил этиб, пандемиянинг меҳнат бозорига салбий таъсири ҳисобига бу кўрсаткич 2019 йилдагига нисбатан 4,1 фоиз ошди. Бугунги кунда ишга муҳтож аҳоли сони 1,9 миллион кишидир.

Шу боис, ишсизликнинг олдини олиш, юзага келган глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш, аҳоли бандлигини таъминлаш, кам таъминланган оилалар ва тадбиркорлик субъектларини манзилли қўллаб-қувватлаш юзасидан узлуксиз чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Жорий йил 20 октябрда Президентимиз томонидан имзоланган “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги қонун ушбу долзарб муаммолар ечими йўлида муҳим дастуриламал бўлди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси раиси Мавлуда ХЎЖАЕВА билан суҳбатимиз ушбу қонуннинг мазмун-моҳияти, аҳамияти, мамлакатимизда аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги ишларнинг самараларига бағишланди.

— Бугунги кунда мамлакатимизда иш билан банд аҳолининг 43,8 фоизи расмий, 56,2 фоизи норасмий тармоқда меҳнат қилмоқда, — деди М.Хўжаева. — Ҳар йили 600-700 минг аҳоли меҳнат бозорига кириб келади. Ана шундай бой меҳнат ресурслари салоҳиятидан унумли фойдаланиш ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг устувор йўналишига айланган. Айниқса, глобал пандемия туфайли юзага келган иқтисодий инқироз шароитида бу масала янада долзарб тус олди.

Шу боис, ўтган қисқа муддат ичида бу йўналишда қатор ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиниб, уларнинг ижросини таъминлаш юзасидан қатъий чора-тадбирлар кўрилмоқда. Президентимиз раислигида жорий йил 8 октябрда жамиятда аёллар ва ёшларнинг ролини ошириш ҳамда бандлигини таъминлаш чора-тадбирлари муҳокамаси юзасидан бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида мазкур йўналишдаги ишлар яна бир карра таҳлил этилиб, муҳим вазифалар белгилаб берилди. Айни пайтда бу йўналишда тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда ҳамда соҳага оид қонунчилик такомиллаштирилмоқда.

 — “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги қонунни қабул қилиш зарурияти ва амалдаги “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги қонундан фарқли жиҳатлари ҳақида, меҳнат бозоридаги муносабатларни тартибга солиш билан боғлиқ янгиликлар тўғрисида тушунтириш берсангиз.

 — Қайд этиш керакки, амалдаги — 35 моддадан иборат “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги қонунда (1998 йилда қабул қилинган) меҳнат бозорининг ҳозирги ҳолати тўлиқ акс этти-рилмаган, қонун нормалари маънан эскирган, бугунги кун талабига жавоб бермай қолган. Меҳнат бозорини тартибга солишнинг янги инструментлари, хусусан, тадбиркорликни ва иш берувчиларни рағбатлантириш, ўзини ўзи банд қилиш, ишсизларни касб-ҳунарга ўқитиш, малакасини ошириш, иш стажини ҳисобга олишда ахборот тизимларидан фойдаланиш кабилар акс эттирилмаган. Шунингдек, сўнгги 22 йил ичида меҳнат бозорида қатор жиддий ўзгаришлар рўй берди, жумладан, иш билан банд бўлганлар сони 1,5 баробар, иш берувчилар сони 4,5 баробар ошди.

Куни  кеча  Президентимиз  томонидан  имзоланган “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги қонун соҳадаги мавжуд муаммоларнинг ҳуқуқий ечимига қаратилгани билан аҳамиятлидир. Қонун 19 боб, 621 та моддадан иборат. У тўғридан-тўғри амалиётда ишлайдиган хусусиятга эга бўлиб, амалдаги 3 та қонун, Президентимизнинг 12 та фармон ва қарори ҳамда Вазирлар Маҳкамаси томонидан бандлик ва меҳнат бозорини тартибга солиш, ташқи меҳнат миграцияси билан боғлиқ масалаларга оид қабул қилинган 40 дан зиёд меъёрий ҳужжатда кўзда тутилган ҳуқуқий нормаларни, тизимдаги сўнгги ислоҳотларни, янги молиявий механизмларни ўзида ифода этган. Қонунни қабул қилиш жараёнида ўндан зиёд хо-рижий давлатнинг соҳага оид қонунчилик тажрибаси ҳар томонлама ўрганилди ва қиёсий таҳлил қилинди. Иш берувчилар, соҳа ходимлари ва маҳаллий кенгаш депутатлари иштирокида жамоатчилик муҳокамалари ўтказилди.

Қонун амалдагисидан тубдан фарқ қилади. Соҳага комплекс ёндашиш мақсадида барча давлат органлари ва ташкилотларнинг вазифалари белгилаб берилди. Жумладан, биринчи маротаба Вазирлар Маҳкамаси, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги, ишга жойлаштириш бўйича агентликлар ҳамда аутстаффинг хизматларини кўрсатувчи иш берувчиларнинг соҳадаги вазифалари белгиланди. Ишга жойлаштириш бўйича агентлар аҳолининг ишга жойлашишига кўмаклашишга доир ишларни маҳаллий меҳнат органлари билан тузилган шартномалар асосида бажарувчи жисмоний шахслардир. Уларга Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан белгиланган тартибда ҳамда миқдорларда рағбатлантирувчи хусусиятга эга тўловлар бериш кўзда тутилган.

Аутстаффинг иш берувчи томонидан ўз ходимларини уларнинг розилиги билан бошқа юридик шахсларга ушбу ходимлар томонидан иш берувчи ва унинг ходими ўртасида тузилган меҳнат шартномаларида, жамоа келишувларида белгиланган меҳнат вазифаларини бажариш учун вақтинчалик юбориш йўли билан кўрсатиладиган хизматлар тури ҳисобланади.

Қонунда иш ўринларини ташкил этишга доир давлат буюртмасини шакллантириш, давлат буюртмасига мувофиқ иш ўринлари ташкил этилишини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш белгиланди. Иш ўринларини ташкил этишга доир буюртмани олган ташкилотларга Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармасидан ссуда ажратилади. Ссуда 3 йилгача муддатга миллий валютада берилади ва битта иш ўрни учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваридан (11 150 000 сўм) ошиб кетиши мумкин эмас.

Маҳаллий меҳнат органларига мурожаат эт-ган иш қидираётган ва ишсиз шахсларга кўрсатиладиган хизматлар сони 7 тадан 16 тага кўпаймоқда. Иш қидираётган шахсларни меҳнат органлари томонидан рўйхатга олиш ва ҳисобдан чиқариш, ишга жойлаштириш билан боғлиқ жараёнлар соддалаштирилди. Шу билан бирга, ҳужжатда ижтимоий ҳимояга муҳтож, иш топишда қийналаётган ва меҳнат бозорида тенг шароитларда рақобатлаша олмайдиган шахсларни ишга жойлаштириш бўйича қўшимча кафолатлар алоҳида моддаларда очиб берилмоқда.

Аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларини ишга жойлаштириш тартибга солинмоқда, жумладан, ижтимоий эҳтиёжманд аҳоли тоифалари кенгайтирилиб, уларга 14 ёшга тўлмаган болалари ва ногиронлиги бўлган болалари бор ёлғиз ҳамда кўп болали ота-оналар киритилди. Ижтимоий муҳофазага муҳтож шахсларни белгиланган энг кам сондан ортиқча ишга қабул қилган иш берувчиларга ҳар бир ишга қабул қилган ходим учун 12 ой давомида субсидиялар ажратилиши белгиланди. Қонунга ишсиз шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга оид нормалар киритилди. Жумладан, ишсизлик нафақаси миқдори 2,5 баробар оширилди. Барча тоифадаги ишсиз шахсларга ишсизлик нафақаси 12 ойлик давр ичида 26 календарь ҳафта давомида тўланиши белгиланди. Олдинги тартибга кўра, нафақа илгари ишламаган ва биринчи бор иш қидираётганларга 12 ойлик давр мобайнида 13 календарь ҳафта тўланарди.

Амалдаги қонунда бўлмаган, ишсиз шах-сларни ва иш қидираётган шахсларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш аҳоли бандлиги соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишларидан бири сифатида белгиланди. Касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ёки малака ошириш даврида ишсиз шахсларга Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси ҳисобидан 26 календарь ҳафтагача муддатга стипендия тўланиши кўзда тутилган. Стипендияларнинг миқдори 2-2,5 баробаргача ошмоқда. Масалан, ишдан ва иш ҳақидан охирги 12 ойликда маҳрум бўлганларга — аввалги иш жойидаги ўртача ойлик иш ҳақи-нинг 75 фоизидан, лекин меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан кам бўлмаган (679 330 сўм) ва ўртача иш ҳақидан кўп бўлмаган миқдордаги стипендия тўланади. Олдинги тартибга кўра, бундай шахсларга меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 35,2 фоизидан (239 124 сўм) оз бўлмаган миқдорда бўлган.

Мазкур қонунда амалдагисида мавжуд бўлмаган бир қатор янги тушунчалар алоҳида моддада берилган. Ўзини ўзи иш билан банд қилиш, “Ягона миллий меҳнат тизими” идоралараро дастурий комплекси, касбий малака, билим ва кўникмаларни ривожлантириш миллий тизими, малакани баҳолаш ва бошқалар шулар жумласидан.

Қонунга кўра, жисмоний шахсларга енгил конструкцияли иссиқхоналар қуриш учун ажратиладиган субсидиялар миқдори — базавий ҳисоблаш миқдорининг (223.000 сўм) ўттиз бараваригача, уруғлик, кўчат олиш учун — базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваригача, суғориш воситалари харид қилиш учун — базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваригача миқдорда оширилди.

Иш берувчиларни рағбатлантириш механизмлари аниқ нормаларда берилаётгани эътиборга молик. Субсидия бандликни рағбатлантириш ва тадбиркорликка жалб этиш учун Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармасининг маблағлари ҳисобидан кўрсатиладиган молиявий кўмакдир.

Субсидиялар иш берувчиларга маҳаллий меҳнат органларининг йўлланмаси бўйича ишга қабул қилинган ходимларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ёки уларнинг малакасини оширишга доир харажатларнинг ўрнини қоплаш учун — ҳар бир ходимга олти ой давомида ҳар ой меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг бир ярим бараваригача бўлган миқдорда ажратилади.

Хорижда меҳнат фаолиятини олиб бораётган фуқароларни ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоя қилиш масалалари амалдаги қонунда берилмаган эди. Янги қонуннинг алоҳида бобида фуқароларнинг чет элларда ишлаш ҳуқуқи, чет элда ишлаш тартиби, меҳнат мигрантларининг кенг қамровли маълумотлар базасини шакллантириш, уларнинг кетишдан олдинги тайёргарлиги, мониторинги, моддий ва ижтимоий ҳимояси каби бандликнинг комплекс масалалари акс эттирилган.

Умуман айтганда, бугунги кунда ўта долзарб бўлиб турган бандлик соҳасидаги муаммоларни ҳал қилишда мазкур ҳужжат ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.

 — Аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги амалий ишлар хусусида ҳам тўхталиб ўтсангиз.

 — Коронавирус пандемияси меҳнат бозорига, меҳнат муносабатлари ва аҳоли бандлигига кўмаклашишда ҳамда ташқи чегаралар ёпилиши муносабати билан хорижга ишлаш учун кета олмаган фуқаролар, айниқса, ёшлар ва аёлларнинг бандлигини таъминлаш бўйича кечиктириб бўлмас зарурий чоралар кўришни тақозо этмоқда.

Маълумотларга кўра, жорий йилнинг январь-сентябрь ойларида меҳнат органлари томонидан қарийб тўққиз юз минг нафар хотин-қиз ва ёшга бандлик ва меҳнат соҳасида хизматлар кўрсатилган. Жумладан, 125,4 минг нафар хотин-қиз, 101,4 минг ёш доимий ишга жойлаштирилди. Шунингдек, тўрт юз минг нафардан зиёд хотин-қиз ва ёш ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб қилинди, уларнинг иш ҳақи учун Жамоат ишлари жамғармаси маблағлари ҳисобидан 270,5 миллиард сўм маблағлар молиялаштириб берилди. Бундан ташқари, йигирма уч минг нафардан зиёд хотин-қиз ва ёш меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларга ўқитилди. Ишсиз аёллар ва ёшларга 15,3 миллиард сўм ишсизлик нафақаси тўлаб берилди.

Тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш мақсадида меҳнат органларига мурожаат қилган 1,6 минг нафар хотин-қизга 335 миллион сўм, 1,4 минг нафар ёшга 317,0 миллион сўм субсидия маблағлари ажратилди. Шунингдек, 231 та тадбиркорлик субъектига касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш харажатларини қоплаш учун 5,3 миллиард сўм субсидия маблағлари ажратилиб, натижада 2,2 минг хотин-қиз ва 1,4 минг ёшнинг бандлиги таъминланди.

Шахсий томорқаларда енгил типдаги иссиқ-хона қурилиши, экин экишга уруғлар ва кўчатлар харид қилиниши, суғориш воситаларини харид қилиш учун субсидия берилди. Бугунги кунда 149 та туманда захирадаги фойдаланилмаётган 8,7 минг гектар лалми ер майдонида 389 та кооператив ташкил этилди ҳамда пудрат шартномаси асосида бириктирилган 6,8 минг хотин-қизга 15,1 миллиард, 10,5 минг ёшга 23,5 миллиард субсидия ажратилди.

 Аҳоли бандлигини таъминлашдаижтимоий шартноматажрибасини кенг қўллашга эътибор қаратилмоқда. Бу тизим ишсизлик муаммосини бартараф этиш, аҳоли, айниқса, аёллар ва ёшларни иш билан таъминлашда қандай самара беради?

 — Бугун жамиятимизда меҳнат муносабатлари тез ривожланмоқда. Ишлаб чиқариш, айниқса, хизмат кўрсатишда қисқа вақтда янгидан-янги тармоқлар пайдо бўлмоқда. Эндиликда яхши даромад ишлаб топиш, оила фаровонлигини таъминлаш учун меҳнат бозорида талаб юқори бўлган замонавий касб-ҳунарларни эгаллаш фаровонликка етакловчи муҳим йўлдир. Аммо ишсиз одам ҳунар ўрганиш, малака ошириш учун кўпинча маблағ топишга қийналади. Бундай вазиятда ишлашга иштиёқманд одамларни, айниқса, ўқув курсларини тамомлаб, сертификат олганларга имтиёзли кредитлар ажратиш учун сарфланади. “Ижтимоий шартнома” орқали нодавлат касб-ҳунар ўқув курсларини битирадиган ёшлар ва аёлларга таълим харажатлари учун 1 миллион сўмгача субсидия берилади. Шу тариқа қўллаб-қувватлашга муҳтож ёшлар ва аёллар ҳунар ўрганиб, ишли бўлса, ҳаётда, албатта, ўз ўрнини топади.

Президентимизнинг жорий йил 13 октябрда қабул қилинган “Аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш тизимини такомиллаштириш ва тадбиркорликни ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан 2020 йил 15 ноябрдан бошлаб ёшлар ва хотин-қизларни касб-ҳунар ва тадбиркорлик кўникмаларига ўқитишни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг тегишли тартиби ўрнатилди. Унга мувофиқ, Тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги, Бизнес ва тадбиркорлик олий мактаби томонидан маъқулланган дастурлар ва белгиланган талаблар асосида ташкил этилган ўқув курсларини тамомлаган ҳар бир битирувчи (ёшлар, хотин-қизлар) учун касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш бўйича нодавлат таълим ташкилотларига сарфланган харажатларнинг 70 фоизи, бироқ ҳар бир битирувчига 1 миллион сўмдан ортиқ бўлмаган миқдорда давлат томонидан компенсация қилинади. Касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш бўйича нодавлат таълим ташкилотлари курсларини муваффақиятли тамомлаб, уларнинг сертификатини олган шахсларга ўз бизнесини ташкил этиш учун микрокредит ажратилади.

Албатта, бу чора-тадбирлар аҳоли бандлигини таъминлаш, пандемия шароитида ишсизлик муаммосига самарали ечим топишда муҳим натижалар бериши шубҳасиз. Шу билан бирга, бу йўналишда ҳали қилинадиган ишлар жуда кўп. 2021 йил 1 январга қадар Қорақалпоғистон Республикасида ва вилоятларда “Ишга марҳамат” мономарказларини қуриб битказилишини таъминлаш, ҳар бир ҳудудда 5 тадан хотин-қиз бандлигини таъминлашга йўналтирилган тикувчилик ва ҳунармандчилик кооперативларини ташкил этиш шулар жумласидандир.

Қонунлар ижроси тўлиқ таъминланишига эришиш, қолаверса, давлатимиз томонидан берилаётган имкониятлардан аҳолининг тегишли қатлами тўла баҳраманд бўлишини таъминлаш, бу соҳада парламент назоратини кучайтириш зиммамиздаги муҳим вазифадир. Бунга эришиш учун давлат ва нодавлат ташкилотларнинг яқин ҳамкорлиги, депутатлик назорати институти ва жамоатчилик назорати механизмларидан самарали фойдаланиш кўзланган натижаларга эришишимизда муҳим омил бўлади.

Янги Ўзбекистонмухбири

Баҳор ХИДИРОВА суҳбатлашди

  • Кўрилди
    1200
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+