Ёшларни ёдлашга эмас, фикрлашга чорлайдиган методика яратиш керак

10.11.2020, 16:12

Ёшларни ёдлашга эмас, фикрлашга чорлайдиган методика яратиш керак

Давлатимиз раҳбари ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан соҳа вакилларига йўллаган табрик нутқида тараққиётнинг тамал тоши ҳам, мамлакатни қудратли, миллатни буюк қиладиган куч ҳам илм-фан, таълим ва тарбия эканлигини алоҳида таъкидлади. Зеро, бугун қайси соҳани олмайлик, замонавий етук кадрларни тарбияламасдан туриб фаровон ҳаётга эришиш қийинлиги кундек равшан.

Бинобарин, ҳар бир оила, ҳар бир келажак авлод ҳаёти мактаб билан боғланганини, бу масала давлатнинг, жамиятнинг энг муҳим юмуши эканини инкор этиб бўлмайди. Айниқса, бугунги модернизация жараёнлари, ислоҳот ва ўзгаришлар натижадорлиги мактаб таълимига, янги авлод кадрларини етиштириш масаласига бориб тақалаётган бир вақтда мазкур масала ўта долзарбдир.

Шу маънода қишлоқ ва шаҳарларда таълим-тарбия, маданият ва маънавият тарқатадиган фидойи инсонлар сифатида мактаб директорлари ва муаллимларга кўп нарса боғлиқ. Негаки, мактаблар нафақат таълим маскани, балки маҳалланинг маданий, интеллектуал маркази ҳамдир.

Бугун давр жамиятда муаллимнинг обрў-эътибори ва мақомини кўтариш, ўқув дастурлари ва методикасини тўлиқ қайта кўриб чиқиш, мактабни таълимнинг кейинги босқичлари билан узвий боғлаш, ўқитувчиларни ортиқча қоғозбозликдан халос этиб, ўз устида кўпроқ ишлаши учун шароит яратиш ва шуни рағбатлантириш, мактаб инфратузилмаси ва ундаги маънавий муҳитни яхшилашни талаб қилмоқда. Шу жиҳатдан жойлардаги раҳбарларнинг, маҳаллий кенгашларнинг ушбу муҳим масалага ёндашуви ва эътиборини тубдан ўзгартириш, уларнинг масъулияти, жавобгарлиги ва ҳисобдорлиги механизмлари кўриб чиқилиб, амалиётга татбиқ этилмоқда.

Тан олиш керак, айрим ҳолларда мактабларда ўқувчиларни ёдлашга ўргатадиган методика билан фаолият юритилади. Бу эса кутилган натижани бермайди. Эндиликда фарзандларимизни фикрлашга чорлайдиган методика яратиш зарур. Масалан, бу борада Финляндия тажрибасини олиш мумкин. Ушбу мамлакат умумий саводхонлик, табиий фанлар ва математика бўйича дунёда энг илғорлардан бири саналади. Ўқувчилар ўқитувчи билан бирга фикрлайди, ундан фикрлаш, тасаввур қилиш, аниқ ечим топиш бўйича мотивация олади, саводхонлик ҳам юқори.

Бир жиҳатдан кўз юммаслик керак. Мактаблар билим билан бирга тарбия, маънавият маскани ҳамдир. Муҳтарам Президентимиз бу ишларга ҳудудларда яшаб, ижод қилаётган шоир ва ёзувчиларни кенг жалб қилиш, мактабларнинг директор жамғармасидан ва маҳаллий бюджет маблағларидан уларга ойлик маош тўлаш лозимлигини таъкидлагани замирида ҳам маънавиятнинг таълимга уйғун ҳолда олиб борилиши мақсади мужассам.

Аслида юқорида тилга олган масалаларимиз учун вақт керак. Бир ёки икки йилда кўзланган натижага эришиб бўлмайди. Лекин ҳаракат, астойдил меҳнат билан самарадорликка етиш лозим. Шунинг учун ҳам давлатимиз раҳбари бу борада «Бу – йиллар давомида кўринмайдиган, аммо натижаси яқин 10-15 йилда бутун мамлакат қиёфасини тубдан ўзгартиришга асос бўладиган қудратли манба», эканини алоҳида қайд этдилар.

Абдулла РЎЗМEТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик 

палатаси депутати,

O'zLiDeP фракцияси аъзоси

  • Кўрилди
    514
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+