Қарши туманида ўтказилган пресс-турда бизнес субъектлари фаолиятига юксак баҳо берилди

11.11.2020, 15:23

Қарши туманида ўтказилган  пресс-турда бизнес субъектлари фаолиятига юксак баҳо берилди

O’zLiDeP Қашқадарё вилояти Кенгаши Мафкуравий, ташвиқот-тарғибот ишлари бўлими ташаббуси билан Қарши туманида ўтказилган пресс-турда O’zLiDeP Қашқадарё вилояти ва туман ҳамда шаҳар Кенгашлари вакиллари, депутатлар, оммавий ахборот воситалари ходимлари, шунингдек, кенг жамоатчилик аъзолари иштирок этишди.

Анжуман қатнашчилари дастлаб, тумандаги “Ширин ният барака” масъулияти чекланган жамиятига қарашли 8 гектарлик иссиқхона фаолияти билан яқиндан танишдилар. Ҳудуддаги Пармитон қишлоғида барпо этилган бу иссиқхонада асосан экспортбоп помидор ва булғур қалампири парваришланмоқда. Энг қувонарлиси эса мазкур бизнес субъекти Пармитон қишлоғидаги 60 нафардан зиёд хотин-қиз бандлигини таъминлаган. Ишчи Санобар Файзиеванинг айтишига кўра, теплицанинг ҳар гектарига  25 минг тупдан помидор кўчати жойлаштирилмоқда.

Бухоро вилоятидаги ҳамкор ташкилотлар томонидан шартнома асосида келтирилган помидор кўчатлари  пешма-пеш ўтқазилмоқда. Экспортга мўлжалланган  “Азера”, “Беруний” ва “Аламина” навли помидор кўчатларини экаётган ишчиларнинг қўли-қўлига тегмайди.  Пресс-тур иштирокчилари бизнес субъекти фаолиятига юксак баҳо бериб, уларнинг келгусидаги ишларига омадлар тиладилар.

Бешкент шаҳрида бир неча йиллардан буён аҳолига намунали хизмат кўрсатиб келаётган “Гулшан” хусусий корхонаси анжуман иштирокчиларининг кейинги манзили бўлди. Мунисхон Очилова раҳбарлик қилаётган  нон ва нон маҳсулотлари, турли ширинликлар ишлаб чиқараётган бу хусусий корхонада 15 нафар хотин-қиз доимий иш билан банд этилган. Корхона раҳбари Мунисхон Очилованинг айтишига кўра, бу ерда кунига 1000 донадан зиёд қолипли нон ва 100 килограммга яқин торт ва ширинликлар тайёрланиб, аҳоли дастурхонига етказиб берилмоқда. Аммо цех биноси анчайин эскирган, ускуналар ҳам замонавий эмас. Шу боис, партиянинг вилоят Кенгаши раҳбарлари бу цехни ўз оталиғига олиб, замонавий бино, янги асбоб-ускуналар харид қилиш учун банкдан кредит олишга кўмаклашишини билдиришди. Шунингдек, цехнинг тўла қувват билан ишлаши учун 12 тонна ун маҳсулотига эҳтиёж мавжуд, аммо фонд бўйича бор-йўғи 3,5 тонна ун ажратилган, холос. Бу муаммо ҳам ижобий ҳал этилса, тадбиркор янада кўпроқ маҳсулот ишлаб чиқариб, тўкинчиликни таъминлайди.

Норжон Багдаева раҳбарлик қилаётган Бешкент шаҳридаги “Нафис стел” гўзаллик салони фаолияти ҳам анжуман иштирокчиларида илиқ таассурот қолдирди. Гўзаллик салонида 6 нафар хотин-қиз иш билан банд этилган ва уларнинг фаолиятидан мижозлар жуда мамнун

-Ҳар куни 25 нафар мижозга хизмат кўрсатаяпмиз,- дейди Н. Багдаева. –Аммо биз ўз биномизга эга эмасмиз. Ижарада турамиз. Агар бизга ер ажратилиб, мустақил фаолият юритиш учун имконият яратилса, фаолиятимизни янада кенгайтириб, хизмат турларини ҳам кўпайтирамиз.

  Нарзулла Намозов раҳбарлик қилаётган “Шарофиддин Нурилла” масъулияти чекланган жамияти томонидан Хитойдан 30 та янги автобус олиб келингани ва бу автобуслар Қарши шаҳридаги марказий кўчаларда қатнаётганидан хабардорсиз. Мазкур МЧЖда ўтказилган учрашувда Нарзулла Намозов айни пайтда у раҳбарлик қилаётган автокорхонада ҳозирги кунда аҳолига 110 та автобус аҳолига хизмат кўрсатаётгани ва 160 нафар киши иш билан банд этилганини айтиб ўтди. Шунингдек, автокорхона томонидан Қарши шаҳридаги 1, 7, 2, ва 30 –маршрутлар бўйича автобус қатнови йўлган қўйилгани ва 2021 йилда яна Хитойдан 20 дона янги автобус олиб келиниши айтиб ўтилди.

Анжуман иштирокчилари шунингдек, Қарши туманидаги бошқа бизнес тузилмалари, фермер хўжаликлари ва кичик бизнес субъектларини ҳам бориб кўришди ва уларнинг фаолиятига ижобий баҳо беришди.

O’zLiDeP Қашқадарё вилояти Кенгаши

матбуот хизмати.

  • Кўрилди
    461
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+