Қонун лойиҳаси суғурта соҳасининг асосий ғояси ва бевосита ҳуқуқий норматив базаларани такомиллаштиришни ўзида ифода этган

11.11.2020, 16:06

Қонун лойиҳаси суғурта соҳасининг асосий ғояси ва бевосита ҳуқуқий норматив базаларани такомиллаштиришни ўзида ифода этган

Кейинги йилларда мамлакатимизда суғурта соҳасида туб бурилиш бўлаётганига гувоҳ бўляпмиз. Аммо соҳада ҳамон ечимини кутаётган масалалар ҳам йўқ эмаслигидан кўз миб бўлмайди. Масалан, қонун даражасида тўғридан-тўғри ҳаракат қоидаларини белгилаш ва суғурта фаолияти соҳасидаги муносабатларни бошқаришнинг ягона механизмини яратиш, жумладан, суғурта соҳалари, синфлари ва  турларини аниқлаш, суғурта бозорини тартибга солиш, суғурта (қайта суғурта) ташкилотлари лицензиялаш, тартибга солиш ва тугатиш хусусиятлари,  суғурта брокерлари, бошқа жисмоний ва юридик шахсларнинг суғурта бозорида фаолият шароитлари, шунингдек, суғурта бозорини давлат томонидан тартибга солишда барибир ноаниқликлар мавжуд эди. Шунинг учун ҳам Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги “Суғурта фаолияти тўғрисида”ги Қонуни лойиҳасини ишлаб чиқиб, амалиётга татбиқ этиш тақозо этилмоқда.

Мазкур лойиҳа суғурта соҳасидаги истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган бўлиб,  унинг асосий ғояси бевосита ҳуқуқий норматив базаларни такомиллаштиришда  суғурта фаолиятини тартибга солишни яхшилаш ҳамда бу соҳада халқаро стандартларни изчил амалга ошириш орқали ҳуқуқий асосни такомиллаштиришга қаратилган.

Аввало, ҳар бир қонуний асосни яратишда халқаро тажрибаларни синчиклаб қараб чиқиш фойдадан холи эмас. Бу борада ҳам хорижий амалиётларга назар ташлаймиз. МДҲ мамлакатлари ва ХХРда суғурта қонунлари суғурта бозорининг профессионал иштирокчилари ўртасидаги маъмурий муносабатларнинг барча жиҳатларини қамраб олади, бевосита таъсир кўрсатади ва шунга мос равишда кўплаб моддалардан иборат. Бироқ Ўзбекистон Республикасининг 29 та моддадан ташкил топган “Суғурта фаолияти тўғрисида”ги Қонуни 18 йил олдин қабул қилинган бўлса-да, кўпроқ тавсифловчи характерга эга бўлиб қолган. Шу билан бирга замон талаблари ва воқеликларига тўлиқ жавоб бермайди, бошқа барча зарурий муносабатлар қонуности низомлари  билан тартибга солинган.

Айни қонуннинг янги таҳрири эса мазкур мавжуд камчиликлардан холи, 10 та боб, 98 моддадан ташкил топган. Масалан, янги таҳрирдаги лойиҳада аввалги ҳужжатда қўрсатилмаган суғурта ташкилотлари фақатгина акциядорлик жамиятлари шаклида ташкил этилиши белгиланган, суғурта ташкилотлари ва суғурта брокерларининг суғурта фаолиятини лицензиялаш назарда тутилган, суғурта ташкилотларининг лицензиялари тугатишда ваколитли давлат органи томонидан муваққат маъмуриятини тайинлаш юзасидан нормалар киритилган.

Албатта, шу ўирнда муҳим бир жиҳатни қайд этиш керак. Чунончи, ушбу қонун лойиҳаси қабул қилинса, бир қатор норматив  низомларга  бекор қилиш ёки ўзгартиришга доир ўзгартиришни киритиш зарурати туғилади. Демак, ушбу меъёрий ҳужжат соҳадаги қатор ноаниқликларга барҳам беради.

Жавлонбек ЭРГАШЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

  • Кўрилди
    442
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+