Мулк ҳуқуқи кафолатининг мустаҳкам пойдевори

11.11.2020, 17:49

Мулк ҳуқуқи кафолатининг мустаҳкам пойдевори

“Мулкдор мулкига ўз хоҳишича эгалик қилади, ундан фойдаланади ва уни тасарруф этади. Мулкдан фойдаланиш экологик муҳитга зарар етказмаслиги, фуқаролар, юридик шахслар ва давлатнинг ҳуқуқларини ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузмаслиги шарт”.

 Ўзбекистон Республикаси

Конституциясининг 54 моддасидан.

Мамлакатимизда ҳар қайси хусусий мулкдорнинг қонуний йўл билан қўлга киритган мулкининг дахлсизлигига асло шубҳа қилмаслигини таъминлайдиган ишончли ҳуқуқий кафолатлар тизими яратилган.

Бинобарин, мулкнинг эгаси бўлса, меҳнат унумдорлиги бир неча маротаба ортади. Мулкдорнинг кайфияти, интилиши, иш юритиши, ўз фаолиятига, умуман, ҳаётга муносабати бошқача бўлади. Мулк эгаси ўз ишини яхшилашга, мулкига мулк қўшишга ҳаракат қилади. Чунки улар жамиятдаги ўзгаришларга бевосита дахлдор бўлган қатламдир.

Мулк ҳуқуқи дахлсизлигини таъминламасдан иқтисодий ривожланишга эришиш қийин. Бу Асосий Қонунимизда ҳам алоҳида белгиланган бўлиб, хусусий мулк бошқа мулк шакллари каби дахлсиз ва давлат ҳимоясида эканлиги кўрсатиб ўтилган. Ушбу меъёр мамлакатимизнинг бошқа бир қатор қонунларида ҳам акс этган. Хусусан, “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонунда олиб қўйилаётган ер участкасидаги уйни, бошқа иморатларни, иншоотларни бузиб ташлашга зарарнинг ўрни бозор қиймати бўйича олдиндан ва тўла қопланмагунга қадар йўл қўйилмаслиги назарда тутилган. Шунингдек, мулкдор хусусий мулк ҳуқуқининг бекор қилинишига олиб келадиган қарорга рози бўлмаган тақдирда, бу қарор суд томонидан низо ҳал этилгунига қадар амалга оширилиши мумкин эмаслиги белгилаб қўйилган.

Шак-шубҳасиз, Ўзбекистон аҳолиси қонунчиликда белгиланган меъёрларга амал қилишлари шарт. Бироқ баъзи ҳудудларда қабул қилинаётган қонунларга риоя этмаслик ҳолатлари, афсуски, учраб турибди. Шу сабабли аҳоли ва тадбиркорларнинг хусусий мулк дахлсизлиги ҳуқуқи билан боғлиқ масалаларни ўрганиш мақсадида партия фаоллари ва депутатлардан иборат ишчи гуруҳи тузилиб, улар жойларда конституциявий норма ва амалдаги қонун талаблари доирасида снос масалаларини атрофлича ўрганмоқда. Мавжуд масалалар халқ депутатлари вилоят Кенгашлари билан ҳамкорликда таҳлил этилаётгани жойларда ноқонуний бузилишлар ва аҳолининг бу борадаги мулкий ҳуқуқлари поймол этилишининг олдини олишга хизмат қилаётир.

Ҳар бир тадбиркор, аввало, шуни аниқ-равшан билиб олиши керакки, давлат хусусий мулкдор ҳуқуқларининг ҳимоячисидир. Шунинг учун ҳам тадбиркорлар ўз бизнесига бехавотир инвестиция киритиши, ишлаб чиқариш фаолиятини кенгайтириши, маҳсулот ҳажми ва олаётган даромадини кўпайтириши, ўз мулкига ўзи эгалик қилиши, фойдаланиши, тасарруф этиши лозим. Демак, тадбиркорлик фаолиятининг эркинлиги, хусусий мулк дахлсизлигини амалда таъминлаш ҳар доим ҳам энг устувор вазифа бўлиб қолиши керак.

Шу нуқтаи назардан айтганда, мамлакатимизда тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, хусусий мулкнинг қонуний ҳамда амалий жиҳатдан устувор ролини таъминлаш, иқтисодиётда давлат улушини босқичма-босқич камайтиришга қаратилган аниқ манзилли чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда. Бу борада қабул қилинган қатор қонунлар ва қонуности ҳужжатлари билан давлат органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат идораларининг тадбиркорлик фаолиятига ноқонуний аралашувини бартараф этиш йўлида қатъий тартиб ўрнатилди.

Аҳамиятлиси, давлат органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат идоралари билан ўзаро муносабатларда тадбиркорлик фаолияти субъекти ҳуқуқларининг устуворлиги тамойили амал қилмоқда. Қонун ҳужжатларида ушбу фаолиятни амалга ошириш билан боғлиқ ҳолда юзага келадиган барча бартараф этиб бўлмайдиган зиддиятлар ва ноаниқликлар тадбиркорлик фаолияти субъектининг фойдасига ҳал этилмоқда. Тадбиркорликни ривожлантиришга тўсқинлик қилиш давлат сиёсатига тўсқинлик қилиш сифатида қаралмоқда.

Ўз навбатида, яна бир муҳим ҳужжат — “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонун хусусий мулк ҳуқуқига ғайриқонуний тажовузларни, тадбиркорлик субъектларининг фаолиятига асоссиз аралашувларни чеклашга қаратилган ҳуқуқий асос бўлди. Шунингдек, бошқа қонун ҳужжатларига тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга қаратилган қатор ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Албатта, буларнинг барчаси мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш, тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашда муҳим ўрин тутади. Шу билан бирга, тадбиркорлик субъектларининг мамлакатимиз иқтисодиётидаги роли ва аҳамиятини янада оширишга хизмат қилади.

Эътироф этиш керак, ҳозирги вақтда аҳолининг тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш хоҳиш-истаги ошиб, йилдан-йилга тадбиркорлик субъектларининг сони кўпаймоқда. Бунинг сабабини уларга яратиб берилаётган имконият натижаси, десак янглишмаймиз. Чунки ҳудудларда аҳоли билан мулоқотларимиз давомида одамларнинг ҳаёт даражаси ва сифатини оширишда айнан тадбиркорлик субъектлари ҳал қилувчи омиллардан бирига айланганини кўп бор гувоҳи бўляпмиз, ўряпмиз.

Таъкидлаш жоизки, партиямиз давлат иқтисодий сиёсати самарадорлигининг бош мезони — мамлакат рақобатбардошлиги, фуқаролар ҳаёти сифати, оилалар фаровонлигининг изчил ва жадал юксалиши, деб билади. Макроиқтисодий барқарорликни, давлат бюджети мутаносиблигини таъминлаш, маҳаллий бюджетларнинг даромадлар қисмини мустаҳкамлаш, бутун солиқ тизимини соддалаштириш, молия бозори барқарорлигини таъминлашга қаратилган қатъий пул-кредит сиёсатини амалга оширишга йўналтирилган макроиқтисодий сиёсатни қўллаб-қувватлайди. Бунинг бирдан бир самарали йўли — бозор ислоҳотларини янада чуқурлаштиришдир.

Биз иқтисодиётимизни янада эркинлаштириш, тадбиркорларга кенг йўл очиб бериш сиёсатини бундан кейин ҳам самарали давом эттирамиз. Айниқса, бу борадаги қонунчиликни такомиллаштириш мақсадида электоратимиз бўлган тадбиркорлар таклифларини мунтазам ўрганиш ва таҳлил қилишга катта эътибор қаратамиз. Зеро, Конституция ва қонунлар устувор бўлган юртда адолат тамойиллари таъминланади, иқтисодий барқарорлик кафолатланади.

 

Актам ҲАИТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатаси Спикери ўринбосари,

O'zLiDeP фракцияси раҳбари.

  • Кўрилди
    521
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+