Талон-торожлик васвасаси ёхуд давлат бюджети маблағларини ноқонуний ўзлаштираётган амалдорлар осмондан тушганми?

12.11.2020, 16:01

Талон-торожлик васвасаси ёхуд давлат бюджети маблағларини ноқонуний ўзлаштираётган амалдорлар осмондан тушганми?

Очиғи, соатлаб  давом этадиган турфа йиғилишу семинарлардан, фақат номи давра суҳбатига мос  келадиган баҳссиз мулоқотлардан  зерикканман.  Вақт беҳуда сарфланади кўпинча бундай тадбирларда. Энг ёмони, иштирокчиларни камида ярим соат олдин чақиришгани етмагандек, яна қарийб 1800 сония кеч бошлашади мажлисни. Шунинг ўзидан 60 дақиқа ҳавога совурилади.

Лекин бу галги семинарга қатнашганимга унчалик ачинмадим. Раислик қилувчининг кириш сўзи чўзилганини ҳисобга олмаганда ҳаммаси регламент бўйича ўтказилди. Тайёргарлиги сустроқ маърузачилар гапни олиб қочмоқчи бўлганида модератор уларни кун тартибидаги “ўзан”га қайтариб турди. Янгиланган молия сиёсатининг моҳияти хусусида бўлди мулоқот.

Шунчалик зўр тадбирдан биз бехабар қолдикми, дейишга шошилманг. Одатдагилардан жонлироқ ўтганини ҳам эътироф этиш керак-да, ахир. Кетган вақтимга афсусланмаганимнинг боиси унинг қай ҳолат ёхуд шаклда ўтганида эмас, қандай далил ва рақамлар тилга олингани, илгари айтилмаган айрим маълумотлар очиқ баён этилгани билан боғлиқдир.

Хуллас, Олий Мажлис Сенати уюштирган “Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг бюджет жараёнидаги роли ва бюджет ижроси устидан депутатлик назоратини ташкил қилиш” мавзусидаги видеоконференцалоқа тарзидаги семинарга бутун республика онлайн уланди. Оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳам таклиф этилганди, албатта.

Давлат бюджетини тузиш, кўриб чиқиш ва  қабул қилиш тартиблари, республика ва маҳаллий бюджет даромадларини шакллантириш жараёнлари ҳамда уларнинг харажатларини режалаштириш, ижросини таъминлаш, маҳаллий бюджетларнинг қўшимча даромад манбалари каби масалаларга урғу берилди. Шунингдек, бюджет маблағлари ишлатилиши устидан жамоатчилик ва депутатлик назоратининг ўрнатилиши борасида қилинадиган ишлар юзасидан таклиф ва тавсиялар билдирилди.

Шу жумла билан хабар-мақолани тугатиб қўйсам бўларди. Аммо оддий семинарда жорий йилнинг ўтган даврида қарийб 8 млрд. сўм бюджет маблағлари талон­торож қилингани ошкор этилиб, нима учун кўп олтин сотилаётгани изоҳлангани, орадан икки кун ўтиб Бош прокурор коррупция қудуғининг домига тортилган триллионлар ҳақида сўз очгани атрофлича таҳлилга эҳтиёж кучлилигини кўрсатди.

Кейинги пайтларда маҳаллий кенгашлар депутатларига бюджет ижросини қатъий назорат қилиш юклатилаётгани яхши. Бироқ ҳудудлардаги ҳурматли ноибларимиз журналист ва блогерлардан ортда қолаётганини ҳамон тан олгилари келмаётганлиги таажжубланарли. Масалан, Жиззах вилояти Зарбдор тумани ҳокими “Captiva” машинаси бўла туриб, тағин 370 млн. сўмга “TRAILBLAZER LTZ-AT” автомобили харид қилганини ким кўтариб чиқди? Тўғри, замонавий улов маҳаллий бюджетнинг учинчи чоракда прогноздан ошириб бажарилган қисмидан сотиб олинибди – буни тушундик. Мантиқсизлик шундаки, ҳокимга юксак қулайлик яратиб берган шу маблағга ўнлаб маҳаллаларнинг ички йўлларини созлаш орқали минглаб аҳолига қулайлик яратиш мумкин эмасмиди?

Яна бир қизиқ харид ҳақида депутатлар лом-мим демади. У ҳам бўлса, “Ўздонмаҳсулот” 2020 йил январь ойида “Сурхондарёдонмаҳсулот”дан 1,1 млрд. сўмга TOYOTA LAND CRUISER 4.6 cX R8A автомобилини сотиб олгани журналистларни ҳайратлантирди, бошқалар эса жим. Наҳотки, ҳатто мажлисларда ижтимоий тармоқларни кузатиб ўтирадиган вакилларимиз exarid.uzex. uz сингари очиқ сайтларга кириб кўришга эринишса? Мухбирларнинг эътиборини тортган маълумот уларни заррача қизиқтирмайдими?

Пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш қўмитаси 795 млн сўмга битта “Tahoe”, 635,5 млн. сўмга иккита “Malibu” ҳамда 115,6 млн. сўмга “Lasetti” харид қилган-чи?..

Сенат томонидан ташкил этилган семинарда таъкидланганидек, маҳаллий бюджет ижроси устидан депутатлик назоратини амалга оширишни учта, яъни дастлабки, жорий ва якуний назорат босқичларига ажратиш мумкин. Жумладан, дастлабки назорат – навбатдаги молиявий йил учун маҳаллий бюджет лойиҳасини муҳокама қилиш ва қабул қилиш, унга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш. Жорий назорат – маҳаллий бюджет ижросини Кенгаш доимий комиссияси йиғилишида кўриб чиқиш ҳамда сессия муҳокамасига олиб чиқиш. Якуний назорат – маҳаллий бюджетнинг молиявий йил якуни бўйича ижроси ҳақидаги ҳисоботни эшитиш, муҳокама қилиш ҳамда тегишли қарор қабул қилиш.

Хўш, депутатларимизнинг неча фоизи шу тамойиллар асосида жон куйдиряпти? Бюджет ижроси бўйича депутат сўрови депутатлик назоратини амалга оширишнинг энг муҳим ва зарурий шаклларидан ҳисобланиши ҳамманинг ёдидамикан?! Бугунги кунда ижтимоий тармоқларда бюджет маблағларининг мақсадсиз сарфланиши, камомад ва ўзлаштиришлар, ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари тез-тез ёритилиб, жамоатчилик томонидан кенг муҳокама ва эътирозларга сабаб бўлаётгани шу семинарда ҳам қайта-қайта айтилди. Буни барча маҳаллий кенгашлар вакиллари эшитди. Лекин ҳамон ҳаракатдан дарак йўқ. Чунки туманлар депутатлари ўз сўровига ё белгиланган муддатида, ё умуман жавоб ололмаслигини сезиб қолишган.

Шундай деймиз-у, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларининг сўрови ҳам айрим ташкилотлар томонидан эътиборсиз қолдирилаётгани ҳамон учраб турибди, афсуски. Сўзимизнинг исботи учун энг қайноқ мисоллардан бирини келтирамиз.

– Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан ўтка зилган текширув якунлари бўйича “UZAUTOMOTORS” АЖда қонунчилик ҳужжатларининг бузилиши, коррупцион ҳолатлар ва истеъмолчиларнинг ҳуқуқларига путур етказиш каби аломатлар кўринаётгани сабабли бир гуруҳ депутатлар мазкур масалани Бош прокуратура маҳкамаси томонидан ўрганилиб, ҳуқуқий баҳо берилиши ва жиноят аломатлари бор ёки йўқлиги юзасидан ўз нуқтаи назарини баён этишни сўраб, жорий йилнинг 21 август куни Бош прокурорга депутатлик сўрови юборган эдик, – деб ёзди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, O‘zLiDeP фракцияси аъзоси Расул Кушербаев. – Кўпчилик сайловчиларни қизиқтираётган сўров юзасидан шу йилнинг 4 ноябрь куни Бош прокурор ўринбосари имзоси билан хабарнома шаклида жавоб хати олдик. Бош прокуратура томонидан 28.10.2020 санаси билан рўйхатдан ўтказилган хабарномада “UZAUTOMOTORS” АЖда ўтказилган текширишда тўпланган ҳужжатлар бўйича  жиноий ҳодиса юз бермагани сабабли жиноят иши қўзғатиш рад этилгани, агар текширишдан норози бўлсак, қарор устидан шикоят қилишимиз мумкинлиги маълум қилинган... 

Энди худди шу жараённинг, яъни депутатлик сўровининг ҳуқуқий  асосига диққатингизни жалб қиламиз: “Парламент назорати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 15-моддасига мувофиқ давлат органларининг, хўжалик бошқаруви органларининг мансабдор шахслари Қонунчилик палатаси депутатининг, Сенат аъзосининг сўровига, агар бошқа муддат белгиланган бўлмаса,сўров олинган кундан эътиборан ўн кундан кечиктирмай ёзма жавоб юбориши, сўровга жавоб ўз номига сўров юборилган мансабдор шахс ёки унинг вазифаларини вақтинча бажараётган шахс томонидан имзоланиши белгиланган. Кўриниб турибдики, қонун посбонларининг ўзи ўн кунлик муддатни 67 кунга “ўзгартирган”.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 193-моддасига мувофиқ, мансабдор шахслар томонидан парламент сўровини, депутат, сенатор сўровини кўриб чиқмасдан қолдириш ёки уларни кўриб чиқиш муддатларини узрли сабабларсиз бузиш ёхуд улар юзасидан била туриб нотўғри маълумотларни қасддан тақдим этиш, мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваридан етти бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Ўйлангчи, ана шу миқдор айбдорни қийин аҳволга соладими-йўқми?

7 ноябрь куни Бош прокуратура биносида коррупция ҳолатлари кузатилаётган соҳалар ҳамда вазирликларда бунинг сабаб ва шарт-шароитларига бағишлаб ўтказилган идоралараро йиғилишдаги Бош прокурор маърузаси парламент сўровига нега унинг ўзи жавоб бермаганини ойдинлаштиргандай бўлди.

Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев ўз чиқишида немис давлат арбоби Бисмаркнинг “Ёмон қонунлар ва яхши амалдорлар билан давлатни бошқарса бўлади. Аммо амалдор ёмон бўлса, энг яхши қонунлар ҳам ёрдам  бермайди”, деган сўзларидан иқтибос келтириш орқали коррупция ботқоғига ботган амалдорларни қулоғидан тортиб чиқариб, жамоатчиликка кўрсатиш учун жиддий тайёргарлик кўрганини намойиш қилди.

Ўғирланган пуллар ҳақида гап кетар экан, бу борадаги дастлабки мисолларни молия органларининг бюджет сарфини тўлақонли назорат қилишига тизимдаги коррупция ҳолатлари тўсқинлик қилаётганидан келтирсак, мақсадга мувофиқ бўлади, назаримизда.

Бош прокурорнинг таъкидлашича, ўтган икки йилда молия органларининг 41 нафар ходими коррупция ҳолатлари учун жиноий жавобгарликка тортилган. Масалан, Давлат молиявий назорати департаментининг Сурхондарё вилояти бошқармаси бош назоратчи-тафтишчиси Н. Узун қурилиш коллежида аниқланган 265 миллион сўмлик камомадни яшириш эвазига коллеж бош ҳисобчиси А. дан 2 минг доллар ва 500 минг сўм олгани учун суд ҳукми билан жазога тортилган. Ғазначиликнинг Андижон вилояти бошқармаси мансабдор шахслари ходимларга иш ҳақи бериш важи билан банкдан  1 миллиард сўм ортиқча пул олишга эришиб, уни шахсий эҳтиёжлари учун сарфлаб юборгани юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ўтказилмоқда.

Ўзбекистонда сўнгги икки йилда 1 минг 986 нафар мансабдор шахс коррупциявий жиноятларни содир этгани учун жиноий жавобгарликка тортилган. Бундай жиноятлар оқибатида етказилган моддий зарар миқдори 2 триллион сўмдан ошгани айтилди. Прокуратура органларининг назорат тадбирлари ҳамда тергов натижалари таҳлили асосида коррупция энг кўп учраётган соҳалар, вазирлик ва идоралар кесимида аниқ мисоллар ва рақамларда кўрсатиб берилди.

Сенат семинари билан бу йиғилишнинг ўзаро уйғунлиги шунда бўлдики, иккаласида ҳам иқтисодий соҳадаги коррупциявий ҳолатлар асосан бюджет маблағларидан фойдаланиш жараёнида содир этилаётгани билдирилди.

– Охирги икки йилда республика бўйича 371 миллиард сўм бюджет маблағларини талон-торож қилиш ҳолатлари аниқланиб, бу қилмишлар учун 2 минг 477 нафар шахс жиноий жавобгарликка тортилган, – деди Ниғматилла Йўлдошев.

Халқ бойлигини туя қилишдек эгри ниятли амалдорларни тўхтатишнинг дунёда исботланган икки усули бор: жамоатчилик назорати ва шаффофлик. Янги Ўзбекистонда ана шу жараёнларнинг таъсирчанлиги ва самарадорлигини ошириш бўйича жиддий қадамлар қўйилаётгани ҳеч кимга сир эмас. Мисол учун, давлат харидлари очиқ электрон савдога ўтказилганини олинг. Ким пулни қаёққа сарфлаётгани dxarid.uzex.uz сайтида кўриниб турибди.

Мана, очамизу қараймиз: Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги томонидан Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси билан 705 млн. сўмлик, “Ўзрепорт” ахборот агентлиги билан 705 млн. сўмлик, “WEB Expert” МЧЖ (яъни, Kun.uz сайти) билан 225 млн. сўмлик, “Ўзбекистон 24” телеканали билан 98 млн. сўмлик тўғридан-тўғри шартномалар имзоланган. Жами:  1 млрд 733 млн. сўм. Одамлар бўлса спорт тадбирлари зўр бўлгани учун ҳамма канал кўрсатади деб юришади. Текинга мушук ҳам офтобга чиқмаслигини унутишади. Ушбу вазирлик жорий йилда 650 млн. сўмга иккита “Malibu” ҳам сотиб олган. Нега бўларди, амалдорларнинг уловларини эскирмасдан янгилаш учун.

Шахсий мулоҳазаларнинг хулосаси сифатида ҳозирда ижтимоий тармоқларда катта тезликда айланаётган “...мансабдорларнинг ягона истаги ҳашаматли кабинет ва қимматбаҳо машина...” тарзидаги фикрни келтирмоқни ножоиз деб билдим. Ҳаммаси ҳам ундай эмас. Халқим дейдиганлари талайгина...

Озод РАЖАБОВ,

 шарҳловчи

МАНБА

  • Кўрилди
    834
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+