O’zLiDeP депутатлари шаҳрихонликлар муаммоларига ечим топишда кўмаклашмоқда

12.11.2020, 17:08

O’zLiDeP депутатлари шаҳрихонликлар муаммоларига ечим топишда кўмаклашмоқда

Хатирахон Ҳайдарова Шаҳрихон тумани, Кийикбеков 6-тор кўча, 3-хонадонда истиқомат қилади. Саломатлиги ёмонлашганига анча вақт бўлди. Бироқ моддий таъминоти етарли бўлмаганлиги туфайли даволаниш учун имкон тополмаётганди.

Халқ депутатлари вилоят кенгашидаги O’zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзолари Хуршидахон Халилова, Раънохон Саттарова, Мансурбек Мамаюсупов ва Бобуржон Содиқовлар туманнинг Мустақиллик маҳалласида бўлиб, аҳолининг куз-қиш мавсумига тайёргарликлари, муаммоларини ўрганиш ишларини олиб бордилар. Айни жараёнда юқоридаги фуқаронинг масаласи юзага чиқди. Аёлнинг даволаниш бўйича мурожаати жойида қаноатлантирилди. Шаҳрихон туман тиббиёт бирлашмасига фуқаро Х.Ҳайдарова соғлигини тиклаш учун жойлаштирилди.

Мазкур хонадоннинг муаммоларини ўрганиш асносида аёлнинг фарзанди Муродил Ғуломовга ҳам бандлик масаласида кўмак зарурлиги маълум бўлди. O’zLiDeP депутатлари томонидан ушбу муаммо ҳам бартараф этилди. Шунингдек, оилага бир марталик моддий ёрдам пуллари ажратилиб, шу куннинг ўзидаёқ тақдим этилди.

Мустақиллик маҳалласи Кичикбеков кўчасининг 700 метр ички йўли абгор ҳолатда. Ёғингарчилик кўча аҳли зада қилган. Депутатлар ушбу кўчанинг аҳволига беэътибор ўтиб кетолмадилар. Кимдир мурожаат қилишини ҳам кутмадилар. Мазкур кўча хонадонларини ўрганиш жараёнида ўзлари гувоҳ бўлган муаммога ечим топиб қўя қолдилар. Туман мутасаддисининг кўмаги билан шу куннинг ўзидаёқ мазкур йўлга шағал ётқизиш ишлари бошланди.

Маҳалладаги ўрганиш ишлари Беҳизор кўчасида давом этди. Кўча аҳолиси электр энергиясидаги узилишлардан қийналади. Айниқса, куз-қиш мавсуми бошлангач, кўча аҳли учун хизмат қиладиган трансформатор каттароқ кучланишни “кўтармайди”. Фуқароларнинг мурожаатлари учун ўз вақтида ҳаракат қилинди. Депутатларнинг ташаббуси ва саъй-ҳаракатлари билан кўчаги янги юқори кучланишли трансформатор ўрнатиш ишлари бошланди.

Мана шундай ўзига юклатиган вазифага сидқидилдан ёндашадиган халқ ноиблари бор эканлиги уларга бўлган ишончнинг ортишига хизмат қилади. Улар масъулият билан қадам ташлайдилар. Зиммасидаги халққа камарбасталик, елкадошликни юрак билан ҳис қиладилар, виждон кўзи билан кўрадилар.

O’zLiDeP Андижон вилоят Кенгаши

Матбуот хизмати

  • Кўрилди
    435
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+