O’zLiDeP андижонлик ёшлар ўртасида “Келажакка касб-ҳунар билан” лойиҳасини амалга оширмоқда

12.11.2020, 17:10

O’zLiDeP андижонлик ёшлар ўртасида  “Келажакка касб-ҳунар билан” лойиҳасини  амалга оширмоқда

Улуғбек Қобилжонов андижонлик иқтидорли ёшлардан бири. Андижон давлат университети талабаси бўлиш билан бирга O’zLiDeP Ёшлар қанотининг барча лойиҳаларида фаол иштирок этади. Илғор ғоялари, янги ташаббуслари билан тенгдошлари сафини кенгайтиради. Айни вақтда партия Андижон шаҳар Кенгаши Ёшлар қаноти гуруҳ раҳбари сифатида атрофига 100 нафарга яқин қобилиятли, интилувчан йигит-қизларни жамлаган. Бундай иқтидорлар эртанги куннинг қаноти экан, уларга фақат рағбат бериш керак.

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Андижон вилоят Кенгаши Ёшлар қаноти ташаббуси билан Андижон туманида ўтказилган тадбирда Улуғбек Қобилжонов сингари 30 нафар ёшлар “Келажакка касб-ҳунар билан” лойиҳаси доирасида янги ташаббусларни ўртоқлашдилар.“Самара-салк” масъулияти чекланган жамиятида ташкил этилган мазкур давра суҳбати аввалида партия Ёшлар қанотининг ҳисобот конференцияларида тасдиқланган йўл харитаси асосида қабул қилинган вазифа ва топшириқлар ижроси хусусида атрофлича фикр юритилди.

-Таклифларимизни ҳам ўртага ташладик, - дейди партия вилоят Кенгаши Ёшлар қаноти фаоли, ёш парламентчилар аъзоси Хасанбой Қосимов. – Ўзим айни вақтда вилоят халқ таълими бошқармасида матбуот хизмати раҳбари сифатида фаолият юритаман. Соҳадан келиб чиқиб, мактабларда ҳам таълимни, ҳам ҳунармандчиликни бирга олиб бораётган ўқувчиларимизнинг таклифини ўртага ташладим. Улар мактабни тамомлаганларидан сўнг, уларни ишга жойлаштириш масаласида қийинчиликларга дуч келаяпмиз. Шунинг учун мунтазам равишда “Ҳунармандлар ва ёшлар” учрашувларини ташкил қилсак-да, ёш ҳунармандларимизни қўллаб-қувватловчи, кейинроқ бандлигини таъминловчи мутасаддилар ва ҳунармандлар орқали ушбу муаммога ечим топсак...

Тадбирда иштирок этган масъул ташкилот мазкур масала ечимини зиммасига олди. Бу каби таклифлар ёшлар орасида янги ғоялар туғилишига сабаб бўлиши тайин. Муҳими, уларнинг дунёқараши кенгаяди, ташаббускор фикрларини айта олиш қобилиятлари юзага чиқади.

Бугун биз яшаётган жамиятга янги фикр, янги ғоя, энг муҳими, ислоҳотларни амалга оширишга қодир янги авлод кадрлари керак. Давлатимиз раҳбарининг жорий йилда Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида ҳам бу масалага алоҳида ёндашилгани бежиз эмас. Айни вақтда қишлоқ жойларда яшаётган кам таъминланган оилалар фарзандларини касб-ҳунарга ўргатиш бўйича ҳудудларда амалий ишлар кўлами кенгайди. Тадбирда бу хусусда ҳам алоҳида фикр юритилди.

Якунда Улуғбек Қобилжонов номзоди бир овоздан партия вилоят Кенгаши Ёшлар қаноти гуруҳ раҳбари вазифасига тасдиқланди.

Элёрбек АВУЛОВ,

O’zLiDeP Андижон вилоят Кенгаши

Ёшлар қаноти бўлим мудири

  • Кўрилди
    429
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+