O’zLiDeP Навоийда пресс-тур ташкил этди

12.11.2020, 17:14

O’zLiDeP Навоийда пресс-тур ташкил этди

Тадбиркорлар ва Ишбилармонлар ҳаракати - Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Республикамиз Президентининг 2020 йил 18 октябрдаги “Давлат иштирокидаги корхоналарни ислоҳ қилишни жадаллаштириш ҳамда давлат активларини хусусийлаштиришга оид чора-тадбиралр тўғрисида”ги Фармони ҳамда Президент Администрациясининг 2020 йил 27 октябрдаги 02-3021-сонли  топшириғи ижросини таьминлаш, махсус иқтисодий зоналар фаолияти самарадорлигини ошириш, уларнинг имтиёзларни қўллашдаги муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш мақсадида вилоятлар бўйлаб бир қанча тадбирларни амалга оширмоқда.

Куни кеча Навоий шаҳрида O’zLiDeP вакиллари қатор тарғибот тадбирларини ташкил қилди.

Куннинг биринчи ярмида O'zLiDeP Навоий вилояти Кенгаши томонидан тадбиркорлик субъектлари ҳамда республикада биринчилардан бўлиб Навоий вилоятида ташкил этилган эркин иқтисодий индустриал зона бўйлаб пресс-тур ташкил этилди. O’zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси вакиллари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда Халқ депутатлари маҳаллий Кенгаш депутатлари, Ёшлар Парламенти аъзолари ҳамда тадбиркорлардан иборат гуруҳ дастлаб Навоий шаҳрида яқин кунларда фаолият бошлаган  “Корхоналарни Соғломлаштириш ва Хусусийлаштириш Клиникаси”да бўлиб, бу ердаги шарт-шароитлар, мижозларга хизмат кўрсатувчи мутахассисларнинг билим ва кўникмалари юзасидан текширувлар ўтказди.

Сўнгра  Кармана туманида жойлашган кичик тадбиркорлик субъекти—полиэтилен қувурлар ишлаб чиқарувчи “ОЗОД ПЛАСТ” МЧЖ  фаолияти ўрганилди. МЧЖ раҳбари Манзура Каримова билан суҳбатлашилиб, корхона фаолиятини кенгайтириш юзасидан тажрибали тадбиркорлар томонидан йўналишлар берилди.

Шунингдек, пресс-тур иштирокчилари  йилига ўртача 15 минг тонна   14 турдаги бентонит гил кукуни ишлаб чиқараётган “BENTONITE” МЧЖ да ҳам бўлиб, у ерда амалга оширилаётган ишлар ва инновацион  лойиҳалар  билан танишди. Айниқса, ёқилғи мойини ўзимизда ишлаб чиқарилаётган бентонит гил кукунидан фойдаланган ҳолда  қайта тозалаш мумкинлиги ва бу 18 миллион сўмлик харажатни 5 миллионга қисқартишига оид лойиҳа кўпчилликни қизиқтириб қўйди.

Партия вакиллари кун тартибига кўра навбатдаги йўналиш Навоий эркин иқтисодий зонасида фаолият олиб бораётган “TELEKOM  INNAVATIONS”, “TELEKOM  DEVICES  PRO”, “SHURTAN  Navoi PLast” корхоналари бўлди. Электротехник маҳсулотлар, телекоммуникацион ускуналар ва полиэтилен қувурлар ишлаб чиқараётган  ва бу соҳаларда янги лойиҳаларни тақдим этаётган ушбу корхоналардаги иш жараёни, яратилаётган иш ўринлари, тақдим этилаётган лойиҳаларнинг самарадорлиги юзасидан  суҳбатлар олиб борилди.

Айниқса, “TELEKOM  INNAVATIONS” қўшма корхонаси тақдим этаётган янги лойиҳа - оптик толалар етиб бормайдиган ҳудудларга интернетни ҳаво орқали етказиш, 20 кмлик қишлоқни олдингидай 80-100 миллионга эмас,  бор йўғи 10 миллион сўм билангина интернетлаштириш, шунингдек,  “TELEKOM  DEVICES  PRO” МЧЖ томонидан “Ўзбекистон” миллий смартфонларининг сотувга чиқарилаётгани ёшларни таажжублантирмай  қолмади.

Куннинг иккинчи ярмида эса Навоий шаҳридаги Ёшлар маркази биносида “Махсус иқтисодий зоналар фаолияти самарадорлигини ошириш, уларни хусусийлаштириш истиқболлари, имтиёзларни қўллашдаги муаммолар ва ечимлар” мавзусида “O’zLiDeP PRESS KLUB”ининг 9-сони бўлиб ўтди.

Спикерлар, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда Халқ депутатлари маҳаллий Кенгаш депутатлари, O’zLiDeP Навоий вилоят Кенгаши аъзолари,  мутасадди ташкилотлар, бошқармалар  ва масъул идоралар раҳбар ходимлари, ОАВ вакиллари, шунингдек, Навоий эркин иқтисодий индустриал зонаси (ЭИИЗ )дирекцияси билан ўтказилган ушбу тадбирда ижтимоий тармоқлар ва жойига бориб ўрганиш орқали кўтарилган масалалар ўртага ташланди. Ижро органи, электорат вакиллари ва сайловчилар ўртасида очиқ мулоқотни ташкил этиш  ва муаммоларнинг ечимини топишда кўприк вазифасини ўташ мақсадида ташкил этилган  PRESS KLUB ҳам онлайн, ҳам офлайн  тарзда амалга оширилди.

Мазкур тадбирда Навоий ЭИИЗни ташкил этиш баробарида 91 та лойиҳа амалга оширилгани ва бу махсус иқтисодий зоналар ташкил этилиши қанчалик муҳимлигини белгилаб бергани эътироф этилди.

Шундан сўнг Навоий шаҳридаги Ёшлар хиёбони марказий майдонида O`zLiDePнинг 17 йиллиги муносабати билан кўнгилочар мусиқий дастур намойиш этилди.

“O’zLiDeP - ДОИМО СИЗ БИЛАН БИРГА”  шиори остида ташкил этилган тарғибот тадбирда партия электорати вакиллари, депутатлар,  фаоллар, фахрий аъзолар, миллий-маданий марказлар вакиллари ҳамда бир гуруҳ ёшлар иштирок этишди. 

O’zLiDeP Сиёсий Кенгаш Ижроия қўмитаси вакили Б.Руҳиддинов вилоят аҳлини байрам билан табриклаб, вилоят миқёсида партиянинг ғоя ва мақсадларини кенг аҳоли орасида тарғиб этиб, лойиҳа ва танловларда фаол иштирок этган партия фаолларига ташаккурнома ва эсдалик совғаларини топширди

Партия “Аёллар қаноти” фаоли, “Ишбилармон аёл-2020” кўрик-танлови Республика босқичининг энг ёш иштирокчиси, “Чингизхон Мерей” МЧЖ раҳбари, Мерей Аманбаева эса тадбиркорлик ва партия ҳаётига доир қизиқарли савол-жавоблар ташкил этиб, бу орқали йиғилганларда тадбиркорликка қизиқиш уйғотди.

Мусиқий дам олиш дастури кеч оқшомга қадар давом этди .

O’zLiDeP Навоий вилояти Кенгаши

матбуот хизмати

  • Кўрилди
    866
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+