#uzlidep17 O’zLiDePнинг 17 йиллик байрами Андижонда кўтаринки руҳда нишонланди

14.11.2020, 13:08

#uzlidep17 O’zLiDePнинг 17 йиллик байрами Андижонда кўтаринки руҳда нишонланди

Андижон шаҳридаги савдо-саноат палатасининг ҳудудий бошқармасида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Андижон вилоят Кенгаши томонидан “O’zLiDeP 17 ёшда: Биргаликда биз кучмиз!” шиори остида байрам тадбири бўлиб ўтди. Унда партия Сиёсий Кенгаши Ижроия Қўмитаси масъуллари, ходимлар, депутатлар, энг фаол бошланғич партия ташкилотлари раислари, партиянинг фахрий аъзолари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

Байрам тадбирини партия вилоят Кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Хуршидахон Халилова очиб, айни кунга қадар партия вилоят кенгаши томонидан эришилган ютуқлар хусусида гапириб, йиғилганларни айём билан қутлади. Шунингдек, сўз олган, депутатлар, фаоллар ва ёшлар вакиллари партия томонидан яратилаётган имкониятлар, рағбатлардан куч олиб фаолият юритаётганликларини мамнуният билан таъкидладилар.

-O’zLiDeP ташкил топган илк кунлардан партиянинг нафасини, елкадошлигини фаолиятимда ҳис қилдим, - дейди халқ депутатлари вилоят кенгаши депутати Манзурахон Эгамова. – Зарур жойда кўмак олдим, керак бўлганда, ёшлардан маслаҳатимни аямадим. 17 йил оз вақт эмас, албатта. Бир фарзанднинг туғилиб, балоғат ёшига етадиган давр. Демак, партиямиз айни балоғат ёшида. Бундан кейин унинг янада камол топиши, тараққий этиши учун сидқидилдан хизмат қиламиз.

Тадбир давомида иштирокчилар “Энг фаол БПТ”, “Энг фаол депутат”, “Энг фаол партия ходими”, “Ёшлар қанотининг энг фаол аъзоси”, “Партия фаолиятини ёритишда энг фаол ОАВ” каби қатор номинациялар бўйича партия вилоят Кенгашининг ташаккурномалари ва эсдалик совғалари билан тантанали тақдирландилар.

-Ўтган йилги сайловларда илк бор қатнашиб, халқ депутатлари вилоят кенгаши депутатлигига сайландим, - дейди шахрихонлик Мансурбек Мамаюсупов. – Бугунги байрам тадбири баҳона сайловчиларга елкадошлик, уларнинг манфаатлари йўлида қилаётган арзимас меҳнатларимиз эътироф этилиб, рағбат топганидан хурсанд бўлдик. “Энг фаол депутат” номинацияси бўйича тақдирланганим фаолиятимда янги ташаббусларга, янги шижоатларга эшик очади. Камтарона хизматларимизни қадрлаган партия мутасаддиларига раҳмат!

Тадбирдан сўнг депутатлар ва тадбиркорлар томонидан ўз сайлов округларида “17 йилликка 17 мингта хонадонга меҳр-саҳоват” лойиҳаси доирасида саховат тадбирлари ташкил этилиб, лойиҳа ижроси томон қадам ташланди.

Зилола РАҲМОНОВА.

  • Кўрилди
    626
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+