Қонун пухта ишлаб чиқилса, халқ манфаатига хизмат қилади (+ФОТО)

22.01.2018, 18:01

Қонун пухта ишлаб чиқилса, халқ манфаатига хизмат қилади (+ФОТО)

O‘zLiDeP Қашқадарё вилоят Кенгаши ва партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси томонидан партия фаоллари – тадбиркорлар ва фермерлар иштирокидаги амалий мулоқотда “Медиация тўғрисида”ги, “Қишлоқ хўжалик ўсимликларини зараркунандалар, касалликлар ва бегона ўтлардан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги, “Давлат харидлари тўғрисида”ги ҳамда “Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунлари лойиҳалари ҳақида сўз борди. Муҳокамалар жараёнида “Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонунининг янги таҳрирда қабул қилиниши тармоқ ва ҳудуд даражасида тўғри ташкил қилишни таъминлаши, меҳнатни муҳофаза қилиш талабларини бажаришга иш берувчи билан бирга ходимнинг ҳам масъулиятини ошириши алоҳида таъкидланди.

“Медиация тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси борасида ҳам иштирокчилар томонидан аниқ таклифлар ва фикр-мулоҳазалар билдирилди. Хусусан, мазкур қонун лойиҳасида медиаторлар Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги рўйхатидан ўтади, аммо кимга бўйсуниши айтилмаганлиги, медиатор мустақил бўлиши, ҳуқуқий билимларни мукаммал эгаллаган бўлиши, хўжалик ишлари ва фуқаролар муаммолари билан шуғулланишга ҳуқуқи бўлиши кераклиги билдирилди.  

“Қишлоқ хўжалиги ўсимликларини зараркунандалар, касалликлар ва бегона ўтлардан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси борасида фикрлар кўпчиликнинг эътиборини тортди.

—“Агрокимё” АЖ вилоят филиали туман бўлимларида ўғитларнинг таркибини тушунадиган малакали мутахассислар етишмайди, кимдан маслаҳат сўрашни билмаймиз, - дейди фермер Насиба Нурова. —Ўтган йили бизга буғдойнинг занг касаллигига қарши, деб кимёвий дори беришди. Аммо ҳеч қандай самара бермади. Сарфлаган маблағимиз ва меҳнатимизга куйдик холос. Қонунга агар олинган кимёвий ёки биологик маҳсулотлар ўсимлик вегетацияси ва ҳосилдорликни ошириш, зараркунандаларга қарши курашда самара бермаса, етказилган зарарни ундириш тўғрисида банд киритилиши лозим. Ўсимликлар касаллигини аниқлайдиган, унга қарши кимёвий ва биологик кураш масалалари билан шуғулланадиган биолаборатория ташкил этиш керак.

—“Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳасига қуйидаги таклифларим бор, - деди вилоят кенгаши депутати Мустафхон Султонов. – Қашқадарё қирғоқларига ахлатлар, ҳар хил ҳайвонлар ўлиги чиқариб ташланади, зовурлар четлари муҳофазаланмаган. Дарёнинг ичида балиқхоналар ташкил этилаяпти, натижада ҳашорат кўпайиб, атроф-муҳитга катта зарар етаяпти. Бу борада масъулиятни ошириш, айбдорларга катта жарима солиш хусусида банд киритилиши мақсадга мувофиқдир. Акс ҳолда айрим фуқаролар атроф муҳитимизга зарар етказишда давом этаверадилар. Инсон соғлиғи, аввало, атроф муҳит мусаффолигига боғлик эканлигини унутмайлик. Шундай экан инсон соғлиғи жумласини инсон соғлиғи ва атроф муҳитга келтирилган зарар дея ўзгартириш керак.  

Тадбир давомида мазкур қонун лойиҳалари юзасидан электорат вакиллари, соҳанинг тажрибали мутахассис ва экспертлари томонидан ўттиздан ортиқ амалий таклиф ва тавсиялар билдирилди. Амалий мулоқотлар воҳанинг барча ҳудудий партия кенгашларида ҳам бўлиб ўтаяпти.

O‘zLiDeP Қашқадарё вилоят кенгаши

матбуот хизмати

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!

  • Кўрилди
    1899
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+