Сарбаланд қаддимиз ва қадримиз тимсоли

19.11.2020, 10:02

Сарбаланд қаддимиз ва қадримиз тимсоли

Давлатимиз байроғи Ватан тимсоли сифатида ҳамиша азиз ва муқаддас ҳисобланиб, халқимиз учун ор-номус, шон-шараф саналган.

Мамлакатимиз мустақилликка эришгандан сўнг давлат ва миллат рамзларининг конституцион асоси яратилди. 1991 йил 18 ноябрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида”ги Қонун Конституциямизда белгилаб берилган нормаларни рўёбга чиқаришга хизмат қилувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат бўлди.

Тарихга назар солсак, Алишер Навоийнинг достонида Искандар аскарлари “байроқлар остида” Доро лашкарига қарши жанг олиб боргани манбааларда маълум. Амир Темур тузган давлат, унинг мустаҳкам ва қудратли эканлигини ҳам байроқларда кўришимиз мумкин.

Мустақил Ўзбекистон байроғи сарҳадимизда қадимдан мавжуд бўлган давлатлар билан тарихан боғлиқликни ҳамда республикамизнинг миллий-маданий анъаналарини ўзида мужассамлаштирган. Байроғимизда яхшилик, шон-шуҳрат, садоқат, поклик, халқнинг навқиронлиги акс этган.

Давлат рамзлари худди она Ватан каби азиз ва муқаддасдир. Уларда халқ тарихи, бугуни ва келажаги ўз ифодасини топган. Рамзлар ва тимсоллар ҳар вақт миллий ғурур, фидоийлик ва ватанпарварликни шакллантиришда энг муҳим воситалар ҳисобланиб келинган ва ҳозир ҳам шундай.

Байроқдаги тасвирлар мазмуни фуқароларда халқ ва давлат ирода-мақсадларига нисбатан ҳурмат ва қадрлаш ҳисларини шакллантириб, уларни ягона байроқ остида бирлаштириш, ягона мақсад йўлида жипслаштириш ва миллий мақсадларни амалга оширишга йўналтириш учун хизмат қилади.

Мустақил юртимиз байроғи мамлакатимиздаги барча расмий идораларда озод Ватанимиз тимсоли сифатида ҳилпирамоқда. Ватан ҳимояси учун ҳарбий қасамёд қилаётган ўғлонлар байроқ олдида тиз чўкиб, уни кўзига суртади. Айниқса, халқаро мусобақаларда юртимиз спортчилари ғолиблик шоҳсупасида турганида байроғимизнинг баланд кўтарилиши қалбимизга фахр-ифтихор туйғуларини бахш этади, кўнглимизни тоғдек кўтаради.

Байроғимиз жонажон Ватанимиз халқаро ҳамжамиятнинг тенглар ичра тенг аъзоси эканлигини англатади.

Бир сўз билан айтганда, Байроғимиз – сарбаланд қаддимиз ва қадримиз тимсолидир. У доимо кўзларимизни қувнатиб, ҳамиша юксакларда ҳилпирайверсин!

Жавоҳирбек ШАМСУДДИНОВ,

O'zLiDeP Фарғона вилояти Кенгаши

Ёшлар билан ишлаш бўлими мудири

Теглар
Муносабат
  • Кўрилди
    461
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+