Давлат бюджетининг 2020 йил тўққиз ойи якунлари нималарни кўрсатмоқда?

19.11.2020, 10:08

Давлат бюджетининг 2020 йил тўққиз ойи якунлари  нималарни кўрсатмоқда?

Куни кеча бўлиб ўтган Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида ҳукумат тақдим этган ҳисобот депутатлар томонидан қизғин муҳокама қилинди, мулоҳаза ва таклифлар билдирилди. Хусусан, ҳисоботдан шу нарса аён бўлдики, коронавирус пандемияси ва глобал инқироз асоратлари Ўзбекистон иқтисодиётига ҳам таъсир ўтказмасдан қолмаган. Буни 2020 йилнинг 9 ойи якунига кўра, мамлакатнинг ялпи ички маҳсулоти ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 0,4 фоизга ўсгани мисолида ҳам кузатиш мумкин. Ёки  9 ойлик Давлат бюджети даромадлари қарийб 94,5 триллион сўмни ташкил этаяпти, бу албатта, коронавирус пандемияси даврида карантин ҳолатларини эътиборга олган ҳолда аниқлаштирилган прогноз кўрсаткичлари 102,9 фоизга ёки 2 661 млрд. сўмга ошириб бажарилганини кўрсатмоқда.

Айтмоқчиманки, 9 ойда ижтимоий харажатларни молиялаштириш учун Давлат бюджетидан 53,6 триллион сўмдан ортиқ маблағ сарфланган. Бу  умумий харажатларнинг 52,5 фоизига тенгдир. Ёки бу харажатлар ЯИМга нисбатан 13,1 фоиз эканини кўрсатиб турибди.  Бу маблағларнинг  84 фоизи ижтимоий соҳани ривожлантиришга ҳамда аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш харажатлари учун сарфланган.

Шу ўринда мен давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 9 ой якунлари бўйича ҳисоботга эътиборингизни қаратмоқчиман. Ҳаммамизга маълумки, давлат мақсадли жамғармалари тегишли соҳаларни ривожлантириш, кўмак бериш мақсадида сарфланади. Масалан олайлик,   Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш жамғармасининг жорий йилнинг 9 ойлиги даромадлар прогноз кўрсаткичлари 136,2 млрд сўмни ташкил этиб, 82,3 млрд сўмга ёки режага нисбатан 60,3 фоизга бажарилди.

Энди жамғарманинг даромадлари қайси манбалардан шаклланганига эътибор қаратайлик. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Узумчилик ва виночиликни ривожлантириш агентлигининг Узум етиштирувчилар ва вино тайёрловчиларни қўллаб-қувватлаш жамғармасининг 2020 йил 9 ойлик даромадлар режаси 134,0 млрд сўм бўлиб, 85,6 млрд сўмга ёки белгиланган параметрга нисбатан 63,9 фоизга бажарилган. «Ўзбекбалиқсаноат» уюшмасининг Балиқчиликни ривожлантириш жамғармасининг 2020 йил 9 ойлик даромадлар режаси 199,9 млн. сўм бўлиб, даромадлар ижроси 266,5 млн. сўмни ташкил этди ёки ижро белгиланган параметрга нисбатан 133,3 фоизга бажарилди.

Жумладан, ушбу тушумлар табиий сув ҳавза участкаларини балиқ овлаш хўжаликларига ижарага бериш ҳисобига шаклланганини таъкидлаш жоиз. Жамғарманинг 2020 йил 1 октябрь ҳолатига харажатлари режаси 199,9 млн. сўмни ташкил этиб, ҳақиқатда харажатлар ижроси 265,0 млн. сўмга ёки режага нисбатан 132,6 фоизга бажарилгани яхши натижа. Ушбу маблағлар балиқчилик тармоғини ривожлантириш бўйича инвестиция лойиҳалари шакллантирилишини молиялаштириш билан боғлиқ харажатларга йўналтирилган.

Кўриниб турибдики, давлат мақсадли жамғармалари маблағларидан фойдаланиш масалаларида ютуқлар билан бирга баъзи муаммо ва камчиликлар ҳам мавжуд. Бинобарин, давлат бюджети маблағлари ўрнида ва зарур мақсадлар йўлида сафланса, албатта у иқтисодиётимизни янада ривожлантиришга, товар ва моддий бойликларни кўпайтиришга хизмат қилади.

Барно МИРЗАМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг

Аграр ва сув хўжалиги масалалари

қўмитаси аъзоси.

  • Кўрилди
    640
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+