O’zLiDeP Press Klubi: Хоразмда туризм соҳасида эришилган натижалар, муаммолар ва уларни ҳал этиш масалалари муҳокама қилинди

20.11.2020, 16:42

O’zLiDeP Press Klubi: Хоразмда туризм соҳасида эришилган натижалар, муаммолар ва уларни ҳал этиш масалалари муҳокама қилинди

Хива шаҳрида “Туризм соҳасида эришилган натижалар, истиқболдаги вазифалар, мавжуд муаммоларни ҳал этишда ҳамкорликни мустаҳкамлаш” мавзусида O’zLiDeP PRESS KLUBIнинг навбатдаги сони ўтказилди.

Унда иштирокчилар дастлаб тадбиркорлик субьектлари ҳолатини ўргандилар, воҳада туризм салоҳиятини ошириш истиқболлари борасида кўргазмаларда қатнашдилар, жойлардаги тадбиркорлар, маҳаллий кенгаш депутатлари ва ёшлар билан учрашиб, муаммо ва таклифларини ўргандилар. Хива шаҳридаги ана шундай кўргазмада 10 дан ортиқ ҳунармандлар, тадбиркорлар ва хотин-қизларнинг қўл ишлари намойиш этилди. Ҳунармандларнинг маҳсулотларини бозорга олиб чиқишлари, экспорт билан шуғулланишларида тўсиқ бўлаётган муаммо ва камчиликлар ўртага ташланди ва галдаги вазифалар белгилаб олинди.

Шундан сўнг “Хива Ёшлар меҳмонхонаси”да ZOOM иловаси орқали очиқ мулоқот ташкил этилди. Унда республикамиздаги тегишли вазирлик ва қўмиталар, сенаторлар, Олий Мажлис қонунчилик палатаси депутатлари, Хоразм вилоят хокимлиги, Хива шаҳар хокимлиги, тегишли ташкилот ва бошқармалар, партия ходимлари ва маҳаллий Кенгаш депутатлари иштирокида қизғин баҳс-мунозаралар бўлиб ўтди.

Хоразм вилояти азалдан ўзининг очиқ осмон остидаги музейи бўлган қадим Хиваси, кўп минг йиллик тарихга эга Урганч шаҳри ва қолаверса, яна кўплаб обида, зиёратгоҳ, муқаддас қадамжолари билан бутун дунёга машҳур.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан кейинги йилларда айниқса, туризм соҳасини ривожлантириш, ички ва ташқи туризм салоҳиятини ошириш, меҳмонхоналар барпо этиш, тарихий обида ва қадамжоларни қайта тиклаш ва кўркам қиёфага келтириш, мамлакатимизга келувчи сайёҳларни янада кўпайтириш, уларга зарур шароит ва имкониятларни яратиш, мазкур соҳада фаолият олиб бораётган тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва улар муаммоларини ҳал қилиш чораларини кўришга алоҳида аҳамият қаратилмоқда.  

“Бугунги кунда вилоятимизда 162 та меҳмонхоналар, 72 та меҳмон уйлари  мавжуд. Пандемия шароитида туризм соҳасида фаолият юритувчи  барча ташкилотлар, меҳмонхоналар, таржимон ва ҳамроҳ гидлар, сайёҳларга хизмат қилувчи транспорт ташкилотлари  энг кўп зарар кўрди,  фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлди. Бу эса соҳада фаолият юритаётган тадбиркорларга қатор қийинчиликларни ва муаммоларни туғдирди. Бу билан соҳада меҳнат қилаётган 8699 нафар фуқароларнинг айниқса пандемия шароитида ишсиз ва даромадсиз қолишларига сабаб бўлди”, - дейди Хоразм вилояти ҳокимининг туризмни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Темур Давлетов.

Конференцияда ана шу 8700 нафарга яқин оила тақдири, воҳа иқтисодиёти, тадбиркорлар келажаги муҳокама этилди. Мазкур соҳани яхшилаш, бу борада мутасаддилар нима иш қилишлари, соҳадаги мавжуд муаммолар ва уларни ҳал қилишда нималарга аҳамият қаратишлари лозимлиги ўрганилди.

Хоразм вилоятида туризм соҳасидаги тадбиркорларнинг асосий муаммоларидан бири бу - йўл инфратузилмаси, алоқа ва интернет хизматлари сифатга жавоб бермаслиги, сайёҳлик зоналарида тоза ичимлик сувларининг етишмаслиги, ташриф буюрувчи сайёҳларга хизмат кўрсатиш сифатининг жуда қониқарсиз аҳволда эканлиги эътироф этилди.

Шунингдек, сайёҳларга хизмат кўрсатишда тегишли билимга эга бўлган мутахассислар эмас, балки арзон нарх эвазига ишлайдиган ёлланма ишчилар хизмат кўрсатмоқда.

Пресс клуб муҳокамалар марказида тадбиркорларнинг олган кредит фоиз муддатлари узайтирилган бўлсада банклар томонидан ўз вақтида тўланиши талаб қилинаётганлиги, туризм йўналишидаги меҳмонхоналарга давлат томонидан ажратиб берилган субсидия маблағлари маълум миқдори ажратилмай қолганлиги каби қатор масалалар ўртага ташланди. Шунингдек, депутатлар, тадбиркорлар ва партия фаоллари ҳам ўз ҳудудларидаги мазкур соҳага доир муаммо, таклиф ва тавсияларини билдиришди.

Ушбу кўтарилган муаммоларни мутасадди раҳбарлар кўмагида ўз вақтида бартараф этиш борасида тегишли вазифалар белгилаб олинди ва қатъий депутатлик назорати ўрнатилди.

Дилшод Гафуров,

O’zLiDeP Хоразм вилоят Кенгаши

Бизнес тузилмалар ва фермерлар

билан ишлаш бўлими мудири

 

  • Кўрилди
    736
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+