Статистик маълумотлар ҳаққоний ва очиқ бўлиши керак

20.11.2020, 16:51

Статистик маълумотлар ҳаққоний ва очиқ бўлиши керак

Ҳар биримиз кундалик ҳаётимизда тўғри ва асосли маълумотларни олишда Давлат статистика қўмитасининг ахборотларига таянамиз. Сабаби очиқ иқтисодиёт шароитида ягона ахборот маконининг энг муҳим элементи албатта, ишончли ва долзарб давлат статистикасидир. Зеро, маълумотлар қанчалик ҳаққоний ва очиқ бўлса, унинг асосида олиб бориладиган давлат сиёсати ҳам шунчалик тўғри ва адолатли бўлади.

Шу боис, сўнгги йилларда мамлакатимизда статистика маълумотларининг сифати ва ишончлилигини ошириш борасида тизимли ишлар амалга оширилиб, бўлиб ўтаётган ижтимоий-иқтисодий жараёнларни, жумладан халқаро ташкилотларнинг махсус нашрлари ва маълумотлар базаларида холис ва ишончли акс эттиришни таъминлаш чоралари кўрилаётир.

Лекин шунга қарамай, бугунги кунда статистика маълумотлари сифатини янада яхшилаш, статистика кўрсаткичларининг тўлақонли маълумот базаларини яратиш, уларни халқаро стандартларга мослаштириш зарурати бор. Бу эса миллий статистика тизимини такомиллаштириш, статистика маълумотларининг холислиги ва ишончлилигини оширишни талаб этади.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида мамлакатимизнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётига дахлдор бўлган бир қатор қонун лойиҳалари билан бирга, «Расмий статистика тўғрисида»ги қонун лойиҳаси муҳокамаси ҳам қизғин баҳс-мунозараларга сабаб бўлди.

Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 9 апрелдаги тегишли қарорига мувофиқ ишлаб чиқилган қонун лойиҳасининг аҳамиятли жиҳати шундаки, у миллий статистика тизими, расмий статистикани ишлаб чиқарувчилар, маъмурий маълумотларни етказиб берувчилар, респондент ва фойдаланувчиларнинг ўзаро муносабатларини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солади.

Мазкур ҳужжат билан статистика органларининг қонуний фаолиятига, жумладан расмий статистика ҳисоботларини йиғиш ва кузатувларни ўтказиш ҳамда уларнинг натижаларини нашр ва эълон қилиш жараёнларига ҳеч ким аралашмаслиги, шунингдек, ҳудудий давлат статистика органлари маҳаллий давлат ҳокимияти органларидан мустақил бўлиши ва бевосита Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитасига бўйсуниши белгилаб қўйилмоқда.

Таклиф этилаётган қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда МДҲ, Осиё ва Европа мамлакатларининг қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти ҳамда расмий статистика бўйича Германия, Япония, Хитой, Россия Федерацияси, Беларус, Қирғизистон, Арманистон, Молдова ва бошқа мамлакатларнинг тажрибаси ўрганилди. Шундай экан, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши билан расмий статистика соҳасида бир қатор амалий натижаларга эришилади:

Биринчидан, миллий статистика тизими халқаро стандартларга мос равишда тартибга солиниб, расмий статистикани ишлаб чиқарувчиларнинг маълумотларни йиғиш, қайта ишлаш ва тарқатиш фаолиятларида халқаро тамойилларга таяниши ва ўз навбатида сифатни таъминлаш бўйича вазифалари белгиланади.

Иккинчидан, расмий статистика маълумотларининг маъмурий маълумотлардан фарқи, расмий статистикани ишлаб чиқарувчилар тоифалари ва уларнинг профессионал мустақиллиги ҳамда Давлат статистика қўмитасини асосий ишлаб чиқарувчи ва мамлакатдаги расмий статистика тизимининг мувофиқлаштирувчи органи сифатида белгилаб қўйилади.

Учинчидан, статистик маълумотларни йиғиш ва маъмурий маълумотларни олиш тартиблари аниқ белгилаб қўйилади ҳамда фойдаланувчиларнинг барча тоифаларига халқаро тамойилларга асосланган ҳолда, сифатли расмий статистикани етказиб берилиши учун қонуний асос яратилади.

Мухтасар айтганда, мамлакатимизда статистика ахборотидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, давлат статистика ҳисоботини ишончли равишда юритишни шакллантириш бўйича муҳим ва тезкор чоралар кўрилмоқда. Мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши эса миллий статистика тизимидаги барча субъектлар фаолиятининг ҳуқуқий асосини яратади.

Бахытбай АЛДАМУРАТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

O'zLiDeP фракцияси аъзоси

  • Кўрилди
    507
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+