Қонун лойиҳасидан қандай янгиликлар ўрин олган?

20.11.2020, 16:55

Қонун лойиҳасидан қандай  янгиликлар ўрин олган?

Жорий йил якунланиши муносабати билан янги 2021 йил учун Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг параметрларини белгилаш зарурати айни дамда олдимиздаги долзарб вазифага айланди.

Шунинг учун ҳам Бюджет кодексининг 29-моддасига мувофиқ “2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги Қонуни лойиҳаси ишлаб чиқилиб, қизғин муҳокама қилинаётир. 

Қонунни қабул қилишдан кўзланган мақсад эса республика бюджети ажратмаларини тасдиқлаш, бюджет жараёни ва бюджет даражалари ўртасидаги муносабатларни тартибга солиш ҳамда 2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг консолидациялашган бюджети, уларни тайёрлаш учун асос бўлган макроиқтисодий ривожланиш прогнозлари тўғрисида маълумотларни беришни ўзида ифода этади.

Албатта, бир жиҳатни алоҳида таъкидлаш керак. Қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда халқаро тажрибаларга назар ташлангани рост. Хусусан, Австралия, АҚШ, Белорусия, Буюк Британия, Россия, Тожикистон, Қозоғистон, Эстония, Янги Зеландия тажрибалари чуқур кўриб чиқилди. Давлат бюджети бўйича халқаро қонунчиликни ўрганишда эса миллий қонунчилигимизга мувофиқ келувчи жиҳатларга эътибор берилди.

Лойиҳа тасдиқланса, қўллаб-қувватланса, республика бюджетидан маҳаллий бюджетларга ажратиладиган тартибга солувчи бюджетлараро трансфертлар миқдорлари, маҳаллий бюджетлар даромадлари ва харажатлари прогнозлари, давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси даромадлари ва харажатларини ўзида акс эттирган қонун билан тасдиқланиши таъминланади.

Фақат бугина эмас, албатта. Қонун лойиҳаси бобларида аҳолининг молиявий саводхонлигини ошириш ва бюджет жараёни шаффофлигини таъминлаш мақсадида ушбу ҳужжатда бюджет жараёнининг барча иштирокчилари томонидан маблағлардан фойдаланишга доир ҳисоботларни ҳамда солиқ ва божхона имтиёзлари рўйхатини жойлаштириш механизмини белгилашга ҳам алоҳида эътибор қаратилган.

Лойиҳада, шунингдек, давлат бюджети соҳасида қатор янгиликлар белгиланиши ҳам кўзда тутилгани қувончлидир. Масалан, маҳаллий ҳокимликларга юқори турувчи бюджетлардан ажратилиши режалаштирилган бюджетлараро трансфертлар миқдорларини инобатга олиб, тегишли маҳаллий бюджетлар лойиҳалари баланслигини таъминлаган ҳолда навбатдаги йил учун тегишли маҳаллий бюджетларнинг даромадлар ва харажатлар прогнозларини тенг миқдорда кўпайтириш ёки камайтириш киритиш ваколати бериляпти.

2021 йилдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси томонидан ёки унинг кафолати остида жалб қилинган кредитлар (қарзлар) ҳисобидан амалга ошириладиган ҳамда Давлат бюджетидан қайтариладиган ижтимоий ва инфратузилма лойиҳаларга йўналтириладиган маблағлар бўйича харажатлар Ўзбекистон Республикасининг консолидациялашган бюджети харажатларида акс эттирилади.

Умуман олганда, юқорида келтирилган бандлар билан бюджетлараро муносабатларда шаффофликни, ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини ҳамда тегишли бюджетни ишлаб чиқиш, шунингдек унинг ижроси жараёнида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари ва халқ депутатлар Кенгашлари роли оширилиши таъминланади.

Жавлонбек ЭРГАШЕВ,

Олий Маджлис Қонунчилик

 палатаси депутати

  • Кўрилди
    464
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+