Пандемия пайтида тўпланган тажриба муносиб яшаш ва ишлашда давом этиш кераклигини англатди

20.11.2020, 16:56

Пандемия пайтида тўпланган тажриба муносиб яшаш ва ишлашда давом этиш кераклигини англатди

Мамлакатимизда ўтган 8 ой давомида COVID-19 коронавирус пандемияси билан боғлиқ вазият аҳолини жиддий синовдан ўтказгани ҳеч кимга сир эмас. Ўз навбатида эса, касалликка қарши курашишда етарли тажриба тўпланди, тиббиёт ходимлари ҳам зарурий малакага эга бўлди.

Албатта, “касаллик занжири”ни жиддий назорат қилган ҳолда карантин талаблари босқичма-босқич енгиллаштирилди. Бироқ бутун дунёда, юртимизда ҳам ҳануз хасталик кезиб юрибди. Ҳозирги кунда республикамизда ушбу вирус билан касалланганлар сони 70 минг нафардан ортди, соғайганлар эса қарийб 68 минг нафарни, афсус билан таъкидлаш керак, ўлим кўрсаткичи 599 нафарни ташкил этмоқда.

Бу кўрсаткичлар қандай хулосани беради бизга? Албатта, аввало, коронавирус билан боғлиқ вазият доимий равишда жиддий назоратда тутилишини англатади, бефарқ бўлмасликка чақиради, барчамизни.

Президентимиз раислигида жорий йилнинг 17 ноябрь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида мазкур ҳолатлар хусусида атрофлича фикр юритилгани бежиз эмас. Давлатимиз раҳбари томонидан айни ҳолатларни инобатга олган ҳолда тўпланган катта тажриба ва олинган чуқур хулосалар асосида муносиб яшаш ва ишлашда давом этиш кераклиги таъкидланди.  

Президентимиз ташаббуси билан бу йўналишдаги ишларни тубдан ислоҳ этишга қаратилган қатор фармон ва қарорларнинг қабул қилингани, бир нечта видеоселектор йиғилишлари ўтказилгани ҳам бу борада ишларда ижобий натижаларга эришишда муҳим омил бўлганини таъкидлаш жоиз. Аммо қарс икки қўлдан чиқади деганларидек, мазкур ҳужжатларнинг жойлардаги ижроси кўнгилдагидек эмас. Давлатимиз раҳбари айтганидек, “ҳокимлар замонавий фикрлайдиган ва фидойи, жонкуяр соғлиқни сақлаш бошқармалари бошлиқларини ўз ёнига олиб иш кўрмас экан, амалий натижага эриша олмайди”.

Йиғилишни кузатиб туриб, бир нарсага амин бўлдим. Айни машаққатли вазият бизни жиддий синовдан ўтказар экан, биз ҳам ўз навбатида давлатимиз томонидан яратилаётган шароитлар асосида муносиб иш ташкил қилишга ҳаракат қилишимиз керак. Белгиланган ҳар бир вазифага карантин қоидаларига амал қилган ҳолда ёндашиб, халқимиз турмуш фаровонлиги, саломатлиги, иқтисодиёт барқарорлигини сақлаб қолишда ижобий натижаларга эришишимиз лозим.

 Бегали ҚОДИРОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатаси депутати

  • Кўрилди
    522
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+