Сирдарёлик ҳунарманд Фарзона Отахонова хонадонида маҳорат дарси ташкил этилди

24.11.2020, 11:48

Сирдарёлик ҳунарманд Фарзона Отахонова хонадонида маҳорат дарси ташкил этилди

O`zLiDeP Сирдарё вилоят Кенгаши Ёшлар билан ишлаш ҳамда Тадбиркорлик бўлими билан ҳамкорлигида “Тадбиркорлик: имконият ва истиқбол” мавзусида учрашув бўлиб ўтди. Тадбирда партия вилоят, туман Кенгаши ходимлари, тадбиркорлик ва ҳунармандчиликка қизиққан ёшлар иштирок этди. Мазкур тадбирда уйда ўтирган, мунтазам иш ўрнига эга бўлмаган хотин-қизларнинг иштирок этишларига алоҳида эътибор қаратилди.

Учрашув иштирокчилари Сирдарё туманида истиқомат қилувчи ҳунарманд Фарзона Отахонова фаолияти билан яқиндан танишишди.

Тадбирда аввало бугунги кунда мамлакатимизда ҳунармандчиликка катта эътибор қаратилаётгани, дунёда пандемия туфайли юртимизда ҳам карантин чоралари кўрилаётганлиги сабабли аксарият ҳунармандлар уй шароитида маҳсулот ишлаб чиқаришда, хом ашё сотиб олишда имтиёзли кредитлар ажратилаётганлиги ҳамда кредит ажратишнинг тартиб-таомиллари ҳақида атрофлича тушунтириш берилди.

Шунингдек тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтиш, “Ҳунарманд” уюшмасига аъзо бўлиш ва унинг афзаллик жиҳатлари ҳам тушунтириб берилди.

Ҳунарманд Фарзона Отахонова ёшлигидан синчков, бир нарсани кўрса дарров мустақил, бировнинг кўмагисиз ўзлаштириб оладиган зукко қиз эди. Бувижониси Ҳожи она ва онаси Муҳаббатхон ўз даврининг моҳир чеварлари бўлишган. Улардан кўриб опалари Ҳақиқатхон ва Шамсияхонлар ҳам бинойидек чевар бўлишди. Аммо, Фарзона бирор маротаба уларнинг олдида ўтириб астойдил касб сирларини ўрганган эмас. Камолиддин Беҳзод номли Миллий рассомчилик ва дизайн олийгоҳига ўқишга кирганда рассомчилик билан бир қаторда унинг тикувчилик, миллий ҳунармандчиликка бўлган қизиқиши ва истеъдоди юзага чиқди. У замонавий либослар тикиш, расм чизиш билан бир қаторда турли хил кераксиз нарсалардан, масалан тўнка, дарахт пўстлоғи, қоғозлардан шундай буюмлар, сувенирлар, кўргазмали қуроллар ясаб барчани лол қолдира бошлади.

Мана бугунги кунда у Сирдарё туманидаги 40-мактабда ўқувчиларга тасвирий санъат ва технология фанидан дарс бериш билан бир қаторда ҳунармандчилик билан шуғулланиб келаяпти. У тумандаги барча мактабгача таълим ташкилотларини безашда яқиндан кўмак бериб келмоқда.

Фарзона ҳар йили туман, вилоят, республика миқёсидаги турли танловларда ўз ижод маҳсуллари билан қатнашиб фахрли ўрин соҳиби бўлиб қайтмоқда.

Фарзона иштирокчиларга ўз кўргазмасини намойиш қилиш баробарида, ҳунармандчилик касби орқали ҳам яхши даромад топаёганлигини ҳам айтиб ўтди. Иштирокчиларни бирор бир касб, ҳунар эгаси бўлишга чорлади.

- Чунки бугунги шиддаткор давр хотин-қизлардан ҳам биргина касб билан чегараланиб қолмаслик, бир неча ҳунарнинг эгаси бўлишни тақозо этмоқда, - дейди Фарзона Отахонова. - Иш билганга минг танга деб бекорга айтишмаган-ку. Ҳунар орқали аёл киши уйда ўтириб ҳам ўз оиласи фаровонлигини таъминлаши мумкин.

Учрашув савол-жавобларга бой тарзда ўтди.

 Муҳриддин ИСМАТУЛЛАЕВ,

O`zLiDeP Сирдарё туман Кенгаши

Аппарат раҳбари

  • Кўрилди
    1105
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+