O‘zLiDeP “Ёшлар қаноти”нинг Республика конференцияси бўлиб ўтди

25.11.2020, 16:04

O‘zLiDeP “Ёшлар қаноти”нинг Республика конференцияси  бўлиб ўтди

Бугун пойтахтимизда O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси “Ёшлар қаноти”нинг Республика конференцияси бўлиб ўтди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, партия ҳудудий кенгашлари вакиллари ҳамда “Ёшлар қаноти” фаоллари иштирок этган видеоконференцалоқа шаклидаги мулоқотда O‘zLiDeP “Ёшлар қаноти”нинг ўтган даврдаги фаолияти, мақсад ва вазифалари, партиявий лойиҳалар доирасида қилинган ишлар сарҳисоб қилинди ва келгусидаги аниқ вазифалари белгилаб олинди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, O`zLiDeP фракцияси раҳбари Актам Ҳайитов иштирокчиларга конференция ишида муваффақият тилади.

Таъкидланганидек, партия «Ёшлар қаноти» томонидан сўнгги йилларда бир қатор лойиҳалар амалга ошириб келинмоқда.  

Хусусан, ижтимоий-сиёсий соҳага қизиққан ёшларни қамраб олган “Янги авлод кадрлари”, “Парламентда менинг ўрним” ва “Келажак депутатлари” лойиҳалари бу борада муҳим аҳамиятга эгадир. Чунки, биргина “Янги авлод кадрлари” лойиҳаси доирасида мамлакатимизнинг 28 та олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик меморандуми имзоланиб, O‘zLiDeP ғояларига қизиқувчи ва қўллаб-қувватловчи 2 минг 321 талаба-ёшлар маълумот базаси шакллантирилган. Энг муҳими, улардан 860 нафари партия аъзолигига қабул қилинган бўлса, 697 нафари партиянинг истиқболли кадрлар захирасига киритилган.

Аҳоли, айниқса, ёшларни  тадбиркорликка ўргатиш, касб малакасини ошириш орқали уларнинг бандлигини таъминлаш энг асосий масала ҳисобланади. Шу маънода партия “Ёшлар қаноти” томонидан тадбиркорликка қизиққан ва ўз бизнесини бошламоқчи бўлган ёшлар учун “Ишбилармон ёшлар”, “Ёш тадбиркорлар”, “Ёш фермер” лойиҳалари доирасида салмоқли ишлар қилинди. Пандемия келтириб чиқарган мураккаб шароитга қарамасдан биргина жорий йилнинг ўзида мазкур лойиҳалар доирасида 60 та ёш тадбиркорга 1 млрд. 904 млн. сўмлик имтиёзли кредит маблағлари ажратилди, 960 нафар ёшларнинг бандлиги таъминланди, 221 нафари истиқболли кадрлар захирасига олинди.

Истиқболли ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг иқтидорини рўёбга чиқариш, илмий-тадқиқот ва инновацион фаолиятини самарали йўлга қўйиш учун қўшимча шарт-шароитлар яратишга қаратилган “Ёш инновациячилар” стипендияси, “Стартап”, “Стартап-инновейшн” лойиҳалари доирасидаги ишлар ҳам эътирофга лойиқ.

 Конференцияда “Ёшлар қаноти”нинг ўтган даврдаги фаолияти сарҳисоб қилиниб, келгусидаги устувор вазифалар белгиланди. “Ёшлар қаноти” гуруҳлари фаолиятини янада жонлантириш ва ёшларнинг партия фаолиятидаги иштирокини рағбатлантириш масаласи ҳам кўриб чиқилди.

Қайд этилдики, партия олдида турган асосий вазифа фаол ёшларни бир ғоя атрофида жипслаштириб, партиянинг тарғибот-ташвиқот ишларида кенг ва самарали фойдаланишнинг янгича механизмини яратишдан иборат. Шу боисдан “Ёшлар қаноти” фаолиятини мутлақо янгича талаблар асосида қайта кўриб чиқиш, партия аъзолари сафини билимли, ватанга содиқ, шижоатли ёшлар билан кенгайтириш, уларнинг салоҳияти ҳамда интилишларини фаол қўллаб-қувватлашга қаратилган аниқ дастурий чора-тадбирлар “Йўл харитаси” ишлаб чиқилди.

Партия “Ёшлар қаноти”нинг мазкур йўл харитаси барча ҳудудий кенгашларда бўлиб ўтган ҳисобот-сайлов конференцияларида ҳам ёшлар иштирокида кенг муҳокама қилинди, аниқ таклифлари ва фикр-мулоҳазалари олинди.

“Йўл харитаси”да партия таркибидаги фаол ёшларни партия тавсиясига кўра йилига камида икки марта Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги давлат бошқаруви академияси тизимидаги курсларда ўқитиш, партиянинг “Парламентда менинг ўрним” лойиҳаси доирасида “Агар мен депутат бўлсам” Республика танловини ўтказиш, “Ёш блогерлар клуби”ни ташкил этиш каби вазифалар белгиланган.

Шунингдек, ёшлар ўртасида кенг муҳокама қилинган масалаларга бағишланган “Ёшлар минбари” ижтимоий-сиёсий мулоқот форумини ташкил этиш, ҳозирда мавжуд “O‘zLiDeP кутубхоналари” китоб фондини юз мингдан, 500 мингга етказиш ҳамда ёшларимиз орасида оммалашган бизнес китобларнинг аудио форматини тайёрлаш, Олий Мажлис Қонунчилик палатасида ёшлар мавзусида кўриб чиқилаётган қонун лойиҳаларини кенг муҳокама қилиш вазифалари ҳам O‘zLiDePнинг ёшларга оид сиёсатининг асосий йўналишлари ҳисобланади.

Конференция иштирокчилари томонидан партиянинг мазкур йўл харитаси яна бир бор муҳокама қилиниб, ёшларнинг аниқ таклифлари асосида тасдиқлаб олинди. Шунингдек, O'zLiDeP “Ёшлар қаноти”нинг янгиланган низоми ҳам қабул қилинди.

Куннинг иккинчи ярмида конференция иштирокчилари гуруҳларга бўлинган ҳолда ўқув-машғулотлар олиб боришди. Машғулотлар давомида ҳудудий партия ташкилотлари “Йўл харитаси”, партиявий лойиҳаларни жойларда самарали ташкил этиш чора-тадбирлари бўйича тақдимотлар ўтказишди. Ушбу чора-тадбирлар режасида ёшларнинг тадбиркорликка бўлган қизиқишларини янада ошириш, тажрибали ёш тадбиркорлар фаолиятини оммалаштириш, “ёшлар дафтари”га киритилган ишсиз ёшларни маълум бир касб-ҳунарга ўргатиш ва шу орқали бандлигини таъминлаш энг муҳим вазифалардан бири сифатида белгилаб олинди.

Мулоқот давомида “Ёшлар қаноти” фаолиятини самарали ташкил этиш ҳамда партиявий лойиҳалардан юқори натижадорликка эришишда давлат ва нодавлат ташкилотлари билан ҳамкорлик механизмлари ҳам муҳокама марказида бўлди.

Ёшлар конференциясининг иккинчи кунида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари иштирокида давра суҳбати ташкил этилади. Депутат ва ёшлар учрашувида мамлакатимизда ёшларга қаратилаётган кенг эътибор, барча соҳаларда ёшларнинг ўрни ва аҳамияти хусусида муҳокамалар бўлиб ўтади.

O‘zLiDeP матбуот хизмати

  • Кўрилди
    1187
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+