Хоразмда O'zLiDeP депутатлари ва фаоллари томонидан саховат тадбирлари давом этмоқда

27.11.2020, 17:42

Хоразмда O'zLiDeP депутатлари ва фаоллари томонидан саховат тадбирлари давом этмоқда

Шу кунларда “O'zLiDeP 17 ёшда: 17 минг оилага саҳоват ва кўмак” лойиҳаси доирасида партия фаоллари, депутатлар томонидан жойларда ўтказилаётган саховат тадбирлари кўнгилларга малҳам бўлмоқда.

Янгибозорлик партиямиз фаоллари ҳам кўплар қатори савоб ишдан бебаҳра қолаётганлари йўқ. Юртимизга қиш фасли кириб келиши билан айниқса, қировли совуқ кунларда чекка ҳудуд ва қишлоқларда уйларни иситиш билан боғлиқ муаммолар юзага келади. “Хушунуд” фермер хўжалиги раҳбари, Халқ депутатлари Янгибозор туман Кенгаши депутати Солияжон Матякубова “Боғолон” маҳалласидаги 31 та эҳтиёжманд ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга 15 тонна кўмир маҳсулотлари тарқатди. Олиб кетишга имконияти бўлмаган оилаларга халқ вакилининг ўзи бирма-бир кириб етказиб беришда кўмаклашди.

Матлуба Атажонова Гурлан туманидаги “Бирлашган” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилади. Ёлғиз она, маҳалладаги кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар рўйхатида туради. Биргина фарзандини мавсумий ишлардаги даромади билан вояга етказиб, шу орқали кун кўради.  

O'zLiDeP Гурлан туман Кенгаши депутати Манзура Рахимбоеванинг  лойиҳа доирасидаги тадбирлари айни шу хонадондан бошланди. Бирламчи озиқ-овқат маҳсулотлари ёлғиз онанинг рўзғорига хартугул кўмак бўлади...

Кейинги манзил шу маҳаллада истиқомат қилувчи яна бир эҳтиёжманд фуқаролардан Азим Раҳматуллаев  хонадони бўлди. Депутат бу оилага ҳам саҳоват кўрсатди. Озми-кўпми рўзғорини бутлашлари учун озиқ-овқат маҳсулотлари улашди.  

Халқ ноиби ўзи сайланган ушбу маҳалладаги яна шунингдек 4 та кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, якка-ёлғизлар ҳолидан хабар олиб, саховат тадбирларини амалга оширди.

Қувонарлиси, бу каби хайрли ишлар Урганч шаҳрида ҳам партия фаоллари, депутатлар томонидан уюшқоқлик билан олиб борилмоқда. Халқ депутатлари Урганч шаҳар Кенгаши депутати Дилором Атаева шаҳардаги  “Шодлик” маҳалласидаги  “темир дафтар”га киритилган,  кам таъминланган оилаларга ун  маҳсулотларини тарқатди.

Бугунги кунда “Шодлик” маҳалласида 1071 хонадонда 6100 нафар  аҳоли истиқомат қилмоқда. Шулардан 12 та оила кам таъминланганлар, 30 та оила эса “Темир дафтар”га рўйхатга киритилган. Уларнинг кўпчилиги пандемия туфайли ишсиз қолган фуқаролардир. Депутат кўмагида ана шундай 30 та оилага ун маҳсулоти тарқатилди.

Шунингдек, депутат Д.Атаева ёшлар бандлигини таъминлаш бўйича хонадоларда бўлиб, фуқаролар билан учрашди, уларнинг муаммо ва таклифларини ўрганди. Ўтказилган мулоқотлар жараёнида шу маҳалладаги фуқаролардан Дилбар Сотимова кўп йиллардан бери бетоблиги, дори-дармон сотиб олишга, даволанишга ва жарроҳлик амалиёти ўтказишга эса имкони йўқлиги туфайли депутатдан кўмак сўради. Бу борада депутат Урганч шаҳридаги 2-сонли оилавий поликлиникага мурожаат қилди. Бемор дастлабки тиббий кўрикдан ўтказилди ва поликлиника назоратида туриб, уни даволанишига шароит яратиб бериладиган бўлди.

Меҳр-саховатга муҳтожларга кўрсатилаётган бу каби эътибор ва ғамхўрликлар партиямиз депутатлари, фаолларимиз томонидан давом этмоқда.

                                                                                              Насиба Ваисова,

O'zLiDeP Хоразм вилоят

 Кенгаши матбуот котиби

  • Кўрилди
    598
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+