Амалда бўлган назорат инстанцияси тизими халқаро стандартлар талабларига мос келмайди

03.12.2020, 17:31

Амалда бўлган назорат инстанцияси тизими  халқаро стандартлар талабларига мос келмайди

Судлар томонидан чиқарилган суд қарорларининг қонунийлиги ва асослилигини текшириш вазифаларини бажарувчи суд инстанциялари қайта кўриш тизимининг элементлари ҳисобланади. Қайта кўришнинг амалдаги тизимли элементлари суднинг қонуний кучга кирмаган ҳал қилув қарорларини текширишни ва суднинг қонуний кучга кирган қарорларини қайта кўришни амалга оширувчи инстанциялардан иборат.

Суд ҳал қилув қарорларининг қонунийлиги ва асослилигини текширишнинг амалдаги тизимини таҳлили шуни кўрсатадики, назорат тартибида иш юритиш ўз вазифалари ва ваколатларига кўра (ЖПКнинг 57-моддаси) кассация тартибида иш юритиш билан (ЖПК 56-моддаси) ўхшашдир.

Бундай механизм мавжуд экан, халқаро ҳамжамиятининг ва фуқаролик жамиятининг суд инстанциялари сони кўплиги борасидаги таъналари ва танқидидан қутилиб бўлмайди. Чунки кассация тартибида текшириш ҳам, назорат тартибидаги текшириш ҳам қонуний кучга кирган суд ҳужжатларини текширишга қаратилган.

Бугун, 3 декабрь куни бўлиб ўтган Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O'zLiDeP фракциясининг навбатдаги йиғилишида бу ҳақда маълум қилинди.

Унда депутатлар “Жиноят ишлари бўйича суд қарорларини қайта кўриш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда кўриб чиқишди.   

Қайд этилганидек, бугунги кунда амалда бўлган назорат инстанцияси тизими халқаро стандартлар талабларига мос келмайди (Фуқаровий ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактнинг 14-моддаси 5-банди). Ушбу ҳужжатга кўра, бирор бир жиноят учун ҳукм қилинган ҳар бир шахс ўзининг ҳукм қилиниши ва ўзига нисбатан чиқарилган ҳукм юқори суд инстанцияси томонидан қонунга биноан қайта кўриб чиқилиши ҳуқуқига эгадир.

Лекин суд ҳужжатларини назорат тартибида бир неча марта қайта кўриш имконияти мавжудлиги суд қарорларининг ҳуқуқий жиҳатдан аниқлиги принципини бузади. Қолаверса, манфаатдор шахслар суд ишидаги мавҳумлик ҳолатидан бир неча йиллар азият чекишга маҳкум бўлади. Хусусан, 2017 йилда Олий суд томонидан 22 846 та иш назорат тартибида кўриб чиқилган бўлса, 2018 йилда бу кўрсаткич 29 318 тани (28,3% кўп), 2019 йилда эса 35 122 тани (19,8% кўп) ташкил этган.

Муҳокамалар давомида депутатлар бундай ҳолатлар суд ҳокимиятининг обрў-эътиборига путур етказиши айтиб, ушбу ҳужжатни биринчи ўқишда қўллаб-қувватлашди.

  • Кўрилди
    800
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+