Аграр соҳа натижадорлиги илм-фан орқали таъминланади

05.12.2020, 14:27

Аграр соҳа натижадорлиги илм-фан орқали таъминланади

Бугунги замон барча соҳалар қаторида илм-фанни ҳам янги босқичга кўтаришни талаб қилмоқда. Зотан, жамият олдида турган долзарб масалаларни илм-фансиз ечиш қийин. Мазкур соҳани ва олимларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш давлатимизнинг устувор вазифаларидан саналади.

Шу боисдан сўнгги тўрт йилда мамлакатимизда 28 та илмий ташкилот ва 4 та инновацион технопарк ташкил этилди. Олимларнинг иш ҳақи 3 баравар оширилиб, илмий ташкилотларнинг моддий-техник базасини янгилаш учун катта маблағлар йўналтирилди. Умуман, соҳа учун ҳам моддий, ҳам ташкилий жиҳатдан барча шароит яратилди.

Лекин шунга қарамай, 100 дан зиёд илмий ташкилотлар фаолиятида, улар томонидан олиб борилаётган изланишларда ҳали сезиларли ўзгариш бўлгани йўқ. Хусусан, 24 та муассаса ўтган йили халқаро тан олинган журналларда бирорта ҳам илмий мақола чоп этмаган.

Илм-фан ва инновацияни ривожлантириш борасида олий таълим муассасалари, илмий ташкилотлар, тармоқ ва ҳудудлар олдидаги устувор вазифалар муҳокамасига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида Президентимиз бу масалага тўхталиб, илм-фан билан ишлаб чиқариш ўртасидаги ҳамкорликни таъминлаш бўйича муҳим йўналишларни белгилаб берди.

Ҳақиқатдан ҳам, қишлоқ хўжалигида ҳосилдорликни ошириш, ҳудудларни ихтисослаштириш, юқори қийматли маҳсулотларни кўпайтиришга хизмат қиладиган ишланмалар керак. Чунки ҳудудлар иқлимига мос экин навларини яратиш, сифатли уруғлик тайёрлаш ишлари мутлақо қониқарсиз аҳволда. Охирги икки йилда 108 миллион долларлик кўчат ва уруғлар импорт қилинган. Бу йил биргина картошка уруғининг импорти ўтган йилгига нисбатан 2 баравар ошган.

Видеоселектор йиғилишида ҳудудларда хусусий уруғчилик корхоналари ташкил этиш, чет элдан бозорбоп навларни олиб келиб, маҳаллий шароитларга мослаштирган ҳолда, уруғ брендлари яратиш зарурлиги таъкидланди. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда Инновацион ривожланиш вазирлигига экинларнинг янги авлод гибрид уруғларини етиштириш ва уруғшунослик лабораториялари ташкил этиш вазифаси қўйилди.

Сув хўжалиги соҳасидаги муаммоларни ҳам илмий ечимлар орқали ҳал қилиш мумкин. Хусусан, суғоришда сув тежовчи технологияларни қўллаш кенгайиб бормоқда. Лекин бунда ўғитларни тўғри эритиш, суғориш вақтини аниқлаш, муддатида техник хизмат кўрсатиш бўйича тизим ташкил этилмаган. Ёмғирлатиб суғориш бўйича илмий тадқиқотларни амалиётга жорий этиш ҳам оқсамоқда. Бу борада Наманган, Самарқанд, Қашқадарё ва Тошкент вилоятларида сув тежовчи технологияларга хизмат кўрсатадиган қўшма корхоналар ташкил этиш бўйича топшириқлар берилди.

Ҳаммамиз яхши биламиз, қишлоқ хўжалиги тармоғини ривожлантиришда илм-фаннинг ўрни ва аҳамиятини кучайтириш, қишлоқ хўжалиги илм-фанининг барча жабҳаларида ёш олимларнинг фаол иштирокини таъминлаш ҳамда улар ўртасида ўзаро илмий-ижодий ҳамкорликни кучайтириш жуда муҳим масала ҳисобланади.

Бинобарин, қишлоқ хўжалигини фақат интенсив йўллар билан, илм-фан ютуқларини кенг жорий этиш орқали ривожлантириш мумкинлигига шубҳа йўқ. Бу борада олимлар, тажрибали мутахассислар билан ҳамкорлик қилиш яхши самара беради. Айниқса, ҳозирги мураккаб шароитда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда бу масала катта аҳамиятга эгадир.

Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ўз сайловолди платформасида қишлоқ хўжалигини илм-фан ютуқлари асосида инновацион ривожлантиришни муҳим вазифалардан бири сифатида белгилаб олган. Бу йўлда олимлар, тадбиркорлар, фермерлар, кластерларни қўллаб қувватлаймиз.

Умуман олганда, йиғилишда белгилаб берилган вазифалар жуда муҳим ва долзарб. Мазкур масалаларни амалга оширишда парламент ва маҳаллий кенгаш депутатларидан янада фаолик ва ташаббускорлик талаб этилади. Демак, қўйилган вазифаларнинг ўз вақтида ижро этилиши ҳамда юқори қийматли маҳсулотларни кўпайтиришда бор куч ва ғайратимизни сафарбар этишимиз керак.

Актам ҲАИТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Спикери ўринбосари,

O'zLiDeP фракцияси раҳбари  

  • Кўрилди
    616
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

Дилшод2020-12-08 17:56:50

Мавжуд 10 мингдан зиёд чорвачилик фермерлик хўжаликларининг 40 % гина рахбарлари зарур зооветеринария илмга эга бўлсада чорвачилик илмини фермерларга қандай ўргатасиз???Аммо 60 % чорвачилик хўжалиги раҳбарлари мутахассис бўлмаса соҳа илмий асосда ривожланадими?


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+