Конституция – фаровон ҳаётимиз ва тараққиётнинг асосий пойдевори

09.12.2020, 10:21

Конституция – фаровон ҳаётимиз ва тараққиётнинг асосий пойдевори

Конституция — давлатни давлат, миллатни миллат қиладиган муҳим сиёсий ҳужжат ҳисобланади. Бошқача айтганда, жамият таянчи ва юртимиз тараққиётининг ҳуқуқий кафолати, давлатимиз мустақиллигининг ёрқин рамзи, кўп миллатли халқимиз хоҳиш-иродасининг қонуний ифодасидир.

Асосий қонунимиз яратилишининг мураккаб ва айни чоғда шарафли солномасига назар солар эканмиз, ҳеч шубҳасиз, Ўзбекистон Конституцияси халқимизнинг мустақиллик сари узоқ йўлдаги изланишлари натижаси эканига ишонч ҳосил қиламиз. Шу боисдан, ўтган давр ичида мамлакатимиздаги туб ислоҳот ва ўзгаришларнинг барчаси Бош қомусимиз асосида амалга оширилмоқда.

“Халқ давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаидир” деган конституциявий норма асосида мамлакатимизда халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халққа хизмат қиладиган, Конституция ва қонун устун бўлган самарали ва барқарор тизим шаклланмоқда. Асосий қонунимизда ҳам буюк неъматлар орасида энг улуғи — “инсон учун” деган ғоя илгари сурилиб, уни улуғлаш, унинг эркин камол топиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш ўз аксини топган.

Бинобарин, инсон манфаатлари устувор бўлган юртдагина юксалиш бўлади, бундай давлат фуқароси ҳар томонлама баркамол бўлиб, ватан учун, халқ учун жонини фидо қилишга тайёр бўлади. Энг муҳими, инсон ҳуқуқлари таъминланган жамиятда рақобат муҳити пайдо бўлади, ижобий ўзгаришлар ва янгиланишлар суръатлари жаддалашади.

Бош қомусимизнинг 13 моддасида Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланиши, уларга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланиши, демократик ҳуқуқ ва эркинликлар Конституция ва қонунлар билан ҳимоя қилиниши белгилаб қўйилган.

Шу жиҳатдан, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш бўйича барча соҳаларда, айниқса, суд-ҳуқуқ тизимида чуқур ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Сўнгги тўрт йилда 2 минг 600 нафар фуқарога нисбатан оқлов ҳукми чиқарилиб, 2 минг 400 нафар шахс суд залидан озод қилингани, 7 та суд босқичи 3 босқичга келтирилиб, суд тизими “бир суд – бир инстанция” тамойили асосида қайта ташкил этилаётгани фикримизни исботлайди.

Яна бир қувонарли жиҳати шуки, узоқ вақт фуқароликка эга бўлмай келган инсонлар бугунги кунда ўзларини тўлақонли Ўзбекистон фуқаролари деб ҳис этмоқда. Ўтган йигирма беш йилда 482 нафар шахсга фуқаролик берилган бўлса, бугунги кунда 50 мингдан зиёд киши шу ҳуқуққа эга бўлмоқда.

Бугун Ўзбекистонда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, халқ фаровонлигини оширишга қаратилган амалий ишлар жаҳон ҳамжамияти томонидан кенг эътироф этиляпти. Масалан, 2020 йил сентябрь ойида БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида Ўзбекистон томонидан илгари сурилган бир қатор ташаббуслар, аниқ амалий таклифлар халқаро миқёсда кенг қўллаб-қувватланди.

Октябрь ойида эса мамлакатимиз миллий давлатчилигимиз тарихида илк бор Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг асосий органларидан бири бўлган Инсон ҳуқуқлари кенгашига аъзо этиб сайланди. Бу Ўзбекистонда давлатимиз раҳбари томонидан олиб борилаётган очиқ ва фаол ташқи сиёсатнинг амалдаги ёрқин ифодасидир.

Президентимиз Конституция қабул қилинганининг 28 йиллиги муносабати билан халқимизга йўллаган байрам табригида халқимиз манфаатларига, ҳаётимизнинг барча соҳаларини эркинлаштиришга хизмат қиладиган қонунларни қабул қилиш зарурлигини таъкидлади. Негаки, бугун ҳаётнинг ўзи давр талабларига жавоб бермайдиган қонун ҳужжатларини бекор қилиб, қонунчилик базасини ихчамлаштириш, Конституция ва қонунларимизни янада такомиллаштиришни талаб этмоқда. Бу вазифаларни бажаришда албатта, сиёсий партиялар ва унинг парламентдаги фракциялари янада фаол, ташаббускор бўлиши лозим. Зеро, ҳуқуқий демократик давлат, очиқ фуқаролик жамиятининг “ўзи ҳам, сўзи ҳам, кўзи ҳам қонун бўлиши керак”.

Президентимиз байрам табригида тараққиёт кушандаси бўлган коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашишнинг таъсирчан механизмларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш лозимлигини ҳам билдирди. 2021-2025 йилларга мўлжалланган Коррупцияга қарши курашиш миллий стратегияси устида иш олиб борилаётганини таъкидлади. Шу нуқтаи назардан, коррупцияга қарши курашишда ҳуқуқни муҳофаза этувчи органлар томонидан олиб бориладиган муайян ишлар билан бир қаторда, фуқароларда унга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш ҳаётий заруратдир. Сабаби, давлат ва жамият ривожини издан чиқарувчи иллатга қарши қатъий ва изчил курашиш орқали тараққиёт пойдевори мустаҳкамланади, барча соҳада очиқлик, қонунийлик мустаҳкамланади.

Мамлакатимизда тинчлик-осойишталик, миллатлараро тотувлик ва динлараро бағрикенгликни мустаҳкамлаш энг асосий масала ҳисобланади. Давлатимиз раҳбари бу масалаларга янада кучли эътибор қаратиш зарурлигини қайд этар экан, “Қонун – устувор, жиноятга – жазо муқаррар” деган конституциявий тамойилни амалда таъминлаш учун ҳуқуқ-тартибот идораларининг бор куч ва имкониятлари сафарбар этилишини қайд этди. Чунки қонун устуворлиги бўлмаган жойда адолат ҳам бўлмаслиги ҳаммага яхши аён. Адолат устувор бўлган жойда эса фаровонлик ҳукм суради, халқнинг орзу-истаклари рўёбга чиқади.

Бош қомусимиз қабул қилинганлигининг 28 йиллиги муносабати билан давлатимиз томонидан олиб борилаётган гуманистик сиёсатнинг амалий тасдиғи сифатида Президентимиз томонидан “Озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги фармоннинг имзоланиши муҳим тарихий воқелик бўлди.

Унга биноан, Конституциямизнинг 93-моддаси 23-бандига асосан содир этган жинояти учун жазони ижро этиш муассасаларида жазо ўтаётган ҳамда қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган 104 нафар фуқаро афв этилди. Бу билан кўплаб оилаларга шодлик қайди, бахт қайтди, болалар учун ота қайтди, она қайтди. Ўйлайманки, Президентимиз томонидан кечирилган ҳар бир шахс ўзига билдирилган ишончни оқлаб, юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга муносиб ҳисса қўшади, жамиятда ўз ўрнини топади. Бунга ҳеч қандай шубҳа йўқ.

Хулоса шуки, ҳар бир мамлакат эркин ва фаровон жамият қуришга интилар экан, бу йўлдаги улуғвор мақсад ва вазифаларини, аввало, ўз Конституциясида мустаҳкамлайди. Зотан, унда мамлакатимизнинг ўз олдига қўйган улкан мақсад ва вазифалари, халқаро миқёсда қабул қилинган инсон ҳуқуқлари ва ҳуқуқ устуворлиги ҳамда демократия тамойиллари ўз ифодасини топган.

Актам ҲАИТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатаси Спикери ўринбосари,

O'zLiDeP фракцияси раҳбари

  • Кўрилди
    1395
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+