Мадҳия - ватанга муҳаббат, садоқат, миллий ғурур ва фахр рамзи

11.12.2020, 17:47

Мадҳия - ватанга муҳаббат, садоқат, миллий ғурур ва фахр рамзи

Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси қабул қилинганлигининг 28 йиллиги муносабати билан O‘zLiDeP Гулистон шаҳар Кенгаши, Гулистон давлат университети ҳамда Миллий гвардия Сирдарё вилояти қўриқлаш бошқармаси билан биргаликда “Мадҳия - ватанга муҳаббат, садоқат, миллий ғурур ва фахр рамзи” мавзусида талаба ёшлар иштирокида бошланган байрам тадбири давлатимиз мадҳияси садолари билан бошланди.

Тадбирни Гулистон давлат университети ректори Муксин Ходжиев кириш сўзи билан очиб берди. У ўз сўзида давлатимиз мадҳияси мамлакат мустақиллиги, халқимизнинг юксак орзу-умидлари, келажакка бўлган мустаҳкам ишончи, халқ озодлиги, давлатнинг буюк келажаги ҳақида куйлайдиган, озод ва обод фаровон жамият қуришга хизмат қиладиган истиқлол рамзи эканлигини таъкидлади.

Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Абдулла Орипов шеъри, Ўзбекистон халқ артисти, атоқли бастакор Мутал Бурҳонов мусиқаси асосида яратилган мадҳиямизда мусаффо осмонимиз, бахтли ва фаровон ҳаётимиз, халқимизнинг асрий орзулари, келажакка бўлган ёруғ умиди ва мустаҳкам ишончи теран ифодаланган.

Мадҳиямизда юртимиз таровати, буюк келажак барпо этиш йўлида фидокорона меҳнат қилаётган халқимизнинг орзу-интилишлари, Ўзбекистонимизнинг жаҳон ҳамжамиятида тобора юксалиб бораётган обрў-эътибори, келажакка қатъий ишонч билан дадил интилаётган ёшларимизнинг азму шижоати акс этган.

Тадбирда сўзга чиққанлар томонидан юртимиз мадҳиясида Ватанга бўлган муҳаббат ва садоқат, миллий ғурур, ўзига хос фахр, халқнинг ўтмиши, бугуни ва келажаги, шунингдек, буюк орзуларимиз тўла мужассам этилганлиги ҳақида тушунчалар бериб ўтилди.

Давлат рамзларига ҳурмат ватанпарварлик тарбиясининг муҳим пойдевори ҳисобланади. Давлатимиз мадҳиясини севиш, қадрлаш ва улуғлаш ҳар бир ватандошимиз қалбининг гўзаллигини намоён этади. Ватаннинг ёрқин тимсоли сифатида мадҳиямиз жасорат, ор-номус, шон-шараф белгиси сифатида ҳамиша қадрланган. Юртдошларимизга эрк, фахр, ғурур туйғуларини бағишловчи, жамиятнинг барча аъзоларини улуғликка сафарбар қилувчи Ўзбекистон мадҳияси, яъни миллий қўшиғимиз доимо мусаффо осмонимиз узра баралла янграб, биз учун том маънода ғуруримиз тимсоли бўлиб қолаверади.

Тадбир куй-қўшиқлар ва турли хил сахна чиқишлари билан иштирокчи ёшларга манзур бўлди.  

Лола КЕНЖАЕВА,

O`zLiDeP Гулистон шаҳар Кенгаши

Аппарат раҳбари

  • Кўрилди
    635
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+