Бош мақсад – миллий манфаатлар, тенг ҳуқуқлилик, ўзаро фойда ва манфаатларни ҳисобга олиш принципларига асосланган ҳамкорлик

15.12.2020, 17:06

Бош мақсад – миллий манфаатлар, тенг ҳуқуқлилик, ўзаро фойда ва манфаатларни ҳисобга олиш принципларига асосланган ҳамкорлик

“Янги Ўзбекистон – янгича дунёқараш”. Ушбу сўзлар мамлакатимизда ҳар бир йўналишда олиб борилаётган амалиётда ўз аксини топмоқда. Жумладан, тинчлик ва ўзаро манфаатли ҳамкорликка асосланган халқаро алоқаларда ҳам давлатимиз раҳбари авваламбор мамлакатимизда халқ манфаатлари йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар ривожини устивор мақсад сифатида кўрмоқда.

Жорий йилнинг 11 декабрь куни Ўзбекистон расман Евроосиё иқтисодий иттифоқида кузатувчи мақомини олди. Мазкур қарор Евроосиё иқтисодий иттифоқининг Олий кенгашида барча иштирокчи давлатлар томонидан тасдиқланди. Шу ўринда мамлакатимиз тараққиёти, бугуни ва эртасига бевосита дахлдор бўлган ушбу воқеа барча юртдошларимизни бефарқ қолдирмаганлигини айтиб ўтиж жоиз. Айни пайтда нафақат, депутатларимиз,сиёсатчилар, матбуот ходимлари, мутахассислар, балки кенг жамоатчилик вакиллари ҳам бу борада ўз фикр-мулоҳазаларини айтиб, мунозараларда иштирок этаётгани, дарҳақиқат сўнгги йилларда халқимизнинг сиёсий онги, дунёқараши ошганидан далолатдир.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йил январ ойида парламентга йўллаган мурожаатномасида ушбу масала ҳукумат томонидан парламент муҳокамасига киритилиши ва халқ вакиллари билан батафсил кўриб чиқилишини маълум қилган ва бунда энг аввало, халқ манфаатларидан келиб чиқиб, унинг хоҳиш-иродасига таяниш лозимлигини таъкидлаган эди. Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар самараси жаҳон иқтисодиёти тизимига интеграциялашиш, айниқса, ҳудудий жиҳатдан яқин мамлакатлар билан савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантиришга боғлиқ эканлиги сир эмас. Қолаверса, ЕОИИ билан ҳамкорлик алоқаларини атрофлича ўрганиш ва чуқур таҳлил қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, тегишли вазирлик ва идоралар вакилларидан иборат ишчи гуруҳ томонидан иқтисодий интеграция масаласида мамлакат иқтисодиётининг йирик 16 тармоғида ўрганиш ишлари олиб борилганини ҳам таъкидлаб ўтиш жоиз. Давлатимиз раҳбари саммитда сўзлаган нутқида мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг миқёсли ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бугунги муҳим босқичида Ўзбекистон барча халқаро шериклар билан савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни изчил кенгайтириб бориш, шу жумладан Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан мулоқотни ривожлантириш тарафдори экани қайд этиб ўтди.

Бу бежиз эмас. Чунки, сўнгги йилларда мамлакатимизнинг ташкилот давлатлари билан товар айирбошлаш ҳажми икки баробар ошган. Турли тармоқларда самарали кооперация ва мингдан ортиқ қўшма корхоналар фаолияти йўлга қўйилган. Ўзбекистон ва ЕОИИга аъзо давлатларнинг транспорт коммуникациялари ва инфратузилмаси чуқур интеграциялашган ва ўзаро яқиндан боғланган. Бундан ташқари, кенг Евроосиё минтақаси доирасидаги ўзаро манфаатли муносабатларга меҳнат ресурсларининг юқори даражадаги мобиллиги хосдир.

Меҳнат миграцияси соҳасида яқиндан ҳамкорлик қилиш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Бу аҳоли бандлиги билан боғлиқ кўплаб долзарб масалаларни ҳал қилиш ҳамда иштирокчи давлатлар иқтисодиётларининг малакали мутахассисларга тобора ортиб бораётган эҳтиёжини таъминлашга хизмат қилади.

Юқорида қайд этилган барча омиллар мамлакатимизнинг Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан кузатувчи давлат мақомида ҳамкорлик қилиши тўғрисидаги таклиф Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан маъқулланиши учун асос бўлди.

Юртимизда кечаётган кенг кўламли, сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарилган ислоҳотлар жараёнини кузатар эканмиз, ҳар бир соҳада амалга оширилаётган ишлар узоқни кўзлаб,пухта ўйланган, моддий ва ҳуқуқий асосланган ва энг муҳими халқ манфаатларини кўзлаган ҳолда амалга оширилаётганига гувоҳ бўлишимиз мумкин. ЕОИИ  билан шерикликни ривожлантириш борасидаги амалий саъй-ҳаракатлар ҳам мамлакатларимизнинг миллий манфаатларига жавоб бериши, тенг ҳуқуқлилик, ўзаро фойда ва манфаатларни ҳисобга олиш принципларига асосланишига шубҳа йўқ.

Шерзод МАМАТҚУЛОВ,

O'zLiDeP Жиззах вилоят Кенгаши раисининг

биринчи ўринбосари-аппарат раҳбари

Теглар
Муносабат
  • Кўрилди
    661
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+