Улуғ Йўлбошчимиздан бизга озод ва обод ватан мерос қолди (ВИДЕО)

24.01.2018, 19:44

Улуғ Йўлбошчимиздан бизга озод ва обод ватан мерос қолди (ВИДЕО)

Мустақил Ўзбекистон давлатининг асосчиси, буюк давлат ва сиёсат арбоби, ўзбек халқининг ардоқли фарзанди, мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримов таваллудининг 80 йиллигини кенг нишонлаш, ёрқин хотирасини абадийлаштириш, унинг буюк жасоратини ўсиб келаётган навқирон авлод вакилларига етказиш мақсадида O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси, Тошкент шаҳар Кенгаши ва партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси ҳамда Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети билан ҳамкорликда “Мустақил Ўзбекистон давлатининг асосчиси, буюк давлат ва сиёсат арбоби” мавзусида маънавий-маърифий учрашув ташкил этди.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг “Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти, буюк давлат ва сиёсат арбоби Ислом Абдуғаниевич Каримов таваллудининг 80 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ташкил этилган тадбирда депутатлар, университетнинг профессор-ўқитувчилари, талаба ёшлар, илм-фан арбоблари, давлат муокофоти совриндорлари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

Эътироф этилганидек, Ислом Каримовнинг қатъияти ва жасорати билан мамлакатимиз мустақилликка эришди ва ўз тараққиёт йўлида улкан мувафаққиятларни қўлга киритди. Биринчи Президентимиз ёш давлатимиз учун ғоят мураккаб ва масъулиятли даврда вазият беқарорлашувини олдини олибгина қолмай, халқимизнинг уруш даҳшатларини кўрмасдан, тинч-тотувликда мустақилликка етаклади. Тинчлик ва осойишталикни таъминлаш улуғ Йўлбошчимизнинг кейинги фаолиятида ҳам бош мезонга айланди. Биринчи Президентимиз ички ва ташқи сиёсатда ҳам ана шу тамойилга амал қилди. Ўзбекистон Ислом Каримов раҳнамолигида Марказий Осиёнинг энг қудратли давлатларидан бирига айланди, дунё ҳамжамияти Ўзбекистон билан ҳисоблашишга ўрганди.

– Ўтган 25 йил ичида иқтисодий йўналишда ҳам улкан марраларга эришдик, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, O‘zLiDeP фракцияси аъзоси Дилором Файзиева. – Зотан, Ислом Каримов раҳбарлигида ишлаб чиқариш соҳаси ривожланди, миллий маҳсулотларимизни жаҳон бозорига олиб чиқишни ўргандик. Бугун кўчаларимизни тўлдириб юрган миллий автомобилларимиз ва автомобил заводларимизга Биринчи йўлбошчимиз таъмал тошини қўйганини барчамиз яхши англаймиз. Бугун ушбу автомобилларимиз нафақат ички, балки ташқи бозорда ҳам харидоргир.

Дарҳақиқат мустақиллигимизнинг дастлабки чорак асри мобайнида мамлакатимизда нафақат автомобилсозлик, балки енгил ва оғир саноат, кимё-технологиялар, нефт ва нефт маҳсулотларини қайта ишлаш йўналишларида гигант корхоналар ташкил этилди. Бу эса мамлакатимиз саноати салоҳиятини юксалтирди. Бир сўз билан айтганда, улуғ Йўлбошчимиз раҳнамолигида “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” ёрлиғи дунё юзини кўрди ва жаҳон бозорида ҳам рақобат индексига айланди. Бу эса бир вақтлар фақат пахта хомашёсини тайёрлаб беришдан нарига ўтмаган мамлакат учун ҳақиқий саноат инқилоби эди. Ислом Каримов Ўзбекистонни “хомашё етказиб берувчи мамлакат”, деган таҳқирлардан олиб чиққан одил Йўлбошчимиз эди.

– Биринчи Президентимиз раҳбарлигида бунёдкорлик ишларига алоҳида эътибор қаратилди, – дейди O‘zLiDeP Тошкент шаҳар Кенгаши раиси Тўрабек Назаров. – Кенг ва равон кўчалар, кўприклар, маҳобатли санъат саройлари, концерт заллари, кутубхона ва меҳмонхоналар улуғ Йўлбошчимиздан Ўзбекистонга мерос қолди. Хорижлик меҳмонларнинг “Тошкентни танимай қолдим”, “Юртингиз ўзгариб кетибди” каби иқрорлари мустақил Ўзбекистон учун Ислом Каримовнинг хизмати нақадар буюк эканини яна бир карра исботлайди. Ўтган чорак аср давомида ана шу бунёдкорлик руҳи бутун мамлакатимизни қамраб олди. Чекка-чекка қишлоқларимизда қурилган наъмунавий уйлар, мактаблар ва боғчалар, спорт иншоотларида Ислом Каримовнинг номи абадий яшайди. Инчунун улуғ Йўлбошчимиз мамлакатимиздаги барча бунёдкорлик ишларининг Бош меъмори эди.

Биринчи Президентимиз раҳбарлигида миллий қадриятларимиз, анъаналаримиз эъзоз топди. Буюк алломаларимиз, қомусий олимларимизнинг номи абадийлаштирилди, муқаддас қадамжоларимиз обод бўлди. Имом ал-Бухорий, Баҳоуддин Нақшбанд, Абдулхолиқ Ғиждувоний, сингари ислом оламининг буюк алломалари мангу қўним топган жойлар зиёратгоҳга айлантирилди. Мусо ал-Хоразмий, Ибн Сино, Абу райҳон Беруний, Аҳмад ал-Фарғоний, Мирзо Улуғбек сингари дунё илм-фани асосчиларининг номлари абадийлаштирилди. Тадбир иштирокчилари таъкидлаганидек, Ислом Каримов ана шундай буюк аждодларимизнинг руҳларини шод қилган улуғ Йўлбошчимиз эди.

Тадбирда сўз олган илм-фан арбоблари Биринчи Президентимиз ташаббуси билан мустақиллик йилларида мамлакатимиз тараққиётнинг “ўзбек модели” асосида ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашнинг ташкилий асослари яратилгани, уларнинг салоҳияти, истеъдодини рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлашнинг мустаҳкам механизми шакллантирилганини алоҳида эътироф этдилар. Хусусан, ёшларнинг ижтимоий ҳамда маънавий камол топиши учун шарт-шароитлар яратиб бериш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида 1991 йилда “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида”ги Қонуннинг қабул қилингани Биринчи Президентимизнинг ёшларимизга оталарча иссиқ меҳрининг яққол исботидир.

Тадбирда иштирокчилари халқимизнинг чексиз муҳаббатини қозонган, мустақил мамлакатимизнинг Биринчи Йўлбошчиси Ислом Абдуғаниевич Каримов қалбларимизда абадий қолишини ва келажак авлодлар хотирасида тинчлик, барқарорлик, фаровонлик ва тараққиёт раҳнамоси, буюк давлат арбоби сифатида мангу яшашини таъкидлаб ўтишди.

Улуғ Йўлбошчимиз таваллудининг 80 йиллигига бағишланган тадбирлар O‘zLiDeP ҳудудий Кенгашларида кенг нишонланмоқда.

Ҳасан САЛОМОВ,

O‘zLiDeP матбуот хизмати ходими

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!

  • Кўрилди
    1951
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+