Пискентда томорқа ер майдонларидан самарали фойдаланиш бўйича амалий семинар ўтказилди

24.12.2020, 17:57

Пискентда томорқа ер майдонларидан самарали фойдаланиш бўйича амалий семинар ўтказилди

Халқимизда “Яхшидан боғ қолади”, деган пурҳикмат нақл бор. Замирида катта маъно мужассам. Зеро, ҳаёт инсонга берилган азиз неъмат экан, унинг қадрига етган киши ҳалол меҳнат қилиб, ўзи ва элининг дастурхонини тўкин этадиган боғ-роғлар яратиш билан шуғулланади.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, O'zLiDeP фракцияси раҳбари, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжалиги ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси Актам Ҳаитовнинг халқ билан навбатдаги мулоқоти ана шундай инсонларнинг меҳнатини қадрлаш, тажрибаларини оммалаштириш, ҳолидан хабар олишга қаратилди.

Пискент туманида аҳоли хонадонларидаги томорқа ер майдонларидан самарали фойдаланиш бўйича амалий семинарда ҳам юқоридаги ҳикмат бот-бот тилга олингани бежиз эмас.

Тадбирда Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг вилоятдаги вакиллари, партия ҳудудий кенгаши, тумандаги 27 та маҳалла раислари ва уларнинг томорқа бўйича ўринбосарлари иштирок этди.

Айниқса, тумандаги Бекобод маҳалалси Абдулла Авлоний кўчаси 79-уйда умргузаронлик қилувчи Ҳусниддин Олимжонов хонадонида кечган самимий суҳбат кўпчиликда катта тассурот қолдирди. Бу оила ўзларига қарашли 6 сотих ҳовлида қурилган 4 сотих иссиқхонадан йилига 3 марта ҳосил олаётган тадбир қатнашчиларини ҳайратга солди. Бу йил ҳам кўкат ва булғори қалампири етиштирилиб, 700 минг тупгача гул ўстирилибди. Ҳар туп гул кўчати 500 сўмдан 30 000 минг сўмгача сотилади. Эътиборлиси, битта оила “Олмалиқ Аммофос - Макса” заводи ва Олмалиқ кон металлургия комбинати билан шартнома тузиб, гул кўчати билан таъминланаётгани барчамиз учун ибратли тажриба эмасми? Ҳовлида бир қарич ҳам бўш жой йўқ десак ишонмайсиз. Ҳатто ток баргидан ҳам фойда кўрилаётгани-чи?  Фойда, даромад ҳақида сўрасангиз, оила устуни Ҳусниддин Олимжонов мийиғида кулимсираб, камтарингина меҳнатимиз ортидан машина миняпмиз, тўй-томоша бериш ниятидамиз, қолаверса, ўқиётган ўғил-қизларининг шартнома пулини  тўлаб қўйдик. Худога шукр, кам бўлмаяпмиз, деб қўйди...

Маълумот учун, туманда деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари ихтиёрида 1 134 гектар ер майдони бўлиб, уларда асосан сабзавот экинлари экилади. Айни вақтда иссиқхоналарда лимон, помидор, бодринг, кўкатлар ва тўқсонбости экинлари етиштириляпти. 80 фоиздан ортиқ хонадонлар йилда икки-уч мартадан ҳосил олаётгани ҳам бор гап.

Семинар иштирокчиларига “Аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланиш, ёпиқ ва очиқ майдонларда маҳсулот етиштириш” номли услубий қўлланмалар тарқатилди. Бухоро ва Янгийўл томорқалари тажрибасини оммалаштириш ҳақида ҳам атрофлича маълумот берилди, намунали оилаларга совғалар улашилди.

O'zLiDeP Тошкент вилоят кенгаши

Матбуот хизмати

  • Кўрилди
    963
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+